Сарлавҳани ўқиб, кўпчилик бугунги имом билимли, маърифатли, барчага ибрат ва намуна бўлиши керак, дейиши табиий.
Ҳа, бугунги домла ҳар жиҳатдан илмли, маърифатли бўлиши билан бир қаторда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардор, интернет ва ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланиб, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўша оладиган бўлиши керак.
Кеча Занги ота туманидаги масжидлар имом-хатиблари билан ўтказилган йиғилишда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
– Шу билан бирга, – деди йиғилишни бошқарган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, – бугун имомлар ўз устида тинимсиз ишлаши, юримизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик улуғ неъмат эканини халқимизга аниқ мисоллар орқали етказиши зарур. Ҳар қандай ёвузликка қарши муросасиз бўлиш ҳам имомларнинг бурчидир.
Тадбирда, шунингдек, имомлар олдида турган долзарб вазифалар, хусусан, ҳудудларни ободонлаштириш, баҳор бошланиши билан маҳалла-кўй, кўчаларга кўчатлар ўтказиш, масжидлар ва қабристонларни обод қилиш зарурлиги таъкидлади.
Шундан сўнг Жасурбек домла туманда қурилиши давом этаётган масжидларни бориб кўрди ва зарур маслаҳат ва тавсиялар берди.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги