Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / Самарқандда буюк саҳобийнинг қабри борлигини биласизми?

Самарқандда буюк саҳобийнинг қабри борлигини биласизми?

Юртимизда жуда кўп улуғ зотларнинг қадамжолари борки, халқимиз у ерларни зиёрат қилиб келади. Шу зиёратгоҳларнинг энг улуғи Ҳазрат Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қабрлари саналади.

Хўш, Қусам ибн Аббос ўзи ким бўлганлар?

Қусам ибн Аббос ибн Абдулмутталиб  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари, У зотга қиёфаси жуда ўхшаш бўлган беш  саҳобанинг бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари – Ҳасан ёки Ҳусайнга эмикдош, 4 ҳижрий санада таваллуд топган зот бўлганлар. Биз ул зотнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг укалари дейишимиз, ака-уканинг болалари ҳам, қондош, насабдошлик жиҳатидан ака-ука бўлганлиги эътиборидан бўлди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз фарзанд эканликларини ҳаммамиз яхши биламиз.

Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ёш саҳобаларидан бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида саккиз ёш атрофида бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин инсонлари бўлганлиги учун, Ул зотнинг вафотларидан кейин, ювиш, кафанлаш ва дафн этиш маросимларида ҳам қатнашганлар. Қабрдан энг сўнгги чиққан зот бўлганлари учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни энг сўнгги кўрган саҳоба сифатида тарихда қолган.

Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу амакиваччалари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли куёвлари Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида у кишига энг катта ёрдамчи, суянчиқ бўлганлар.

Қусам ибн Аббос  Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Саид ибн Усмон билан Мовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврининг охирги йилларида Хуросонга, у ердан Амударёни кечиб ўтиб, Мовароуннаҳрга келадилар. Шу ерларда жароҳатланиб, 57 ҳижрий йил 53 ёшларида Самарқанд яқинида вафот этадилар. Саид ибн Усмон қўшин билан у кишининг жанозаларини ўқиб, Самарқанддаги бир тепаликка кўмадилар. У ҳозирги Шоҳи Зинда мажмуасининг энг тепа қисмидир…

Ўша вақтдан бери халқимиз бу жойни зиёрат қилиб келади.

Бу кишини юртимизга келиб вафот этишлари, аслида, халқимиз учун Яратганнинг катта марҳамати бўлган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар фазли ҳақида қўйидагича маънони англатувчи башоратларни ҳам айтганлар: «Менинг саҳобаларимдан қайси бири қай юртда вафот этса, охиратда ҳидоят нури ўлароқ бош кўтаради ва ана шу юрт халқларини Ислом байроғи остида шафоат қилиб, бирга жаннатга олиб киради». Саҳобалар фазлининг буюклигини қаранг! Биз охиратда бировларга фойдамиз тегиши у ёқда турсин, ўзимизнинг аҳволимиз нима бўлишини билмаймиз, нажот топамизми ёки…

Саҳобаларга эса бутун бир юртнинг халқини шафоат қилишлик ҳуқуқи берилиши, уларнинг Яратган ҳузурида даражотлари нечоғли буюклигини кўрсатади.

Шунинг эътиборидан қадимда яшаб ўтган буюк зотларнинг ҳаммалари ҳам бу улуғ саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу ётган жойларига алоҳида эътибор қаратишган. Ҳазрати Амир Темур бобомиз ҳам айни эътиқодда бу жойни обод қилганлар…

Азизлар! Минг афсуски, Самарқандни зиёрат қилишга борган баъзи зиёратчиларимиз бу ерда улуғ саҳобанинг қабри борлигини билишмайди.

Дунёга назар ташласак, кеча юртига Ислом кириб борган халқларни кўрамиз. Уларнинг мамлакатида ақалли битта мусулмон олимнинг қабри ҳам йўқ. Бизнинг юртимизга Ислом  кириб келганига бир минг уч юз йил бўлди. Ота боболаримиз Ислом равнақи учун улкан ҳиссаларни  қўшишди. Бугун мусулмон халқлари ўқиётган аксар китобларнинг муаллифи буюк алломаларимиздир. Уларнинг қадамжолари юртимизда обод қилинган. Юртимизда шундай зотлар, салаф, ҳалаф улуғларнинг қадамжолари борлигини ўйласак, пешонаси нурли халқлардан эканлигимизни англаймиз.

Энди биз ҳам бир минг уч юз йиллик мусулмон халқлариниг давомчилари сифатида диний билимларимизни кўпайтириб, уларга илму маърифатда муносиб зурриёт бўлолсак бас…

Аллоҳ шу саҳоба баракотидан юртимизга Ўзининг қут-баракасини ёғдирсин! Самовий ва арозий балолардан юртимизни, халқимизни Ўз паноҳида асрасин!

Охиратда ҳаммамизни ул зотнинг ҳидоят байроғи остида жаннатга киришимизни Яратган эгам насиб қилсин!

Паркент тумани «Беш каппа»жоме масжиди

имом-хатиби Тўйчиев Миршавкат

[carousel-horizontal-posts-content-slider]