Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Хушхабар: Зангиота туманидаги «Имоми Аъзам» жоме масжиди муборак бўлсин!

Хушхабар: Зангиота туманидаги «Имоми Аъзам» жоме масжиди муборак бўлсин!

Бугун 4 декабрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида «Имоми Аъзам» жоме масжидининг янги биносида биринчи жума намози адо этилди. Янги масжиднинг очилиш маросимига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов ва бир қатор устозлар ҳамда мўмин мусулмон халқимиз иштирок этишди.

Ушбу маросимда муфтий Усмонхон Алимов янги масжидда йиғилган жамоа аҳлига ибратли намуналар, хусусан сиҳат-саломатлик, тинчлик-ҳотиржамлик ҳақида мавъизалар қилиб бердилар. Айниқса, Тошкент вилоятининг бош имом-хатиби марҳум Хайрулла домла Турматовнинг бошлаган хайрли ишларининг оқибати бугунги ҳолатда янги масжидда йиғилишимизга сабаб бўлди дея таъкидлади муфтий Усмонхон Алимов. Жумладан, у кишининг ҳаётлик чоғларида қилган яхши амаллари ёдга олиниб, ҳақларига жамоат ила дуолар қилинди.

Шунингдек, катта жамоат йиғилган янги масжидда яқинда Тошкент вилояти бош имом-хатиби этиб тайинланган Жасур домла Рауповнинг диний соҳада бугунги кунгача қилиб ўтган фаолиятлари ҳақида айтиб ўтилди.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида бўлаётган ўзгаришлар, янги кўркам ва муҳташам масжидларнинг қурилиши республикамизда намуна ўлароқ муборак жума кунида яна бир янги масжиднинг очилиши Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидир. Жамоатга йиғилган халқимизнинг кўнгиллари шод ва хурсанд ҳолда жума намозини адо қилиб, хайрли дуолар қилдилар.

Ушбу «Имоми Аъзам» жоме масжидининг қурилиш ишлари бундан қарийб икки йил аввал ёз фаслида бошланиб, 2020 йил 4 декабрь куни фойдаланишга топширилди. Янги қурилган масжидда замонавий ҳолатдаги кенг хонақо бунёд этилиб, 2000 намозхонни ўз бағрига сиғдира олади ҳамда 45 метр атрофида иккита баланд минора ва ертўла мавжуд. Бундан ташқари, барча қулайликларга эга бўлган таҳоратхона, хизмат хоналари қуриб битказилган. Масжид асосан ҳашар йўли билан, саховатпеша инсонлар ва ҳомийлар кўмагида бунёд этилган.

Янги қурилган «Имоми Аъзам» жоме масжиди юртдошларимизга муборак бўлсин!

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

[carousel-horizontal-posts-content-slider]