Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҲAЛОЛЛИК СAОДAТ МAНБAИ

ҲAЛОЛЛИК СAОДAТ МAНБAИ

Инсон ризқ топишга киришар экан, у икки йўлни – ҳаром ва ҳалолни танлайди. Aллоҳни яхши танимаган баъзи инсонлар учун ҳалол йўл машаққатли, боз устига, бу йўл орқали тезда бойиб кетишнинг иложи йўқдек. Аксинча, ҳаром йўл жуда осон ва оз фурсатда бойиб кетадигандек кўринади ва шу йўлга кирадилар.

Aллоҳни таниган, Унинг қайтариқ ва буйруқларини билган инсонлар ҳаром йўлнинг осон эмаслигини, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бу ишларидан сўралишларини, ҳаром орқали келган нарсада барака бўлмаслиги, аксинча ҳаром орқали келган нарса оила аъзоларига юқмай, бу дунёдаги жазоси яқинларига мусибат етиши мумкинлиги ва энг катта мусибат Aллоҳ уларнинг дуоларини ижобат қилмаслигини билишади. Шу боис у йўлга киришмайди.

Ҳалол топгани эса оз бўлишига қарамай, баракали бўлишини, шу ҳалол орқали топаётгани учун савоб олишини, ҳалол ризқ талабида юриб толиқиб ухлагани учун Aллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилишини билади. Шунинг учун ҳалол йўлдан юради.

Aллоҳ таоло биз инсониятга буюради: «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар» (Бақара сураси, 168-оят). Инсон ейдиган нарсаси ҳалол бўлган тақдирда ҳам, унинг пули ҳаромдан бўлса, у ҳаром бўлади. Ҳаром эса инсонни саодатманд қилмайди.

Пайғабмаримиз ҳадисларида айтадилар: «Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга олов ҳақлидир»

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Ҳаром нарса орқали саодатга эриша олмас эканмиз, албатта, ҳалолга интилишимиз керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ҳалол касбидан ихлос билан хурмо қийматича садақа қилса, Аллоҳ таоло уни рози бўлиб қабул қилади. Аллоҳ фақат ҳалолни қабул қилур. Сўнг уни соҳиби учун худди бирингиз тойчоқни ўстиргани каби ўстиради, ҳатто у тоғ каби бўлади» дедилар.

Салафи солиҳлар даврида ҳалол меҳнати, ҳаром ва шубҳали нарсалардан узоқ бўлиши билан ўрнак бўла оладиган инсонлар жуда кўп бўлишган.

​ Қози Aбу Бакр Муҳаммад ибн ибн Aбдулбоқий Бағдодий Aнсорий Баззоз айтади: «Макка шаҳри яқинида яшар эдим. Бир куни қаттиқ оч қолдим. Очликни кетказишга бирор чора топа олмадим. Шунда тўсатдан оғзи ипак ип билан боғланган, ўзи ҳам ипакдан бўлган ҳамён топиб олдим. Уйга олиб бориб, боғичини ечсам, ичида дурдан  бўлган маржон бор экан. Бунақасини илгари ҳеч ҳам кўрмаганман. Уйдан чиқсам, бир қария қўлида беш юз динор солинган халтачани ушлаб олиб: “Ким менга дур солинган халтачамни топиб берса, мана шуни унга бераман!”, деб жар соларди. Ичимда: “Ўзим муҳтожман, қорним оч. Ҳозир унга ҳамённи қайтариб бераман-да, тиллаларни олиб ишлатаман”, деб ўйлаб, қарияга: “Мен билан юринг”, дедим. Уни уйимга олиб келиб, ундан ҳамён, унинг кокили, дурларнинг кокили, дурларнинг белгилари ва адади, боғичининг қандайлиги ҳакида сўрадим. Ҳаммасини тўғри айтиб берган эди, ҳамённи олиб чиқиб, унга бердим. У менга беш юз динорни узатди, лекин мен қабул қилмадим ва: “Мен буларни бусиз ҳам қайтариб беришим керак эди. Бунинг учун мукофот олмайман”, дедим. У: “Йўқ, сен буларни олишинг керак”, деб қатъий туриб олди. Мен барибир уларни қабул қилмадим. Кейин у кетди”.

Кейин яна ўзим билан ўзим бўлиб қолдим, Макка шаҳридан чиқдим. Денгизга бориб, кемага миндим. Йўлда кема ҳалокатга учради, одамлар ҳам, уларнинг моллари ҳам чўкиб кетди. Биргина мен кеманинг бир бўлагига осилиб, омон қолдим. Бир муддат денгизда қолиб кетдим, қаерга кетаётганимни билмасдим. Кейин одам яшайдиган бир оролга етиб олдим. Бир масжидга бориб жойлашдим. Орол аҳли менинг Қуръон ўқиётганимни эшитиб қолишди. Кейин барчаси келиб, “Бизга ҳам Қуръон ўргатинг”, дейишди. Мен бу қавмдан кўп молу давлат орттирдим.

Бир куни ўша масжидда Мусҳафнинг варақларини кўриб қолиб, уларни ўқий бошладим. Улар менга: “Ёзишни яхши биласизми?” деб қолишди. “Ҳа”, деб жавоб бердим. Улар: “Бизга ҳам ёзишни ўргатинг”, дейишди ва олдимга ёш болаларини олиб келишди. Уларга ёзишни ўргатдим. Шундан кейин мол-давлатим янада кўпайди”.

Бир куни улар менга: “Бизда бир бадавлат етим қиз бор. Уни сенга никоҳлаб бермоқчимиз”, дейишди. Мен рози бўлмадим. Бироқ улар уйланасан деб туриб олишди. Мен ноилож уларнинг таклифига рози бўлдим. Тўй ўтгач, мени у қизнинг олдига олиб киришди. Унга қараб, не кўз билан кўрайки, айнан мен топиб олиб, эгасига қайтариб берган ўша маржон унинг бўйнида турарди! Мен қиз қолиб, маржонга бир муддат тикилиб қолдим.

Одамлар: “Эй шайх! Қизга қараш ўрнига унинг маржонига тикилиб, унинг кўнглини синдираяпсан-ку!” дейишди. Шунда уларга бошимдан ўтган ана шу маржон воқеасини айтиб бердим. Улар Aллоҳнинг ҳикматига лол қолиб, баланд овозда такбиру таҳлил айтиб юборишди. Бу гап бутун орол ахлига етиб борди. Улардан: “Сизларга нима бўлди?” деб сўрадим. Улар: “Маржонларнинг эгаси бу етимнинг отаси эди. У: “Бу дунёда маржонни ўзимга қайтариб берган кишидек мусулмонни кўрмадим”, дер ва доимо: “Aллоҳим! Мен билан ўша инсонни бир орага жамлагинки, унга қизимни никоҳлаб берай”, деб дуо қилар эди. Мана бугун ўша дуо ижобат бўлиб турибди, дейишди.

Мен бу аёлимдан икки фарзанд кўрдим. Сўнгра у вафот этиб, маржон мен ва икки боламга қолди. Кейинчалик болаларим ҳам вафот этгач маржон ўзимга қолди. Уни юз минг динорга сотдим. Ҳозир сизлар кўраётган бу мол-мулк ана ўша маржондан қолган нарсалардир» (Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, “Саҳифалар”).

Абдул Ҳамид МАЛИКОВ,

Пискент тумани бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan