Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Бу йилги Рамазон олдингиларидан фарқлими?!

Бу йилги Рамазон олдингиларидан фарқлими?!

Бу йилги Рамазон – ўтган йилги Рамазон…

Бу йилги Лайлатул қадр – ўтган йилги Қадр кечаси…

Азиз биродарим, сизчи, ўтган Рамазондаги Абдуллоҳ, Абдурраҳмонмисиз?.. Ҳеч фарқ сездингизми?..

Бу йилги Рамазоннинг ўтган йилгисидан фарқи шуки, ўтган йил таровеҳ намозлари масжидларимизда ўқилди, қориларимиз халқимизга шу намозларда Аллоҳнинг каломини Хатм қилиб бердилар. Барчаларидан Аллоҳ таоло рози бўлсин!

Бир эслаб кўринг-а, ўтган йили ифторликдан сўнг озгина эринчоқлигингиз тутиб, ибодатларга сусташлик қилсангиз, биродарингиз сим қоқиб: “Ҳа дўстим, тайёрмисиз? Боряпман, таровеҳга кетамиз”, деб Рамазоннинг ҳар бир лаҳзасидан фойдаланишга ундаб турарди. Сизнинг: “Кеча масжидимизда Хатмона бўлдику. Таровеҳни уйда ўқиб қўяқолсакчи?” деган саволингизга Аллоҳ йўлидаги биродарингиз: “Бугун фалон масжидда Хатми Қуръон, уша ерга борамиз”, деб қўярда қўймай намозга – нажотга – Жаннат боғларига сайр қилишга чақирганлари эсингиздадир. Ёки ҳар куни 2-3 порадан Қуръон оятлари ўқилаётганда, толиққанингиздан 8, 10, 12-ракатдан кейин “Кетмаймизми?” деган ишорангизга “Қоламиз, охирагача ўқиймиз” деб, таровеҳни охиригача ўқишингизга сабабчи бўлганларини унутмагандирсиз…

Бу йил Рамазон бало, офат, кулфатлар бошимиз узра турган бир паллаларга тўғри келди. “Бало” сўзи араб тилидан таржима қилинганида “Синов” деган маънони билдиради. Дарҳақиқат, синовли кунларни ўтказмоқдамиз. Касаллик сабаб деярли барча жабҳаларда турли хил синовларга дуч келмоқдамиз…

Бугун карантиндамиз… Тафаккур қилайлик, ҳолимизга бир назар ташлайлик! Ўтган йилгидан фарқли ҳолда, бу йил таровеҳ намозларини масжидларда ўқий олмаяпмиз. Тўғри, таровеҳни масжидда, ҳофизи Қуръон қори акаларимизнинг ортида туриб ўқишнинг шукуҳи, лаззати, тароватини таърифлаб бериш мушкул. Лекин ҳар бир нарсадан ҳикмат топа олсак, бошқа неъматларимиз бисёр эканига гувоҳ бўламиз.

Бу Рамазонда қанчадан қанча азизларимиз Қуръон ўқишни ўрганиб олишди, уйларида ота-оналари, аҳллари, фарзандлари билан бирга таровеҳ намозларини ўқимоқдалар. Ота-оналарига кўпроқ хизмат қилиш имкони бор. Аҳллари билан бирга кичкинагина бўлса-да, жамоат бўлиб ибодат қилиш фурсатига эга бўлдилар. Фарзандлар таълим-тарбиясида кўпроқ машғуллар. Биргаликда Аллоҳнинг Каломини тиловат қилишмоқда…

Шундай экан, Рамазондаги Аллоҳнинг мағфирати, раҳмати, футуҳотлари, баракалари олдинги йилларда қандай бўлса, бу йил ҳам ўшандай, азизлар! Ўкинманг!..

Қадр кечаси ҳам ҳудди шундай!.. Ўтган йилгиларидан фарқ қилмайди…

Роббимизнинг фазлу карами, яхшиликлари фақат бир маконга боғланиб қолмайди. Уламолардан: “Қадр кечасидаги баракотлар қаерга нозил бўлади?” – деб сўрашганда: “Покиза қалбларга”, деб жавоб беришган экан.

Қадрли биродарим, сиз Рамазонни қандай ўтказмоқдасиз?

Масжидга чиқа олмаётганингиз баҳона бўлмади деб умид қиламан, уйингизда шароит қилиб олдингизми?

Оилангиз билан 20 ракаат таровеҳ ўқияпсизми?

Ёки дангасалик қилиб Ҳуфтоннинг ўзинигина ўқияпсизми? Ё 8 ракаат билан кифояланмоқдамисиз?

Бу йилги карантин синов эканини ҳис қилган ҳолда, фурсатдан унумли фойдаланиб, Рамазоннинг яхшиликлари, баракаларини қўлга киритиш учун солиҳ амалларда бардавом бўляпсизми?

