Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Бир ҳадис шарҳи: Масжидга боришнинг фазилати

Бир ҳадис шарҳи: Масжидга боришнинг фазилати

عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : “مَن غَدَا إِلَى المَسْجِدِ أَوْ رَاحَ، أَعَدَّ اللهُ لَهُ فِي الجَنّةِ نُزُلَاً كُلّمَا غَدَا أَو رَاحَ” مُتّفَقٌ عَلَيه.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким масжидга бориб, қайтса, ҳар бир бориб, қайтгани учун Аллоҳ унга жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди”, дедилар. Муттафақун алайҳ.

Намоз учун масжидга боришнинг фазли юксак. Аввалги ҳадис шарҳларимизда ҳам бу маънога ишоралар ўтган эди. Лекин ушбу ҳадисда масжидга қатнашнинг мукофоти аниқ баён қилинмоқда. Аввало, ҳадиси шарифдаги лафзлар борасида тўхталиб ўтсак. Ҳадисда келган “ғодаа” ва “рооҳа” сўзларини “бориб, қайтса” дея таржима қилдик. “Рооҳа” сўзи эрталаб бориш, “ғодаа” сўзи эса кечки пайт қайтиш маъноларида ишлатилган, лекин кейинчалик умумий бориш ва қайтиш маъноларида қўлланила бошлаган. Уламолар ҳадиснинг зоҳиридан ҳар қандай сабаб учун масжидга бориш ва қайтиш тушунилсада, ундаги асл мақсад намоз учун бориб, қайтиш эканини айтишган.

Ҳадиси шарифларда масжидга бориш гуноҳларга каффорот бўлиши, уларни ўчириши ва инсоннинг жаннатдаги даражасини кўтариши зикр қилинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким уйида таҳорат олиб, Аллоҳнинг уйларидан бир уйга Унинг фарзларидан бирини бажариш учун борса, қадамининг бири хатоларини ўчирса, иккинчиси даражаларини кўтаради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?” – деганларида, саҳобалар: “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” – дейишди. Шунда У зот: “Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал қилиш ва масжидга қадамни (боришни) кўпайтириш ҳамда намоздан кейин намозни кутиш. Мана шу нарсалар Аллоҳ йўлида жиҳод кабидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Масжидга бориш ва жамоат намозига доимий қатнашишнинг фазилатли амал экани.

2. Аллоҳ таоло бандаларининг барча амаллари ҳисобини билиб туриши.

3. Аллоҳ таолонинг кичик амалларга ҳам катта ажру савоб берадиган марҳаматли Зот экани.

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу мукофотга эришадиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди

имом-хатиби Яҳёхон Бобохонов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]