Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Гиёҳвандлик

Гиёҳвандлик

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Аллоҳ таолога У зотнинг Ўзига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Расули акрам Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Бугунги кунда ташвишга солиб турган муаммолардан бири-гиёҳвандлик балосидир. Бу дардга мубтало бўлган шахс нафақат ўзининг балки, бутун жамиятга  улкан зарарлар олиб келади. Сабаби, гиёҳвандликга берилган шахснинг фақатгина жисми эмас, руҳияти ҳам касалланади. Бундай одамда соғлом фикрлаш йўқолади, унинг фикру-ҳаёли ўша ҳаром моддани истеъмол қилиш бўлиб қолади. Табиийки, унга маблағ масаласи кўндаланг бўлади. Ундай шахс бу йўлда энди ҳеч кимга оиласига, маҳалласига, қолаверса жамиятга раҳм-шафқат қилмай қўяди. Чунки унга ҳеч нарсанинг фарқи қолмай қолади. Ўзининг умрига зомин бўлаётганини тушуниш у ёқда турсин, бошқалар умрига зомин бўлишдан ҳам тоймайди. Бундай инсонлар инсонийлик мақомидан тушиб кетади десак, хато бўлмаса керак. Сабаби, ер юзида инсонлардан ташқари  бошқа мавжудотлар ҳам яшайди. Инсонга берилган ақл уларга берилмаган бўлсада, улар Яратган эгасининг буйруқларига бўйин суниб тўғри яшаб ўтаяпти.

Лекин инсон ақл, фикр эгаси бўлиб туриб, ўзига буюрилган таълимотлар асосида яшашдан бош тортади. Виждонан ўйлаб кўрилса, Аллоҳ таоло бандаларининг ҳаётида ҳар томонлама қийналмасликлари учун Ўзи дастур тузиб берган. Ҳамма неъматларини инсонлар учун муҳайё қилиб берган. Шундай экан, нега инсон буюрилганига эмас, қайтарилганига қўл урганини қандай изоҳлаш мумкин?

Аллоҳ таоло бандаларига ҳеч қачон зулм қилмайди, бандалар ҳар қачон ўзларига ўзлари зулм қилишади. Бахтли, осуда ҳаёт кечиришни истаган инсоннинг  нафақат жисми, балки аввалам бор руҳи соғлом бўлишига интилиб, бу йўлда жидду жаҳд қилиши лозим ва лобуддир. Бунинг учун таълим-тарбиянинг илк ва муҳим маскани бўлган оилаларимизга катта аҳамият беришимиз керак. Фарзандларимизни ёшлигидан тўғри тарбия қила олишга эришсак, келажакда элу-юрт, жамият фаровонлигини таъминлашда улкан ҳисса қўшган бўлардик, иншаАллоҳ.

Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжиди

 имом-ноиби Абдурашид қори Исмаилов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]