Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ДУОНИНГ ФАЗИЛАТИ

ДУОНИНГ ФАЗИЛАТИ

“Дуо” арабча сўраш, илтижо, чақириш маъноларини англатадиган сўз бўлиб, инсоннинг муайян моддий ҳамда маънавий эҳтиёжларининг қондирилишини сўраб, илтижо этадиган тилакдир. Дуо Яратган билан бандаси ўртасида маънавий боғланишни таъминлайди. Инсон пайдо бўлган илк даврлардан буён дуога кучли эҳтиёж сезиб яшаган. Чунки дуо адашиш ва хатоларга мойил ожиз инсонни қийинчиликлар пайтида умиду ишончини йўқотмасликка, шодлигу қувонч вақтида ҳаддидан ошмай шукур қилишга йўналтиради. Шунинг учун дуо Аллоҳ таолони эслаш, Унга ёлвориш, ўзининг ожизлигини тан олган ҳолда Ундан ёрдам сўраш, инсонни Холиқ билан боғловчи маънавий ибодат саналади.

Дуо одамнинг Яратганга муҳтожлиги ифодаси бўлиб, Аллоҳ назарида ҳам ғоят мақбул ибодатлардан саналади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонларни дуо қилишга чақирилади. Инсон дуо қилганда Аллоҳнинг раҳматидан умидвор ва ғазабидан қўрққан ҳолда чин юракдан сўраб дуо қилмоғи лозим. Бу ҳақда Қуръони карим оятларида бундай дейилади: “…дарҳақиқат, улар (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларини қилишга шошар ва бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилар эдилар ҳамда бизга (барча буюруқларимизга) итоат этувчи эдилар” (Анбиё сураси 90-оят).

Яна бошқа оятда: “Менга илтижо қилувучининг дуосини ижобат этурман. Бас улар ҳам мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, менга иймон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси 186-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо қилинг, чунки дуо ибодатнинг ўзаги ва мағзидир”, деганлар. Ушбу ҳадисларида мўмин учун ибодатдан мурод ҳам ўз ожизлигини тан олган ҳолда Аллоҳдан мадад сўраш эканига ишора қилинган. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расуллоҳ Роббимиз бизга узоқми ёки яқинми? Агар яқин бўлса овоз чиқармай ичимизда дуо қилайлик, узоқ бўлса нидо қилайлик”. Шунда Бақара сурасининг 186-ояти нозил бўлди: “Сиздан (эй Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас улар ҳам мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб менга иймон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар”. Яна бошқа бир оятда: “Роббингизга зорланиб ва хуфиёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси 55-оят).

Қуръонда 47 жойда Пайғамбар ва улуғ зотларнинг дуоси келтирилган. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Кимга дуо қилиш бахти муяссар бўлса, унга  раҳмат эшиклари очилади. Аллоҳга дунёвий истаклар ичида энг мақбули ундан яхшилик сўрашдир. Дуо келадиган бало-қазони даф этади. Тақдирни фақат дуо ўзгартира олади. Шунинг учун сизлар ҳам дуо қилинг” (Имом Термизий).

Иккинчи ҳадисларида “Дуо ибодатнинг мағзидир”, дедилар ва орқасидан  Ғофур сурасининг 60-оятини ўқидилар: “Менга дуо қилингиз, мен сизлар учун (дуоларингизни) қабул қилай!” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дуо аввалги ва охирги барча мусибатларни даф этади. Эй Аллоҳнинг бандалари, сизлар ҳам дуо қилинг”.

Дуо қилишнинг ҳам ўз одоби мавжуд, шу одоб билан қилинган дуо ижобатдир. Бу ҳақда Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” китобларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилинади: Мен масжидда ибодатимни адо қилиб сўнг дуога қўл очдим. Аввал Аллоҳга ҳамд сўнг Расулуллоҳга саловат айтиб, сўнг ўзим учун дуо қилиб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳу) билан кириб келдилар ва дедилар: “Тила сенга берилгайдир, тила сенга берилгайдир”.

Дуонинг ижобат бўлиш шартлари: ихлос, ишонч, самимийлик ва пок ҳолда дуо қилишдир. Ҳадиси Қудсийда дейилади: “Эй одам фарзанди, дунёдаги нарсалар уч хилдир: бири Мен учун ва бири Мен билан сенинг ўртамиздадир ва яна бири сендандир. Сендан бўладигани дуо ва Мендан ижобат қилмоқ. Бас дуонг тўсилиб қолмас, магар у ҳаром емоқ бирла тўсилур”.

Дуо ижобат бўладиган вақтлар: Рамазон ойи, Арафа куни, Хайит ва Жума кунлари, фарз намозларидан сўнг. Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисда: “Азон ва иқомат ўртасида қилинган дуо рад этилмайди”, дейилади. Яна бир ҳадисларида: “Туннинг охирги учдан бир қисми қолганда ва фарз намозлари орқасидан қилинган дуо ижобатдир”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Отанинг фарзанди учун қилган дуоси, пайғамбарнинг уммати учун қилган дуоси кабидир”, деганлар. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бир қатор кишиларнинг дуоси қабул бўлишини айтганлар:

  • Аллоҳ учун севганларнинг дуоси.
  • Аллоҳни кўп зикр қилувчи инсонларнинг дуоси.
  • Яхшилик кўрган одамнинг яхшилик қилган киши ҳаққига қилган дуоси.
  • Жамоат бўлиб қилинган дуо.
  • Беморнинг дуоси.
  • Мазлумнинг дуоси.
  • Мусофирнинг дуоси.
  • Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси.
  • Ҳажда ҳожиларнинг қилган дуоси.
  • Эрига итоат қилган аёлнинг дуоси.
  • Марҳумнинг ҳаққига қилинган дуо кабилар.

Муҳтарам юртдошлар! Бутун ер шаридаги халқлар, хоссатан, юртимизда тарқалаётган “Сovid-19” вирус касаллигини Роббимиз тез кунларда ер шаридан, шу жумладан, бизнинг мамлакатимиздан даф қилишини сўраб илтижо қилайлик. Бу йўлда халқимизга ғамхўрлик қилаётган Президентимиз  ва у киши бошчилигидаги барча давлат мутасадди  ходимларини ҳақларига дуо қилиб, соғлик-саломатлик, тинчлик, хотиржамлик, ишларига ижобий ривож ва барокот беришини Яратгандан сўрайлик. Президентимизнинг мурожаатларига ҳар биримиз лаббай деб жавоб бериб, бир ёқадан бош чиқариб, бу кунларни биргаликда тинч ва осойишта ўтказайлик. Юртимиз тинч осмонимиз мусаффо бўлсин!!!

Бекобод тумани “Мулла Маматқул”

жоме масжиди имом-хатиби Д.Назаров

[carousel-horizontal-posts-content-slider]