Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / БИЗ УХЛАСАК, УЛАР УЙҒОНАДИ…

БИЗ УХЛАСАК, УЛАР УЙҒОНАДИ…

Огоҳлик

Оила – ота-она ва фарзанддан иборат уч тиргак асосига қурилади. Оиланинг бахту саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шу уч устуннинг бир-бирига муносабатига боғлиқ. Булар бўлмас экан, оила таназзулга юз тутади. Бу инқироз, ўз навбатида, жамиятни ларзага келтиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Набий алайҳиссалом фарзандларига, набираларига, умуман, ёш болаларга жуда эътиборли бўлганлар. У зотнинг тарбияларини олган издошлари, саҳобалар ҳам фарзанд тарбиясида ўша услубни қўллашган.

Биз – болажон миллатмиз. Фарзандларимиз учун ўзимизни ўтга-чўққа урамиз. Тиним билмаймиз. Ўзимиз емасак ҳам уларнинг оғзига тутамиз. Лекин тарбиядаги жуда нозик жиҳатларга боламизнинг қалбига киришга, у билан чинакам дўстлашишга, тиллашишга, диллашишга ҳар доим ҳам интилмаймиз.

Ота фарзанди учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўяди. Бироқ энг муҳим нарсани унутади. Ҳа, одам боласи учун қорин тўқлигию устбутликнинг ўзи кифоя қилмайди. Унда кўнгил бор. Кўнгил эса доимий эътиборни, меҳрни тусайди. Ҳар бир фарзанд отадан меҳр кўришни хоҳлайди, эътибор хоҳлайди.

Агар биз ўша меҳри бера олмасак, бошқалардан олса, тўғри бўладими? Эртага ўзларини ғаразли мақсадларига йўғрилган, Ватанига, динига ва ота-онасига қарши борадиган миссионер ва турли оқимлардан ота-онасидан ололмаган меҳр-тарбияни олса, бу ҳаммамиз учун фожиа бўлади.

Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

Ҳозирги кунда баъзи тоифа ва гуруҳлар манфур мақсадлари йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини бузиб, ўз ғояларига мослаштиришмоқда. Шунингдек, улар солиҳ аждодларимиз ва ўтган азиз уламоларимиз айтган сўзларни ҳам бутунлай нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Масалан, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳид” сўзларини нотўғри талқин қилиб, ёшларимизни чалғитмоқдалар.
Биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга, Ислом динимиз борасида оз билимга эга бўлган кишиларга юқоридаги сўзларнинг асл маъносини тушунтириб беришимиз лозим. Шунда ёшлар xавф-хатар юқоридаги сўзларда эмас, балки бу сўзларни ниқоб, қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканини англаб олади.

Ўша тоифалар ҳақида Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 179-оятида бундай  марҳамат қилади: «…Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан англамайдилар. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир».

Биз фазандларимизни баъзи тоифа ва гуруҳларнинг манфур ғояларига учиб, юртини ташлаб ватангадо бўлиб, юртдошларига қарши бориб, ватан хоини бўлишининг олдини олишимиз шарт.

Хуллас, барча мусулмонлар учун муқаддас тушунчалар ва атамаларни ғаразли мақсад йўлида суиистеъмол қилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашиш, уларнинг сохта даъволарига ўз вақтида асосли раддиялар бериш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир. Агар биз ухласак, бепарво бўлсак, бузғунчилар уйғонади. Шуни унутмайлик!

Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ,

Пискент тумани  “Мулла Бўта Қози” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]