Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳикмат ва чиройли насиҳат ила…

Ҳикмат ва чиройли насиҳат ила…

(Эй, Муҳаммад,) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва У ҳидоят топганларни ҳам билувчидир. (Эй, имон келтирганлар,) агар интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! Агар (интиқом олмай) сабр қилсангизлар, албатта, бу сабр қилувчи кишилар учун яхшироқдир (Наҳл сураси 125-126-оятлар).

Ушбу оятдан Аллоҳнинг йўлига чақиришда бир нечта шартлар борлиги ўрганилади:

  1. Ҳикмат;
  2. Чиройли насиҳат;
  3. Гўзал услубда мунозара.

Тафсирул муяссар китобида Арабий шундай ёзади: “Эй Пайғамбар сиз ва сизга эргашганлар, Аллоҳнинг динига ва Унинг мустақим бўлган йўлига, Қуръон ва Суннатда сизга ваҳий қилинган ҳикмат ила даъват этинг. Инсонларнинг ўзларига муносиб услуб ила мурожаат қилинг. Уларни яхшиликка чақирадиган ва ёмонликдан узоқлаштирадиган чиройли насиҳат қилинг. Мулойимлик ва юмшоқ муомала билан гўзал услубда мунозара қилинг. Сизнинг зиммангизда фақат етказишгина бор, холос, дарҳақиқат, сиз етказдингиз. Уларни ҳидоятга бошлаш эса ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир. У ўзининг йўлидан адашганларни ҳам, Ҳақ йўлда собитқадамларни ҳам билур”.

Қуръони Каримга тафсир ёзган муфассир уламолар ушбу икки оятнинг нозил бўлиши сабаби ҳақида  қуйидагиларни келтирадилар:

Ухуд  кунида мусулмонлар Макка мушрикларининг қилган қилмишларини кўриб, қаттиқ қайғуга ботдилар. Улар ўлдирилган мусулмон жангчиларининг қорниларини ёриб, қулоқ бурунларини кесиб, ваҳшийларча мусла (ўрнак учун жазолаш) қилган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни ҳам ўта аянчли ҳолда топдилар. У зотнинг ҳам бошқа шаҳидлар каби қулоқ бурунлари кесишган, қоринларини ёришган эди. Ҳинд бинти Утба у зотнинг жигарларини кесиб олиб чайнади, лекин юта олмай оғзидан чиқариб ташлади. Унинг бу қилмиши  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келганда, У зоти бобаракот: “Агар у жигарни еганида ҳеч қачон дўзахга кирмас эди, чунки Ҳамза, Аллоҳнинг наздида  унинг жасадидан бирор аъзосини дўзахга киритишдан азиз ва мукаррамдир”, – дедилар. Сўнг қонга беланиб ётган амакиларига қарадилар. Хеч кимга Ҳамзага карагандек меҳр ила боқмаган эдилар. Бу аҳволда кўриб қалблари пора-пора бўлди. “Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Сиз каби  қариндошчилик ришталарини боғловчи, ўта эзгулик қилувчи инсонни кўрмадим”, – дедилар. Яна бир ривоятда: “Агар Қурайш устидан ғалаба қозонсам, улардан етмиш кишини ўрнак учун жазолар эдим”, – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди:

(Эй, имон келтирганлар,) агар интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! Агар (интиқом олмай) сабр қилсангизлар, албатта, бу сабр қилувчи кишилар учун яхшироқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Парвардигорим, албатта, сабр қиламиз”, – дедилар.

“Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Бахромов Авазхўжа

[carousel-horizontal-posts-content-slider]