Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Хазилнинг ҳам меъёри бор!

Хазилнинг ҳам меъёри бор!

Динимизда ҳазиллашишнинг хам ўз одоби бор.

          Расулуллоҳ (с.а.в.) “Албатта мен ҳазил қиламан. Лекин фақат ҳақ сўзни гапираман” (Имом Табароний ривояти) деганлар. Демак киши ўзгалар билан қилаётган муомаласида ҳазиллашиши яхши хислат. Бироқ унинг гуноҳ ва маъсиятга айланмаслиги учун қуйидаги шартларга амал қилиш лозим.

Аввало хазилда меъёр бўлиши керак. Уламолар хазилни таомга солинадиган тўзга ўхшатишган. Меъёрида бўлган хазил таомга маза киритган туз каби суҳбатнинг самимий бўлишига хизмат қилади.

          Хазил-мутойиба ёлғондан холи бўлиши керак. Аллоҳ таоло айтади: “…ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!” (Ҳаж сураси, 30-оят)

          Ёлғон сўз инсонлар қалбига озор етишига, ишочсизлик каби иллатларга сабаб бўлади. Шунинг учун, гарчи хазилдан бўлса хам ёлғон гапириш харомдир.

          Хазил масхара ва камситишларсиз бўлиши керак. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг хузурларига бир аёл келди. Ўзига зарур маълумотларни олгандан кейин чиқиб кетди. Шунда Ойша (р.а.) онамиз: “Бўйи пакана эканми” дея кулимсирадилар. Шунда Расулуллоҳ(с.а.в.): “Эй Ойша! Сен хозир шундай ёмон сўз айтдинки, агар шу сўзинг денгизга тушса, унинг сувини айнитиб юборарди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

          Баъзи хазиллар кишиларнинг устидан кулиш, шаклу шамойили, ранги ёки бирор камчилигини масхара қилишдан иборат бўлади. Уламолар айтади: “Инсон Аллоҳ таоло қурган бинодир. Мана шу бинони вайрон қилган киши малъундир”.  Демак, бу ҳазил нафақат инсонни, балки унинг яратувчиси бўлган Аллоҳ таолони масхара қилиш ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин.

          Хазил-мутойиба шариат хукумларига тил теккизишдан йироқ бўлиши керак. “Шариат қилдан нозик, қиличдан ўткир” , деган гап бежиз айтилмаган. Динимизда хукмлар борки, уларни ҳазиллашиб айтиш ҳам чин хисобланади Ахли илмнинг устидан кулиш эса Аллоҳ таолининг илм  сифатини камситиш, масхара қилишдир.

          Бировнинг нарсанисини сўроқсиз олиб хазиллашиш  хам мумкин эмас. Абдуллоҳ ибн Соиб (р.а.)дан  ривоят қилинган хадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Сизлардан бирингиз ўз биродарининг матосини ҳазиллашиб ҳам, чиндан ҳам беркитмасин. Ким биродарининг хассасини олган бўлса хам қайтарсин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бировни қўрқитиш чўчитиш  – хазил эмас. Хазиллашиб бўлса хам мусулмон кишини чўчитиш ҳаром.  Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалар билан ўтирганларида улардан бири ухлаб қолди. Бир киши арқонни илонга ўхшатиб ухлаган хамрохига теккизди. Шунда у чўчиб уйғониб кетди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга қарата: “Мусулмон киши учун бошқа бир мусулмонни чўчитиши ҳалол эмас”  дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Хазил-мутойибада фахш ва уят сўзлар, бехаё қилиқлар ишлатилмаслиги керак. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта  имон келтирган кишилар ўртасида ёмон гаплар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда хам, охиратда хам  аламли азоб бордир. (Ҳамма нарсани) Аллоҳ билур, сизлар эса билмассиз” (Нур сураси, 19-оят).

Кишилар хаёлига уят ишларнинг келишига сабаб бўладиган хар қандай гап-сўз  ва харакатлар қилиш харомдир. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мўмин киши гап суқувчи ҳам, кўп ланатловчи хам, фахш сўзларни айтувчи хам, одобсиз хам бўлмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Инсон хар кимга хам хазил қилавермаслиги керак. Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) ўз ўғлига бундай деди: Обрўли, хурматли кишиларга хазил қилма, ўртада хасад ва адоват юзага келади. Разил пасткаш одамга хам  хазил қилма, сенга нисбатан  журъатли бўлиб қолади”.

Хулоса шуки, инсон гапираётган сўзи хоҳ чин, хоҳ хазил бўлишидан қатъи назар,  унинг сўзларини ёзиб турувчи фаришталар хозир турганини, яхши гапларига мукофот, бекорчи ва ёмон  гапларига  азоб берилишини ёддан чиқармаслиги зарур.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]