Агар ўтган йили масжидда таровеҳ ўқиган бўлсангиз-у, бу йил карантинда уйда ўтирганингизни баҳона қилиб, умуман ўқимаётган бўлсангиз, ўзингизга бир савол билан мурожаат қилиб кўрингчи: “Эй фалончи, нимага таровеҳ ўқимаяпсан, сенга нима тўсқинлик қилмоқда? Ахир намоз масжидда ҳам, уйда ҳам Аллоҳ ризолиги учун ўқилмайдими?!”

Таровеҳ намозларини умуман тарк қилган азиз биродарим, наҳотки ўтган йилги Рамазонда масжидда қилган ибодатларингиз холис бўлмаган бўлса?! Наҳот таровеҳ намозларидан Аллоҳ розилигидан бошқа мақсад кўзлагансиз?! Наҳотки ихлосингизга ўзга нарсалар аралашган бўлса?!

Йўқ, асло, бундай эмас! Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас! Бу саволлар билан мурожаат қилишимизнинг боиси, Сизни ҳидоятга чорлаш, ибодатга чақиришдир. Аллоҳ учун таровеҳга қатнаганингизни ўзингиз ҳам биласиз, хўш, уйда ибодат қилишингизга нимадир сизга тўсқинлик қилиши тўғрими? Аллоҳ таолонинг ризолигини истаб таровеҳ намозини уйингизда ўқиб олмайсизми?!

Ахир шу бир ракаат нафл намоз учун фарз намозининг даражаси бериладиган лаҳзалардан фойдаланиб қолмайсизми?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Ким Рамазон кечаларини иймонан (Аллоҳ таолонинг ваъдаларига ишониб), иҳтисобан (Аллоҳдан савоби, мукофотини умид қилиб) қоим (Ибодатлар билан бедор) бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб марҳамат қилганларида ушбу ибодатлар масжидда адо этилиши лозимлигини шарт қилмаганлар. Шундай экан, азиз биродарим, бу муборак лаҳзалардан ғафлатда қолмайлик! Бебаҳо вақтимизни беҳуда гаплар, бошқаларни муҳокама қилиш, ғийбат, хуллас, на бу дунёмизга на охиратимизга заррача фойдаси бўлмаган, манфаатсиз ишлардан муҳофаза қилайлик!

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатга қаттиқ бел боғлаган охирги ўн кунликнинг қадрига етайлик! Зеро, бу кечаларнинг фазли улуғ. Кечаларни солиҳ амаллар билан безайлик! Вақтимизни таровеҳ, Қуръон ўқига, илм ўрганишга, фойдали маъруза, панду насиҳат эшитишга сарфлайлик!

Зикрлар қиладиган, истиғфорлар айтадиган, салавоту дуоларни кўпайтирадиган паллалардамиз, иншааллоҳ!

Динимиз ҳақидаги билимларимизни мустаҳкамлайдиган, саёз илмимизни кенгайтирадиган вақт – айнан мана шу кунлар! Фурсатни қўлдан бой бермайлик!

Мўмин ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай шароитда доимо ғолиб бўлишга интилади, ютқазишга рози бўлмайди. Дўстлари, яқинлари солиҳ амалларда ўзиб кетаётганига хавас қилиб, Жаннат сари, Жаннатдаги даражасини кўтариш, Жаннатдаги мукофотларини кўпайтириш учун янада жидду жаҳд билан ҳаракат қилади. Жаннатнинг энг қуйиси ҳам кифоя қилади демайди, балки Жаннатдаги энг юқори даража – пайғамбарлар бўладиган Фирдавс жаннатини сўрайди. Фақат сўраб қолмайди, балки шунга яраша амаллар қилишга ошиқади!

Бир эшикнинг ёпиқлиги мўминни асло ташвишлантирмайди, чунки у доимо Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлади: “Роббим менга бир эшикни ёпган бўлса, албатта, бошқа икки эшикни очиб қўйибди” деб, астойдил шу икки эшикни топишга уринади, изланишлари натижасини топади ва ҳақиқий бахтга эришади!

Бу йилги синовли Рамазоннинг тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу вақтгача таровеҳ ўқишда сусткашликка йўл қўйган бўлсангиз, бугундан бошланг! Ҳақиқий ихлос, амалларнинг фақат Аллоҳ учун қилинаётгани мана шундай пайтда – ҳеч ким кўрмайдиган жой – уйимизда бажарганимизда кўринади. Ихлосимизга баҳо берадиган, Яратган Роббимизга ихлосимизни намоён қиладиган фурсатлардан фойдаланиб қолайлик!

Ибодатлар, солиҳ амаллардан бизни ҳеч нарса тўса олмаслигини Роббимизга кўрсатиш вақти келмадими?!

Аллоҳим барчамизга Қадр кечасини топишни насиб қилсин!

ҒИЁСИДДИН ҲАБИБУЛЛОҲ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]