Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / АРАФА КУНИДАГИ ЭНГ АФЗАЛ АМАЛЛАР

АРАФА КУНИДАГИ ЭНГ АФЗАЛ АМАЛЛАР

Арафа кунларнинг энг афзалидир. Шу сабабли инсон ушбу кунни ғанимат билиб, унинг яхшилигидан кўпроқ баҳраманд бўлишга жидду жаҳд қилиши лозим. Қуйида бу улуғ кунда кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим бўладиган амалларни зикр қилиб ўтамиз.

Арафа куни рўзасини тутиш бу кундаги энг улуғ ибодатлардан. Чунки ҳадиси шарифда ушбу кунда тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлиши айтилган.

Намоз ушбу кундаги энг муҳим амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Саждани кўпайтиргин. Агар сен Аллоҳ учун бир бора сажда қиладиган бўлсанг, унинг сабабидан Аллоҳ сенинг даражангни бир поғона юксалтиради ва бир хатоингни ўчиради”.

Ушбу кунда масжидга эртароқ бориб, барча фарз намозларни жамоат билан адо қилишга интилиш лозим. Қолаверса, нафл намозларни ҳам кўпроқ адо этишга ҳаракат қилиш керак. Чунки намоз бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи амаллардан ҳисобланади.

Арафа кунидаги энг муҳим амаллардан яна бири аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиянлари Фазл ибн Аббосга: “Эй жиян, ким бу кунда қулоғи, кўзи ва тилига эгалик қилса (гуноҳлардан тийса), унинг гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар. Шунинг учун бу улуғ кунда ёлғон, ғийбат, бекорчи сўзлар, бадназарлик, ножоиз сўзларга қулоқ тутиш каби кўз, қулоқ ва тил орқали содир бўладиган гуноҳлардан янада қаттиқ сақланиш лозим.

Ушбу кундаги улуғ амаллардан яна бири тавҳид калимасини ихлос ила кўп такрор қилишдир. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «Дуоларнинг энг яхшиси Арафа кунининг дуосидир. Мен ва мендан аввалги пайғамбарларнинг айтган энг яхши сўзимиз: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийкалаҳ. Лаҳул мулку валаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр”, дедилар».

Бу кундаги энг буюк амаллардан бири дуодир. Инсон бу кунда Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати ва тавфиқини сўраб дуо ва илтижолар қилмоғи керак. Ота-она, устозлари, қариндошлари ва барча мўмин-мусулмонлар ҳақига дуо қилишни ҳам унутмаслиги лозим. Али розияллоҳу анҳу бу кунда: “Аллоҳим, мени дўзахдан озод қил, ҳалол ризқдан мўлчилик бер ҳамда инсон ва жинларнинг фосиқларини мендан йироқ қил!” деб дуо қилардилар.

Шунингдек, Арафа кунида ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, муҳтожга ёрдам бериш, хайр-саховат каби солиҳ амалларни ҳам кўпроқ бажаришга эътибор қилиш лозим. 

Аллоҳ таоло Арафа кунида нозил бўладиган Ўзининг раҳмати, мағфирати ва яхшиликларига барчамизни ноил айласин!

Шавкатжон СОҲИБЖОН ўғли,

Чирчиқ шаҳар “Ўрта маҳалла” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]