Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Мен бандамнинг гумонидаман. Банда яхшиликни гумон қилса, яхшилик кўради, ёмонликни гумон қилса, ёмоник кўради” (имом Аҳмад ривояти).
Яна бир ривоятда: “Аллоҳ таолога ижобат қилишига тўлиқ ишониб дуо қилинглар”, дейилган (имом Ҳоким ривояти).
Келинг, Роббимизга ижобат қилишига ишониб қўл очиб дуо қилайлик!
Ё Аллоҳ, биз Сенинг гуноҳкор бандаларингмиз. Сен ҳақингда фақат яхши гумон қиламиз. Сен меҳрибон, Ер юзида бир бандангнинг ҳам қони ноҳақ тўкилишига рози бўлмайдиган Зотсан.
Ё Аллоҳ, Сен ягонасан, айбу нуқсонлардан поксан. Биз эса, қанчадан-қанча гуноҳларга қўл уриб, ўзимизга зулм қилган бандаларингмиз. Лекин бандаларинг қанчалар кўп гуноҳ қилмасин, уларнинг барчасини мағфират қиладиган Ғофурсан. Бизларни Ўз раҳматинг билан қамраб ол!
Ё Аллоҳ, Сенинг қудратинг, буюклигингга имон келтирамиз. Сен бир чивинни мисол қилиб келтиришдан ҳаё қилмайдиган Зотсан. Мана, гувоҳи бўлмоқдамиз, мисол қилганинг чивиндан ҳам кичик, кўз билан илғаб бўлмайдиган заррадек вирус билан бутун дунёни ожиз қолдирдинг! Кўзимиз очилди, Роббим, бизларни кечир, бу балони бутун дунёдан даф қил!
Ё Аллоҳ, ҳар қанча бирлашиб бу офатни йўқ қилишга уринмайлик, қўлимиздан келганча тадбир қилмайлик, Сенинг тақдиримизга битганингдан ортиғини қила олмаймиз. Сенинг хоҳишингсиз бу балони даф қилишга қодир эмасмиз.
Ё Аллоҳ, дарҳақиқат, бу дунё кофирларга тўлиб кетса ҳам, Сенинг буюклигинг, қудратингга заррача таъсир эта олмайди. Ва аксинча, бутун дунё аҳли мўмин-мусулмон бўлиб кетса ҳам, Сенинг буюклигингни ошириб қўймайди. Аввалда ва охирда Буюк бўлган Ўзингсан! Каъбатуллоҳ, Мадинаи мунаввара, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидлари, бутун дунё мамлакатларидаги масжидларда умуман ибодат қилинмаса, умра ва ҳаж амаллари бажарилмаса ҳам, Сенинг улуғлигингга футур етказолмайди. Лекин биз Сенга муҳтожмиз. Бу балони биздан даф қил! Каъбатуллоҳ, масжид, мадраса ва мактабларни бизларга қайтариб бер.
Ё Аллоҳ, “Ўзларига гуноҳ қилиб зулм қилган бандаларим мендан ноумид бўлмасин”, деб марҳамат қилгансан. Биз ана шу бандаларингмиз, Сендан ноумид эмасмиз, қўлларимизни очиб чин ихлосла дуолар қилмоқдамиз, ота-оналаримиз, аҳлларимиз, ҳатто жажжи болаларимиз ҳам ушбу дуоларимизга шерикдирлар. Дуоларимизни ижобат қил. Ўлимлар сони камайсин. Касалларимизга комил шифо ато эт. Уларнинг ҳам фарзандлари, уйида соғиниб ўтирган дилбандлари бор, ўз хонадонларига тез кунларда соғайиб боришларига изн бер!
