Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Болаларимиз “бир бети билан пишсин!”

Болаларимиз “бир бети билан пишсин!”

Бугун жаннатмонанд юртимизда айни пишиқчилик, тўю маросимлар пайти.

Инсон борки, ҳаётда ҳамиша бахтли яшасам, дейди. Турмушининг фаровон бўлишини, орзу-ниятларининг ушалишини истайди, ҳеч кимдан кам бўлмасликка интилади. Зотан, унинг бунга тўла ҳаққи бор. Лекин… 

Баъзан инсонлар ўзига бир маротаба бериладиган Умр деб аталмиш неъматнинг қадрига етмайди, шукур қилмайди, бир-бирига омонат эканини англамайди. Бу билан ўзига, яқинларига, фарзандларига, набираларига жабр қилади. Ҳаётимизда, ён-атрофимизда бўлаётган воқеалар ҳам буни тасдиқлаб турибди. Сўнгги пайтларда мамлакатимизда жамиятимизнинг асосий негизи бўлмиш оилаларни мустаҳкамлаш мақадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан оилавий ажримларнинг кўпаяётгани жуда ачинарли ҳол, ҳатто, фожиа, десак ҳам муболаға бўлмайди.

Оила жамиятимизда ҳам, динимизда ҳам муқаддас саналади. Уни мустаҳкамлаш, эъзозлаш, асраш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчларидандир Лекин бугунги кунда жанжалли, ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, муросага келтириш учун хонадонларга кириб борар эканмиз, у ердаги ҳолат, муҳитни кўриб хайратдан ёқа ушлаймиз. Ёш оилаларнинг бузилишига жиддий сабаблардан бири – учинчи шахсларнинг аралашуви бўлаяпти: ё қайнона, ёки келиннинг ота-онаси. Баъзи ҳолларда ёшлар яшашни хоҳлашса-да, улар бунга йўл қўйишмайди. Қизнинг онаси куёвнинг хонадонида ҳам ўз сўзини ўтказмоқчи бўлади. 

Яна бир сабаб – ўткир қайноналар ёшларга жуда катта талаб қўйишаяпти. Баъзиларининг кўзлари оч. Келин томон тўйдан олдин гарданига “юкланган” сеп-сидирға билан уйини тўлдирган, аммо уларнинг “кўнгли тўлмаган”, таъмагирликни касб қилиб олишган. Фарзандининг бахти, келажагини ўткинчи дунёнинг матоҳлари билан ўлчайдиган том маънодаги “молпараст”га айланишган. Оиласидаги парокандалик, келишмовчилигу дилхираликлар биргина унинг инжиқлиги сабаб юзага келаётганига парво қилгиси ҳам келмайди.

Мол-дунё ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Билиб қўйингизки, албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитна (гуноҳ, азоб ва машаққат манбаи)дир. Аллоҳнинг ҳузурида (эса) улкан мукофот (бордир)” (Анфол сураси 28-оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан мана бундай ҳадис ривоят қилинади: “Ҳар бир умматнинг фитнаси (синови) бор. Умматимнинг фитнаси молдир”. Оят ва ҳадисга эътибор беринг-а! Молу дунё фитна, бизга берилган синов экан. Шуни била туриб келажагимиз эгалари – ёшларнинг ҳаётини барбод этиш, шу сабаб бебахт қилиш яхшимикан?! Афсуски, шу сабаб билан фарзандларини бахтсиз қилиб қўяётган ота-оналар кун сайин кўпайиб бормоқда. Ахир бахту саодат, оилавий фароғат дегани фақат молу дунё билан ўлчанмайдику.

Оилаларни емирувчи сабаблардан яна бири – ёшларда сабр йўқлиги, уларнинг чидамсиз экани, мулоҳазакорлик етишмаслиги, фақат оёқ остинигина кўришларидир. Баъзиларида катталардан ҳайиқиш йўқ, истиҳола, уят, орият, номус йўқ. Қизларимизнинг “хўп”дан йироқлиги, диний билимсизлигидан эрига итоатсизлиги, оила аъзоларига, ўзаро ҳурматнинг йўқлиги, бесабрлик, айбини тан олмаслиги салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда. Баъзи йигитларда эса масъулият, орият йўқ. Ажралиш, бир оиланинг бузилиши улар учун арзимас нарсадек, ҳаёллари яна янгисига уйланиш, янги сарполи бўлиш борасидаги “орзу-ҳаваслар” билан тўла.

Маҳаллалардаги жанжалли оилаларда бўлар эканмиз, “урф-одатлар”, қайнонанинг келин томонга солиқ солиши, куёвнинг мулк таъма қилиши, “гап ташиш”лар, телефон ва ижтимоий тармоқлардаги можоролар, ёшларнинг на ижтимоий, на иқтисодий мустақил эмаслиги, ўзини эплай олиш салоҳияти йўқлиги, ўз ўрнини билмаслик, мажбуриятни унутиб, ҳуқуқ талашишлар… Эҳ-ҳе, бу рўйхатни яна давом эттиравериш мумкин.

Улуғларимиз айтганидек, болаларимиз “Бир бети билан пишсин”. Биз, оналарга тинчлик керак, оилавий тотувлик, хотиржамлик керак. Шундай экан, аввало, ислоҳотни ўзимиздан бошлайлик. Ислом дини таълимотлари асосида хулқланайлик, илмимизни ўстирайликки, ёшларга ўрнак бўла олайлик, сўзимизнинг салмоғи бўлсин. Сабр билан насиҳат қилайлик. Куни келиб, улар биздан миннатдор  бўлишсин, панду насиҳатларимиз таъсир қилсин. Бу дунёни тарк этганимизда ҳам бизни яхши ном, яхши хотиралар билан эслашсин.

Аллоҳ таоло барчамизга инсофу тавфиқ берсин, Ўзи рози бўладиган солиҳ амалларга муваффақ айласин!

НАСИБА РАҲМОНБЕРДИЕВА

Бекобод шаҳар бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]