Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / ДУНЁ ҲАЁТИНИНГ МАТОҲЛАРИ

ДУНЁ ҲАЁТИНИНГ МАТОҲЛАРИ

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

زُيِّنَ لِلنَّاسِ حُبُّ الشَّهَوَاتِ مِنَ النِّسَاءِ وَالْبَنِينَ وَالْقَنَاطِيرِ الْمُقَنْطَرَةِ مِنَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَالْخَيْلِ الْمُسَوَّمَةِ وَالْأَنْعَامِ وَالْحَرْثِ ذَلِكَ مَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَاللَّهُ عِنْدَهُ حُسْنُ الْمَآبِ (14) قُلْ أَؤُنَبِّئُكُمْ بِخَيْرٍ مِنْ ذَلِكُمْ لِلَّذِينَ اتَّقَوْا عِنْدَ رَبِّهِمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَأَزْوَاجٌ مُطَهَّرَةٌ وَرِضْوَانٌ مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ (15)

«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди (яхши кўрсатилди). Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса ҳуснли қайтар жой бор. Сен: “Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми? Тақво қилганларга Раббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир”,деб айт» (Оли Имрон сураси, 14–15-оятлар).

Ояти каримада инсонлар лаззатланадиган нарсалар хақир, қадрсиз экани баён этилган. “Одамларга зийнатланди”. Уларни (оятда синалганларни) инсонларга зийнатли кўрсатган Аллоҳ таолодир.

Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу ана шундай деганларини Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган.

Оятда “аёллар” биринчизикр этилиши эркаклар уларга бошқалардан кўра кўпроқ боғланганидандир. Эр кишилар улар билан таскин топади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир” (Рум сураси, 21-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра катта фитнани (синовни) қолдирмадим”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўлинг тупроққа белангур, диндорини танла”, деб марҳамат қилганлар” (Имом Муслим ривояти).

Имом Ибн Можа ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аёлларга ҳусни сабаб уйланманглар. Чунки ҳуснлари вақт ўтиши билан йўқолади. Аёлларга моллари сабабли ҳам уйланманг, моллари уларни сизга бўйсунмасликка сабаб бўлади. Лекин уларга динлари учун никоҳланинг. Умматимга қора танли бўладими ёки қизил танли (аёлми), улардан диндори афзалдир”.

“Болалардан…” Фарзандлар жигар парчаси, кўзнинг қувончидир. Шундай бўлса-да, улар мол-мулк каби синовдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас”(Тағобун сураси, 15-оят).

“Тўп-тўп тилла ва кумушдан”. Мол-мулкка муҳаббат инсон табиатида бор. Ҳадисда бундай келган: “Агар одам боласининг бир водий моли бўлса, албатта, иккинчиси бўлишни истайди. Унда икки водий мол-мулк бўлса, улар устига учинчи водийси бўлишини истайди. Одам боласининг кўзини фақат тупроқ тўлдиради. У (Аллоҳ) тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади”(Имом Термизий ривояти).

Агар мол-мулк кишини ҳаддан ошишга ва кибрга олиб бормаса, неъматдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Бунга) сабаб ўзини бой – беҳожат санашидир”(Алақ сураси, 6–7-оятлар).

Агар инсон мол-мулкидан закотини берса, ночорларга эҳсон қилса, қариндошларига нафақа қилса, икки дунё саодатига сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда: “Солиҳ кишига солиҳ молнинг бўлгани қандоқ ҳам яхши”, дейилган.

 “Гўзал отлардан”. Одамлар отларни ифтихор ва зийнат учун эмас, ишлатиш учун боқишса, сақлашса – яхши. Агар уни мақтаниш ва риё учун сақланса, фитнадир.

“Чорвадан, экин-тикиндан”. Уларга рағбат, муҳаббат олдин саналган нарсаларга  нисбатан кучлироқ бўлади. Чорва ва экин-тикин парваришидан мақсад бандаларга фойда келтириш бўлса, эгаси савоб олади. Фахрланиш ва кибрланиш учун бўлса, иқоб бўлади. 

“Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса ҳуснли қайтаржой бор”. Мўминлар дунё матоҳига ҳаддан ошиқ рағбат қилса, залолатга кетади. Ўткинчи, қолиб кетадиган нарсаларга ортиқ эътибор қаратиб диний вожиботларни унутиб қўймаслик керак. Мўмин дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини унутмайди. «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин»(Бақара сураси, 201-оят).

«Сен: “Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми? Тақво қилганларга Раббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир”».

“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунир” асарлари асосида

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Миродил МИРЖАЛИЛОВтайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]