Ё Аллоҳ, ҳамма уйида ўтирган шундай танг аҳволда ўз жонини гаровга қўйиб бўлса ҳам, Коронавирусга қарши курашаётган барча азизларимиз, хусусан, хасталарга қараётган шифокорларимиз, уларга ёрдам бериш йўлида ўз ҳиссасини қўшаётганлар ва эҳтиёжи бор оилаларга эҳсон қилаётганлар, ана шу эҳсонларни жонбозлик қилиб ўз эгаларига етказишда хизмат қилаётган барча бандаларингни паноҳингда асра! Уларни жаннатинг билан сийла!
Ё Аллоҳ, бошимизга келган бу балоларнинг сабаби бизларнинг сонсиз-саноқсиз гуноҳларимиз эканини англадик. Ўзингга қайтдик, тавба қилдик.
Ё Аллоҳ, кўринмас бу аскаринг бутун дунёни қай аҳволга солганини кўриб турибмиз, қиёматда аҳволимиз не кечар экан?! Бизларга охиратда, маҳшаргоҳда, Ўз ҳузурингда турганимизда ҳам раҳм қил!
Ё Аллоҳ, биз бу бало билан овора бўлиб қолиб, бутун дунёдаги мазлум мусулмон биродарларимизни унутиб қўйдик. Улардан ҳам марҳаматингни аяма, мушкулотларини бартараф эт, ўз аҳли оилалари ва яқинларига қовушишлари учун барчаларини омонда сақла!
Ё Аллоҳ, барча юртдошларимизни Сенга омонат қилиб топширдим, Сен омонатни ҳимоя қиладиган Зотсан!
Ё Аллоҳ, биз Сен ҳақингда яхши гумон қиламиз! Тез кунда изнингла касалларимиз шифо топадилар, бу вабо нафақат бизлардан, балки бутун дунёдан даф бўлади. Яқин кунларда бу қийинчилик ўрнини осончилик қоплайди. Масжидлар очилиб, Жума, беш маҳал намозларимиз Ўзингнинг байтингда адо этилади. Яна зикру дуоларимизни масжидларда эмин-эркин қилиш имконига эга бўламиз.
Ё Аллоҳ, биз Сен ҳақингда яхши гумон қиламиз! Тез орада юртимизнинг барча ўқув даргоҳлари ўз талаба ва устозларига эшикларини қайта очади. Устоз ва шогирд дарс жараёнлари бошланади, илмдаги юксалишлар давом этади.
Ё Аллоҳ, биз Сен ҳақингда яхши гумон қиламиз! Байтуллоҳнинг зиёратидан – Ҳаж ва умрадан маҳрум қилинмаймиз. Рамазонда таровеҳлар ўқиш, Каломингни ҳатм қилишдан бебаҳра қолмаймиз.
Азиз юртдошлар, барча эҳтиёт чораларни кўриш билан бир қаторда бир-биримизга хушхабарлар берайлик, кўнглимизни кўтарайлик. Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиб, раҳматидан умидвор бўлайлик. Шунда Роббимиз бутун дунёдан бу балони даф қилади!
Тавбада, Аллоҳ таолога қайтишда содиқ ва собитқадам бўлайлик, қалбларимизни хотиржам қилиб, саросимага тушмайлик. Маҳзун бўлиб, кўнглимизга ҳеч нарса сиғмайдиган ҳолатга ўзимизни туширмасдан, вақтдан унумли фойдаланайлик, ғанимат онларни беҳуда ўтказиб юбормайлик. Билинг, азизим, бу кўзга кўринмас бало Аллоҳ таоло томонидан бизларга юборилган бамисоли бир элчидир. Ҳар биримиз кимлигимиз ва қандай гуноҳларга қўл урганимиздан қатъий назар, бўлаётган ҳодисалардан ибрат олиб, Аллоҳ таолога тавба қилиб, гуноҳларимиз учун истиғфорлар айтайлик. Шундагина Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади, баракалар нозил бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг бир синови эканини унутмайлик.
Барчангизга хушхабар!
Яқин кунларда бу Коронавирус вабоси бизлардан даф бўлади! Омин!
Интернет манбалари асосида Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ тайёрлади

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги