Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аллоҳни улуғлаш. У ( Аллоҳ ) нинг зикри ила қалблар ором олур

Аллоҳни улуғлаш. У ( Аллоҳ ) нинг зикри ила қалблар ором олур

Аллоҳ субхонаҳу ва таоло имон келтирган, Ўзининг амрларига итоатда бўлиб, қайтарган нарсаларидан сақланиб, парҳез қилган инсонлар ҳақида бундай марҳамат қилади:

«Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлинг, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур» (Раъд сураси, 28-оят).

Қуръони Каримнинг ўн учта сураси ўн олтита оятида зикрга буюрилган. Зикрнинг луғавий маъноси Аллоҳни ёдлашдир. Аллоҳни кўп зикр этган банданинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади, ихлоси ортади.

Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра ривоят қилади: Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: «Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қиладилар, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (осойишталик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади» (Имом Муслим).

Аллоҳга тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва салавотлар айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот, садақа ва инфоқ қилиш ҳамда ҳаж ва умра қилиш айни зикрдир.

Аллоҳ таолонинг зикрини адо этиш учун зокир маънавий ва жисмоний жиҳатдан пок бўлиши шарт. Дил ва тил билан бажариладиган зикрлар, масалан, тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир, Пайғамбаримизга салавотлар ва дуоларни таҳоратсиз, жунуб, ҳайзли, нифосли ҳолда ҳам айтавериш жоиз.

Жунуб киши, покланмагунича Қуръон оятларидан хоҳ узун, хоҳ қисқа оят бўлсин, тиловат қилиши ҳаромдир. Йўлда юриб кетаётган ва ҳаммомда ювинаётган ҳолда зикр қилиш мумкин.

Зикр Аллоҳга тазарру бўлгани учун, энг гўзал ҳолда, қиблага юзини бурган, ҳақиқий муҳтож кишилардек, ялиниб-ёлворган ҳолда қилинса, савоби улуғ бўлади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз дедилар: «Муфарридлар зафарга эришдилар». Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, “муфарридлар” кимлар?» деб сўрашди. Пайғамбаримиз уларга: «Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар муфарридлардир», деб жавоб бердилар.

Аҳзоб сурасининг 35-ояти Каримаси «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир» тафсирида уламолар турли фикрлар билдиришган. Яъни, «Аллоҳни кўп зикр қилувчилар» деб кимларни айтилади?

Саид ибн Жубайрнинг сўзларига кўра, ҳар бир киши бирор амални бажаришда Аллоҳга итоат, Унинг розилигини топиш ниятида бўлар экан, у одам зокирдир. Абу Саид Худрий ривоят қилади. Пайғамбаримиз дедилар: «Эркак киши ярим тунда ўз аёлини уйқудан уйғотса, икковлари ҳам икки ракат намозни ўқисалар, улар «Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар» қаторига ёзилади (Имом Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа).

Имом Абул Ҳасан Воҳидий Ибн Аббосдан эшитиб, айтган фикрларича, улар беш вақт намоздан кейин ҳам, эрталаб ҳам, кечқурун ҳам, ётган жойларида ҳам, уйқудан уйғонган вақтларида ҳам, уйларидан кетаётган ва қайтиб келаётган вақтларида ҳам Аллоҳни зикр этувчилардир. Мужоҳид айтади: «Тик турганида ҳам, ўтирганида ҳам, ётганида ҳам Аллоҳнинг зикрида бўлмаган эркаклар ва аёллар «Аллоҳни кўп зикр этувчилар»дан бўлмайдилар». Ато ибн Рабоҳ айтади: «Беш вақт намознинг ҳақларини мукаммал адо этган кишилар «Аллоҳни кўп зикр этувчилар»дан саналади» (Имом Нававий. “Ал-Азкор”, 10-бет).

Зикр сабаби билан банда учта марҳаматга эга бўлади:

  1. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзини ёд этган (зикр қилган) банданигина ёд этади:

«Мени зикр этинглар, мен ҳам сизларни зикр этаман» (Бақара сураси, 152-оят).

2.Аллоҳ зикрини кўп қилган киши бутун ҳаётида, ҳатто уйқусида ҳам ибодат билан машғул бўлган ҳисобланади:

«Мен инсонлар ва жинларни фақат менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

  1. Аллоҳни кўп зикр қилган киши ҳар қандай қийинчилик ва машаққатдан нажот топади:

«Бас, агар у (Юнус) Аллоҳга доимо тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у балиқ қорнида қиёматгача қолиб кетган бўлур эди» (Соффат сураси, 143–144-оятлар).

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота » жоме масжиди
имом-хатиби Эшонҳўжаев Саидроҳим.
Манбаалар асосида тайёрланди

[carousel-horizontal-posts-content-slider]