Кунларнинг совий бошлаши инсонларнинг озиқ-овқат ва кийим-кечакка бўлган муҳтожлигини янада кучайтиради. Балки сизнинг ўз молинингиз бордир ёки қишга тайёргарлик ғамини қилиб қўйишга имкониятингиз етар. Бироқ шундай имкониятга бевалар, мискинлар умуман ёрдамга муҳтож инсонларнинг қай аҳволда эканлигидан хабаримиз борми?,-деган савол туғилади кишида. Бу ҳақда Ислом дини доимо заиф ва муҳтож инсонларга катта эътибор қаратишни буюрган. Уларни оғирини енгил қилиш ва ҳолидан хабар олишни ибодатларнинг энг афзал даражасига кўтарган.
Хусусан, ушбу қоидага лаббай деб жавоб берган Тошкент вилоятида жойлашган «Мирҳалил ҳожи ота» жоме масжиди имом-хатиби Улуғбек домла бошчилигида ҳомийларни жалб этган ҳолда Тошкент туманида вояга етмаган боқувчисини йўқотган 35та оила ва 120 та кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилиб, жами 22 233 000.сўм озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
الساعي على الارملة و المسكين كالمجاهد في سبيل الله
«Бева ва мискинларга ёрдам берувчи киши Аллоҳ таолонинг йўлидаги мужоҳид кабидир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат ва раҳмдил бўлишга, бева ва мискинлардан иборат муҳтож ва заифларга ёрдам беришга ундамоқдалар. Ва бу ишни қилган инсонларга катта савобларни хабарини бермоқда. Агар бир инсон бева ва мискинларга ўз молидан инфоқ қилса, ёки бўлмаса бошқа бировни уларга ёрдам беришга чорласа, гўёки у Аллоҳ таолонинг йўлида юрган мужоҳид каби бўлади ҳамда савобда иккаласи бир хил бўлади. Чунки, молни сарф қилишда нафсга мухолиф бўлиш ва Аллоҳ таолонинг розилигини талаб қилиш бор.
Демак, биз мўмин мусулмонлар бундай савобли ишларга доимо шошилишни ва бу ишда мусобақалашишни ўзимизга лозим тутсак, улуғ ажру мукофотларга эришамиз. Шу билан бир қаторда жамиятда ночор ва заиф инсонларни камайишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги