Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Еримиз – ризқ рўзимиз

Еримиз – ризқ рўзимиз

Бандаларига ҳалол ризқ ва барча нози неъматларини ато этган, “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир(Наҳл сураси 18-оят), деган ояти Каримани нозил қилган Олийлиги буюк Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

Башариятга нозу неъматларнинг шукрини адо этишни ўргатган ва бу йўлда намуна бўлган Аллоҳнинг хабиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавотлар бўлсин.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг бандаларига берган неъматлари сонсиз-саноқсиздир. Минг таассуфлар бўлсинки, инсоният бошига мана бундай (вабо) касалликлар келганидагина шу неъматларнинг қадрига етмоқдамиз. Аслида эса, ҳисобига ета олмайдиган неъматларнинг шукрини доим, ҳар он қилмоғимиз даркор эди. Аллоҳ таоло ўзининг Каломида марҳамат қилади: “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир (Наҳл сураси 10-11-оятлар). Доим эҳтиёж сезадиган неъматлар қўлимизда бор эканлигида, етарлича тафаккур қила оляпмизми?! Муҳтожлигимизни англай оляпмизми?!

Берилган неъматларнинг шукронасини адо этиш билан биргаликда, инсон уларга етишлик учун меҳнат қилмоғи даркор. Ояти Каримада таъкидланганидек, эҳтиёжларимизнинг аксар қисмини таъминлашни Аллоҳ таоло бевосита ерга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳайвонлар ҳам, зироатимиз ҳам ерсиз мавжуд бўла олмаслигини барчамиз яхши биламиз. Шу ўринда, нозу неъматларнинг бизнинг дастурхонимизга етказилишида пешона терини тўкиб ҳаракат қилаётган деҳқонларимизнинг меҳнатларини ҳам эътироф этиш лозим. Роббимизнинг розилиги йўлида қилинган ҳар қандай уриниш ибодатдир, иншааллоҳ. Яна бу меҳнатдан кўпчиликка фойда тегса нур устига аъло нурдир. Зеро, Ибн Ҳажар Асқалоний “Мунаббиҳот” (Оҳират кунига тайёргарлик) номи билан машҳур китобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларини келтириб ўтганлар: “Икки хислат борки, улардан бирор нарса афзал эмас. Бири -Аллоҳга имон келтириш, иккинчиси мусулмонларга фойда келтириш. Яна икки хислат борки улардан ёмонроқ нарса йўқдир. Бири – Аллоҳга ширк келтириш, иккинчиси мусулмонларга зарар етказишдир”, дедилар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп нафи тегувчи инсондир (Имом Табароний ривояти). Бу ҳадислардан олинадиган ибрат шуки, ҳар бир мусулмон хоҳ у деҳқон бўлсин, хоҳ бошқа касб эгаси яшаб турган ерининг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, авваламбор, ўзи, оиласига, қолаверса, атрофдагиларга, шу билан бутун инсониятга фойда келтиришга ҳаракат қилмоғи лозим. Шу кунларда халқимиз, бутун дунё аҳолиси коронавирус аталмиш хасталикдан азият чекмоқда, синовли дамларни бошидан ўтказмоқда. Бу паллаларда, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги юзага келди. Оғир оқибатларнинг олдини олишда давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ёрдамларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Синовли кунларнинг масъулиятини ҳар биримиз ҳис қилиб, ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бирдамликда бажарилган ишда барака бўлади.

Бу имтиҳонли кунларда Аллоҳ таоло барчамизни бирлаштириб, яхшиликка хизмат қилгувчилардан қилсин, синовларни енгишимизда Ўзи мададкор бўлсин.

Бекобод тумани “Иттифоқ” жоме масжиди

имом-хатиби Нормуродов Ислом