Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Байрамми ёки аза…

Байрамми ёки аза…

Юртимизда жорий этилган байрамлар қаторидан муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари ҳам муносиб ўрин олган.

Рамазон ҳайити исломнинг учинчи рукни – рўза ибодати адо этилганидан сўнг қамарий ойларнинг шаввол ойибиринчи кунида нишонланади. Рамазон ойи рўзасини адо этишга муваффақ этгани, бу ойдаги фазилатлар, хусусан рўзадор учун ваъда этилган улкан мукофотлар муносабати билан учун ушбу кун шодлик ва байрамга айланади.

Қурбон ҳайити эса исломнинг бешинчи рукни – ҳаж ибодати адо этилганидан сўнг қамарий ойларнинг зулҳижжа ойи ўнинчи кунида нишонланади. Ҳаж ибодатини адо этишга муваффақ этгани, бу ойдаги фазилатлар, хусусан ҳожилар мағфират ва охират саодати билан сийланиб, улар учун умрнинг янги ва мусаффо сиҳифаси очилгани, бу фазилатлар нафақат ҳожилар, балки зиёратга боришга қодир бўлмаган ҳар бир инсонга тааллуқли эканлиги муносабати билан ушбу кун ҳам шодлик ва байрамга айланади.

Мазкур ҳар икки ҳайит кунлари байрамга хос ишларга тўлиб тошади.
Байрам ўз номи билан байрам-да. Уни кўтаринки руҳда, хурсандчилик ва шод-у ҳуррамликда ўтказиш лозим.
Айрим жойларда ушбу кунларни ўтганларни “ёдга олиб”, матом кайфиятида ўтказилаётганини кўриб ачинасан киши.
Аслида, бу ҳолат муқаддас динимиз кўрсатмасига ҳам, миллий урф-одатларимизга ҳам номуносибдир.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, фарзандимизнинг шодиёна куни ёки бошқа қувончли кунларимизни узоқ кутиб, ой ва кунлар санаймиз. Бундай кунларни интизорлик билан кутамиз. Қатор тайёргарликлар кўрамиз.Дастурхон тузаймиз.Турли ширинлик ва таомлар тайёрлаймиз. Тузалган дастурхон қошига ўзимиз учун энг азиз ва қадрдон бўлган меҳмонларимизни таклиф этамиз.

Шундай кунда азиз инсонлар даврасида оғир ва аччиқ дамларни хотирлаб, барчанинг кайфиятини тушириб, мотамсаро ҳолда ўтирган киши кимга ҳам ёқади…

Ҳеч кимга… Асло ва асло…

Яратган ушбу кунларни биз инсонлар учун байрам кунлари, деб ихтиёр эткан. Истиқлол неъмати ила юртимизда мазкур кунларни байрамона тарзда ўтказишга кенг йўллар очилди. Бунинг учун қанчадан қанча меҳнатлар сарф этилмоқда. Шундай бир вақтда расмиятчилик, деб“ўтганларни хотирлаш”, аза либосларига бурканиб, ортиқча ва моҳиятсиз сарф-харажатлар қилиш хурофотларга берилиш эмасми… Бу иш миллий ва диний қадриятларимиз, шунингдек, Яратганнинг инъомларини қадрламаслик, кўрсатмаларига тескари иш тутишку ахир…

Зотан, ислом таълимотига кўра ўтганлар вафотидан сўнг яқин қариндошлар уч кун аза тутишлари жорий этилган.

Ўтганларни ҳар дам – ибодатларда, дастурхон қошида, ҳар тонг ва тунда дуолар билан эслаш, яхшилик ва жасоратларини ёшларга ибрат учун ҳикоя қилиб бериш лозим. Асл хотира мана шу тартибда бўлади. Бироқ, бу байрамни аза ва матомга айлантириш керак, дегани эмас, албатта.

Азизлар! Бидъат ва хурофотларга чалғиб, байрам кунлари (ҳақиқий азадорр бундан мустасно) “азадор” хонадонига бориб, уларни ташвишга қўймайлик!

“Азадор” хонадон эгалари ҳам дарвоза олдида маҳзун ҳолда тўпланиб, ўтган-кетган йўловчиларни хонадонига кириб кетишига “мажбур” қилмасин!

Унинг ўрнига, бир-бирларимизни байрам билан табриклаб, совға-саломлар улашайлик! Маҳалламиздаги уруш ва меҳнат фахрийлари, кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилалар ҳамда беморлар ҳолидан ҳол сўраб, қурбонлик гўштларидан уларга ҳам тортиқ этайлик!

Ота-она ва устоз-мураббийларимизни зиёрат қилиб, насиҳат ва дуоларини олайлик!
Аҳли оиламиз, фарзандларимизни боғ-у роғлар ва қизиқарли ўйин-кулгу майдонларига саёҳатга олиб борайлик!

Бир сўз билан айтганда ушбу кунлар давомида жонажон Она ватанимиз, фуқароларимиз, хусусан яқинларимиз учун барча эзгу ишларни қилишга тайёр эканлигимизни изҳор этайлик!

Байрам мана шу тартибда нишонланади.
Шу кунларда байрам қилмасак, қачон байрам қиламиз…

Кези келганда шуни ҳам эслаб ўтиш лозим. Ҳайит,дегани куёв хонадони қиз боқиб, уни асраб-авайлаб, катта қилган, бу ҳам етмагандек никоҳ тўйини ҳам ўтказиб қутилмаган қизнинг ота-оналарини ташвишга солиб, қизига ҳайитлик сифатида сарпо ва мебель олиб келишини кути-и-и-б ўтириш, кутилган натижа бўмаса келинни камситиш ёки ундан нафратланиш куни ҳам эмас!

Пайғамбаримиз (У Зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) ким зарарли бир амални одамлар ўртасида одатга айлантирса, у одат йўқ бўлмагунига қадар уни бажарувчиларнинг гуноҳи камайтирилмаган ҳолда ихтирочисига ҳам тўлалигича ёзилиб туришини маълум қилганлар. Шунингдек, кимки одамлар ўртасида унут бўлиб қолган ёки унут бўлиб бораётган хайрли ишларни қайта тикласа, бундай умматни қиёмат кунида шафоат қилишларини билдирганлар.

Келинг, яхшиси мана шундай хурофотларга барчами биргаликда қарши курашиб, ҳар бир байрам кунларимизнимуносиб ўтказайлик!

Зангиота тумани бош имом-хатиби
НУРАЛИ Мавланов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]