Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Ҳасад – яхши амаллар кушандаси

Ҳасад – яхши амаллар кушандаси

Ҳасад иллатининг қаердан ва қандай пайдо бўлиши ҳақида бироз фикр юритайлик. Аллоҳ таоло бир бандани бой, бошқасини ўртачароқ яшайдиган, яна бирини эса ночор, фақир қилиб яратган. Дунёнинг ҳамма жойида одамлар шундай мезон асосида яшашади. Бундан фожиа ясамаслик керак. Чунки бу Аллоҳнинг ўлчовларидир. Буларни бузган кишилар Унинг ҳукмидан чекинган бўлишади. Ҳасад туфайли улкан жиноятлар, зулм ва ёмонликлар юзага келади. Шайтон алайҳиллаъна Одамга бўлган ҳасади сабабли унга сажда қилишдан бош тортиб, Аллоҳ таолонинг ғазабига учради. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил иниси Ҳобилни ҳасади туфайли ўлдириб, ер юзида илк қон тўкилишига сабабчи бўлди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг неъматларига душманлик қилманг”, – дедилар. Шунда: “Ким Аллоҳнинг неъматларига душманлик қилади?” – дейилди. У Зот: “Аллоҳ ўз фазли билан одамларга берган неъматларига ҳасад қиладиганлар”, – дедилар.

Ҳасад икки хил бўлиб, яхши ва ёмонга бўлинади. Яхши ҳасад араб тилида “ғибта”, яъни “ҳавас” дейилади. Яхши ҳасад шундайки, инсонга берилган неъматни йўқ бўлиб кетишини хоҳламасдан, худди шундай неъматни ўзида бўлишини умид қилишдир.

Бир ҳукмдорнинг икки оқил  ва доно вазири бор эди. Улар зимдан бирини бири хуш кўрмас, лекин ташига чиқармас эди. Бир куни у вазирларни синаб кўрмоқчи бўлибди. Аввал ўнг қўл вазирини чақириб, ҳамкасбининг илми ҳақида фикрини сўрабди. Подшоҳ у ҳозир шеригини ёмонлашни бошлайди деб кутиб турган экан. Лекин ўнг қўл вазири уни мақташга тушибди: “У киши шунчалик кўп билим эгаллаганларки, тагларидаги от қандай кўтариб юрганига ҳайронман”. Подшоҳ иккинчи вазирни чақириб, унинг фикрини сўраса, у биринчи вазир ҳақида шундай деди: “Шеригимиз шунчалик кўп илм олганларки, териларига қандоқ сиғиб турганига бошим қотган”. Подшоҳ икки вазирини ҳам жавобидан хурсанд бўлиб, уларга яна меҳри ортиб юқори мартабаларга кўтарган экан.

Яхши ҳасад ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Ҳасад (ҳавас) икки нарсада бўлади, (биринчиси) Аллоҳ таоло бир кишига моли дунё бериб, унга эгалик қилиш ҳуқуқини ҳам беради. Берилган моли дунёни ҳақ йўлида сарфлайди. (Иккинчиси) кишига Аллоҳ таоло илму ҳикмат беради. У илму ҳикматни (ҳаққини) адо қилади ва уни одамларга ўргатади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳасаднинг иккинчи хили ёмон ҳасад бўлиб, у бошқадаги неъматни йўқ бўлишини умид қилишдир. Бундай ҳасад шариатда ҳаром қилингандир. Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтади: “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими?” (Нисо сураси 54-оят). Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам ҳасаднинг ёмон хулқлардан экани ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ўзарга уриниб, ўзаро ҳасад қилманглар”; “Ҳасаддан сақланиглар! Шубҳасиз, ҳасад худди олов ўтинни ёки хашакни егандек ҳасанотларни ейди” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган); “Мўмин банданинг ичида Аллоҳ йўлида (ютилган) чанг билан дўзах ўти жам бўлмайди. Бир банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди” (Ибн Ҳиббон ривояти); “Ҳасад эгаси мендан (менинг умматим) эмас” (Имом Табароний ривояти); “Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар” (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни ёмон иллат бўлмиш, солиҳ амаллар кушандаси – ҳасаддан асрасин!

Паркент тумани отинойиси Махсума  Ғанихонова

[carousel-horizontal-posts-content-slider]