Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Имом Раббоний мактуботлари–4

Имом Раббоний мактуботлари–4

303-мактуб

Муаззин Ҳожи Юсуфга “Азон калималарининг маънолари баёни” ҳақида юборилди.
Аллоҳ таолога ҳамдлар ва У Зотнинг расулига саловатлар бўлсин.
Билмоқ лозимки, азон калималари еттитадир:

Биринчиси, “Аллоҳу акбар”. Маъноси, “Аллоҳ улуғдир” демакдир. Яъни, Аллоҳ таоло (бирон) обиднинг ибодатига ҳожати бўлмаган, улуғ ва беҳожат Зотдир. Бу калима ушбу мубҳам бўлган маънони таъкидлаш учун тўрт маротаба такрорланади.
Иккинчиси, “Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳ”. Маъноси, “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман” демакдир. Яъни, “Гувоҳлик бераманки, “Аллоҳ таоло Ўзининг кибриёлиги ва ибодатлардан беҳожатлиги ила, фақат унинг Ўзигина ибодат қилишга лойиқ бўлган Зотдир”.
Учинчиси, “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”. Маъноси, “Гувоҳлик бераманки, “Албатта Муҳаммад алайҳиссалом У Зотнинг расулидир”, демакдир. Яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг расули ва ибодат йўлларини етказувчисидирлар. Ибодатлар Аллоҳ таолога лойиқ ҳисобланиши учун, фақатгина, у зот алайҳиссалом етказган йўли ва рисолати орқали олинган бўлиши лозим. Суннатга номувофиқ ибодатлар ибодат ҳисобланмайди.
Тўртинчиси ва бешинчиси, “Ҳайя алас солааҳ” ва “Ҳайя алал фалааҳ”. Маъноси, “Намозга шошилинглар” ва “Нажотга шошилинглар”, деганидир. Бу икки калима намозхон бандаларни намозни адо қилишга ва шу сабабли нажот топишга бўлган чақириқдир.
Олтинчиси, “Аллоҳу акбар”. Маъноси, “Аллоҳ улуғдир”, дегани. Яъни, бирон кимсанинг ибодати ҳам У зотга лойиқ бўлишидан улуғ ва беҳожат бўлган Зотдир. Ҳеч ким У Зотга лойиқ бўлган ибодатни адо қила олмайди. Аммо, Аллоҳ таоло бандаларнинг ибодатларини Ўз фазли ва раҳмати ила қабул қилади.
Еттинчиси, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”. Маъноси, “Аллоҳдан бошқа биронта ҳам илоҳ йўқдир”. Яъни, шак-шубҳа йўқки, фақатгина ёлғиз Аллоҳгина ибодат қилиш учун лойиқ бўлган Зотдир. Лекин, бирон кимсадан У Зотга лойиқ ибодат қилиш содир бўлмайди.
Энг улуғ ибодат бўлмиш намозга, мана шундайин энг улуғ калималар ила азон чақириладики, буни тушуниш лозим.
Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг суюкли расули пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳурматларидан бизларни нажот топувчи намозхонлардан бўлишимизни насиб қилсин!

Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндийнинг “Мактубот” китобидан
Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]