Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҲАЛОЛДА ҲАЛОВАТ БОР

ҲАЛОЛДА ҲАЛОВАТ БОР

Яхшиликка чақириш

Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини тақдири азалда белгилаган бўлиб, шариат ана шу ризқни ҳалол йўл билан топишга буюради. Ҳалол меҳнат билан оиласини боқиш қанчалик муҳим экани ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, Аллоҳга юзи тўлин ой кечасидаги ой каби (порлаган ҳолда) йўлиқади” (Имом Сарахсий, “Ал-Мабсут”).

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари таърифича, Аллоҳ таоло махлуқотларига – одамлар ва ҳайвонларга берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир. Демак, ҳар бир инсонга, ҳайвонга берилган ва улар фойдаланадиган емак, ичмак, кийим ёки уй-жой – уларнинг ризқи.

Абу Ҳафс Насафий ўзининг “Ал-ақоид ан-Насафия” рисоласида: “Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳар бир инсон ўз ризқини – хоҳ у ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром – тўла олади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди”,  деб ёзади.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича таваккул қалбга ва касб аъзоларга боғлиқ иш бўлиб, сабабларни ишга солмагунча, таваккул ҳосил қилинмайди.

Ватандошимиз Ҳаким Термизий Муовия ибн Қуррадан ривоят қилади. Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб: «“Кимсизлар?” деб сўради. “Таваккул қилувчилармиз”, дейишди. “Йўқ, сизлар текинхўрларсиз, таваккул қилувчи аввал донни ерга сепиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади”, деди».

Афсуски, оилани боқиш вазифамиз экан деб, кўчадан топганларимизни, ҳалолми, ҳаромми, суриштирмасдан ёки фарқига бормасдан уйга олиб келаётганларимиз ҳам йўқ эмас. Инсонда яшаш ва мол тўплаш ҳуқуқи бор, бу ҳуқуқни деб бурчимизни унутиш керак эмас. Аксинча, бу бурч бизга луқмамизни ҳаромдан сақлаш масъулиятини юклайди.

Луқма поклигини кўз қорачиғидек асраш лозим. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳалол ризқ талаб қилиш – иккинчи даражадаги фарздир”, дедилар.

Мусулмон киши билиб-билмай бирор гуноҳ содир этса, бу ишидан афсус-надомат чекиб, Раббисига истиғфор айтади, тавба қилади ва ёмон амалидан қайтади. Ана шундан кейингина қалб сокинлигига ва хотиржамликка эришади. Халқимиз бежиз: “Яримта ноним – роҳати жоним”, демайди.

Ҳалол ризқ талаб қилиш диннинг бир бўлагидир. Фақат шарти –  шариат талабига мувофиқ, жоиз йўл билан бўлишидир.

Агар  мақсадимиз фақат мол-дунё талабининг ўзигина бўлиб қолса, хоҳ у жоиз йўл билан бўлсин ёки ножоиз, хоҳ ҳаром йўл билан бўлсин, хоҳ ҳалол, у ҳолда ҳадисда зикр қилинган фарзни адо этиш фазилати топилмайди.

Ёши улуғларимиз билан суҳбатлашганимизда, XX асрнинг қирқинчи йилларида халқнинг бошига қийинчиликлар тушганки, ўша ҳолатни эшитган ёшларимиз Аллоҳ таолонинг неъматлари мўл-кўл замонда қийинчилик, очарчилик ва қаҳатчиликни тасаввур ҳам қила олишмайди. Лекин ўша вақтлар одамлар ҳалол яшашган, инсофи, имони бўлган, қорни оч эса-да, кўзи тўқ бўлган.

Хулоса қилганда, ҳалол ризқ топишда сабр, қаноат, кўзи тўқ бўлишнинг ўрни беқиёс. Аллоҳ барчамизни кўзи тўқ, ҳалолига қаноат қиладиган, собир ва шокир бандаларидан қилсин!

Зайнулобиддинхон ҚУДРАТОВ,

Пискент тумани “Мулла Бўта қози” жоме масжиди имом-хатиби