Тошкент вилоятида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан навбатдаги хайрия ишлари давом этмоқда
Бугунги кунда бутун дунёда кузатилаётгани каби юртимизда ҳам ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши қайд этилган. Шу муносабат билан куни кеча Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик уйларида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан хайрия тадбирлари бошланганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар берилган эди.
Кеча 26 декабрь куни аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан навбатдаги хайрия тадбири ўтказилди. Унда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Паркент тумани, Ангрен шаҳари, Чиноз тумани ҳамда Бекобод туманида қурбонликлар қилинди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ўн бир хил турдаги беш юз минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Бугун 27 декабрь куни ушбу хайрия ишлари режага мувофиқ Тошкент вилоятидаги ҳудудларда давом эттирилди. Жумладан, Чиноз туманидаги «Қиз болалар ўқув тарбия» муассасаси, Бўстонлиқ тумани, Пискент тумани, Оҳангарон тумани, Юқори Чирчиқ туманларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳам ўн бир хил турдаги беш юз минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва қимматбаҳо совғалар етказиб берилди. Шунингдек, «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан 25-30 декабргача Тошкент вилоятидаги 10440 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш кўзда тутилган.

Ушбу хайрия тадбирларига Тошкент вилоятининг бош имом-хатиби Жасур домла Раупов бошчилигидаги ҳудуддаги имом-хатиблар ҳам иштирок этмоқдалар ва хайрли дуолар қилинмоқда.


Яхши амаллар қилиш тўғрисида Аллоҳ таоло ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик ва меҳр оқибат инсонга доимо бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
«Сиздан (Эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир» (215-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради», дедилар.
Аллоҳ таоло юртимиз бошида турган бу балони ҳам шу яхшиликлар эвазига даф қилсин.
Тошкент вилояти вакиллиги ахборот хизмати

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги