Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / ИНСОН – БИЛМАГАН НАРСАСИГА ДУШМАН

ИНСОН – БИЛМАГАН НАРСАСИГА ДУШМАН

Ақиқада адашманг!

Арабларда сарлавҳада келтирилган машҳур гап бор: “Инсон – билмаган нарсасига душман”. Дарҳақиқат, инсон билмаган нарсасини ҳеч қачон эътироф этмайди. Фақат илм, маърифат, ўқиш ва ўрганишгина кишига кимлигини эслатиб туради.

Бугун илмсизлик оқибатида бидъатлар шу қадар урчиб кетдики, ким хаёлига нима келса, шуни қилиб, “янгича урф-одатлар”ни шакллантирмоқда. Яқинда бир дўстимизнинг отаси қазо қилди. Марҳумнинг яқинлари азага келган одамларга дастрўмолга пул солиб тарқатишни талаб қилибди. Шунда дўстимиз бизга дастрўмолча топиб келишимизни айтди. Бироқ биз бу одат нотўғри эканлигини билдирдик. Масалага имом-хатиб ойдинлик киритиб, динимизда йўқ нарсаларни қилавериб, одамлар ўзларига-ўзлари жабр қилмаслигини далиллар билан тушунтирди.

Бундай ортиқча харажатлар ўрнига ҳамма фойдаланадиган кўчаларни текислаб қўйишнинг савоби улуғ эканини “Ким кўчадан одамларга азияят берувчи нарсаларнии олииб ташласа, унинг учун садақадир” (Имом Байҳақий ривояти), ҳадиси билан тунуштирди.

Дарҳақиқат, динимиз жуда енгил. Инсонни тоқатидан ортиқ нарсага буюрмайди. Аллоҳ тааоло Қуръони каримда: «Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди» (Бақара сураси, 286-оят), деб марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда: “Енгиллаштиринг, қийинлаштирманг. Башорат беринг, нафратлантирманг” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.

Хўш, шундай экан, биз нима учун динимиз аҳкомлари қолиб, ўзимизча янги нарсаларни ўйлаб топамиз?! Яна айрим бидъатлар ҳам борки, афсуски, кўпчилик буларга ишониб қоляпти.

Мисол учун, марҳумнинг қирқи чиққунча таъзия бўлган хонадон эгалари тухум емайди; таъзия бўлган хонадонга лағмон ёки угра қилиб чиқилмайди, мусибат чўзилиб кетади; дастурхонга тоқ нон қўйилмайди, тоқ нарсалар аза бўлган хонадонда қўйилади; пиёладаги чой устига чой қуйилса, эри ёки хотини ташлаб кетади; қалампирни қўлга берса, уруш бўлади ва ҳоказо.

Хўш, бу бидъату хурофотлар қаердан келиб чиқяпти? Нега бидъатларга шунчалик ўч бўлиб қолдик?

Аслида, ҳақиқий мўмин киши ким нима деса, унга ишониб кетавермасдан, балки Қуръони каримда нима дейилган, ҳадиси шарифларда-чи, улуғларимиз, азизларимиз қандай ҳукм қилишгани билан қизиқиш зарур. Бидъат ва хурофотлар арзимас саналса-да, аслида катта-катта хатарларни келтириб чиқаради, улкан балоларга сабаб бўлади.

Султон Мағриб ҳазратлари: “Агар мункар ва бидъат амаллар одамлар орасида ёйилса, ёмон амаллари уларнинг атрофини ўраб олади ва улар билан Рабби орасини тўсиб, зулматга айлантириб қўяди. Бунинг оқибатида инсонлардан раҳмат кесилади. Уларга қаҳатчлик етади. Касалликлар тарқалади. Барака кўтарилади. Чунки одобсизлик боис азоб эшиклари очилади ва фойда йўллари тўсилади”, деган.

Азизлар, ақидада адашмайлик. Биров бир иш қилса, кўр-кўрона унга эргашиб кетавермайлик. Бежиз Сўфи Оллоёр ҳазратлари:

Дема, тутдум фалон бузрук ишини,

Қўя кўрма Набини қилмишини, демаганлар.

Шуни унутмайлик!

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]