Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дуонинг қабул бўлиш шартлари (учинчи мақола)

Дуонинг қабул бўлиш шартлари (учинчи мақола)

Аллоҳнинг китобини ўқидингиз, бироқ унга амал қилмадингиз!

Ҳа, Аллоҳни танишликка даъво қилган кимса беихтиёр Аллоҳнинг Каломини ўқийди, тиловат қилади. Аллоҳни танишликнинг исботи Аллоҳ таоло ҳақларини адо этиш бўлса, Қуръонни ҳақиқий маънода ўқишлик исботи бу муқаддас каломга амал қилиш билан бўлар экан. Бунга олимлар кўпинча бир мисолни келтиришади: «Бир ота сафарга кетишдан олдин ўғлига бир қатор ишларни буюриб кетса ва қайтиб келганидан сўнг бу ишларнинг бажарилган-бажарилмаганини сўраса, ўғил отага: «Мен буюрган ишларингизни қилмадим-у, аммо бир қоғозга ёзиб олиб, келгунингизча ёдлаб олдим» деса, қандоқ бўлади?»

Тўғри, Аллоҳнинг Каломини ёдлаш, Уни ўқиш буюк ибодатлардан ҳисобланади. Турли маросимларда Аллоҳнинг Каломини одамларга етказиш ҳам савобли амал. Аммо Қуръон нозил бўлишининг асосий моҳияти – ояти карималарга амал қилишдир, уни ҳаётга тадбиқ этиб, саодат кунларига етишишдир. Агар Аллоҳнинг Каломи фақат маросимлар учун кириш ва чиқиш сўзлари бўлиб қолса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган ёмон қавм айнан биз бўлиб қоламиз: «…Исломдан исм, Қуръондан расм қолади…»

Биз Қуръонни тиловат қилаётганимизда, унинг амрларига итоат қилиш асл вазифамиз эканлигини унутмайлик. Аллоҳ таоло Ўзининг каломидан мурод нима эканлигини иккинчи сурасидаёқ тушунтирган:

(Аллоҳ таолонинг ҳақ каломи эканлигида) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун Ҳидоят – Тўғри Йўлдир. (Бақара сураси, 2-3 оят).

Демак, кимда-ким, дуоим қабул бўлсин, деса, дуони қабул қилиш, қабул қилмаслигини ягона Ўзи биладиган Зот – Аллоҳнинг китобига қулоқ солсин экан. Аллоҳ ўз Каломида Қуръон фақат тақводорларга раҳнамо, тўғри йўл бўлишини таъкидламоқда. Ўзимизни алдашнинг ҳожати йўқ, ғойибга ишониш, намозни тўкис адо этиш ва Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиган тақволи кишиларгина Қуръон билан қўл ушлашиб, тўғри йўлда бўлар экан. Қуръон ҳидоят бўлган кишиларнинг дуосини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло албатта қабул қилади.

(Давоми бор)

Манба: Islom.uz

[carousel-horizontal-posts-content-slider]