Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Аллоҳдан сўра, Аллоҳдан тила

Аллоҳдан сўра, Аллоҳдан тила

Ҳадис шарҳи

عَنْ اِبْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : كُنْتُ خَلْفَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ يَوْمًا فَقَالَ يَا غُلامُ إنِّي أعلِّمُكَ كلِماتٍ ، احفَظِ اللَّهَ يحفَظكَ ، احفَظِ اللَّهَ تَجِدْهُ تجاهَكَ ، إذا سأَلتَ فاسألِ اللَّهَ ، وإذا استعَنتَ فاستَعِن باللَّهِ ، واعلَم أنَّ الأمَّةَ لو اجتَمعت علَى أن ينفَعوكَ بشَيءٍ لم يَنفعوكَ إلَّا بشيءٍ قد كتبَهُ اللَّهُ لَكَ ، وإن اجتَمَعوا على أن يضرُّوكَ بشَيءٍ لم يَضرُّوكَ إلَّا بشيءٍ قد كتبَهُ اللَّهُ عليكَ ، رُفِعَتِ الأقلامُ وجفَّتِ الصُّحفُ

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларидан (уловларига) мингашиб кетардим. У зот алайҳиссалом бундай дедилар: “Эй болакай, сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин – У (Зот) сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла – У (Зот)ни қаршингда топасан. Сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамланса, фақат Парвардигор сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа олади. Агар улар сенга бирор зарар бермоқ қасдида тўпланишса ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера олишади. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган” (Имом Термизий ривояти).

Ҳадисда авлодларни тарбиялаш, уларни (тўғри эътиқодга) йўналтириш, қалбларни Аллоҳга боғлашни таълим берувчи буюк қоидалар мавжуд. Уламолар ҳадиснинг мавқеи борасида гўзал фикрлар айтишган. Масалан, Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис буюк мавқега эгадир”, деган. Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ эса: “Ҳадисни тадаббур этдим, у мени ҳайратга солди. Идроксиз эканман. Бу ҳадисга эътибор қаратмаган ҳамда маъносини етарлича тушунмаганнинг ҳолига ачинаман”, деган.

“Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин”. Яъни, буйруқларини бажар, уларга бўйсун ва қайтариқларидан узоқлаш. Мўмин сақлаши лозим бўлган баъзи муҳим амаллар қуйидагилар: таҳорат, сабаби, у намознинг калитидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фақат мўмингина таҳоратга риоя қилади”  (Имом Ибн Ҳиббон ривояти), деб таълим берганлар.

Намоз: кўп оятларда намозни муҳофаза қилишга буюриламиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан, ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйинсунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!» (Бақара сураси, 238-оят).

Қасам: баъзилар зарурат бўлса-бўлмаса, қасам ичаверишади. Улар орасида Аллоҳ таоло номига ёлғон онт ичадиганлар ҳам бор. Парвардигор кўп оятларда бандаларини ушбу иллатдан қайтаради: «Қасамларингизни муҳофаза қилинг» (Моида сураси, 89-оят).

Бош ва қорин: яъни, қулоқ, кўз ва тилни ҳаромдан тийиш. Қоринни ҳаром луқма ейишдан сақлашдир.

Тил ва фарж: ҳаромдан сақлаш вожиб бўлган энг аҳамиятли нарса мана шу иккисидир. Бунга Набий алайҳиссаломнинг: “Ким икки жағи орасидаги ва икки оёғи орасидаги нарсани (ҳаромдан) сақласа, жаннатга киради” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти), ҳадислари далил.

У (Зот) сени сақлайди. Аллоҳ таоло ҳар бир амалга муносиб тарзда унинг мукофотини белгилади. Ким Аллоҳ таолонинг ҳақларини сақласа ва уларга риоя қилса, Парвардигор ўша банданинг моли, бадани, аҳли, шунингдек, кексайганда ўзини, ҳатто вафот этгандан кейин зурриётларини ҳам сақлайди. Яна Парвардигор уни шубҳалар, ҳаром шаҳватлардан асрайди. Динида собит турганда вафот топтиради.

Аллоҳнинг ҳақларини сақла Уни қаршингда топасан”. Ушбу жумла Аллоҳ бандаси билан бирга эканининг исботидир. Аллоҳнинг ҳақларини сақлаган мўмин-мўмина қаерга юзланмасин, Парвардигорни ёнида топади. Буюк Раббимиз унга кўмаклашади, тўғри йўлга йўналтиради ҳамда душман устидан ғалаба беради: «Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл сураси, 128-оят).

“Сўрасанг, Аллоҳдан сўра”. Аллоҳ таоло бандалари кўп дуо қилишларини яхши кўради. Чунки дуода гўзал гумон ва таваккул бор. Шу боис, фақат Аллоҳ қодир бўладиган нарсани бошқадан сўраш ширкул акбар бўлиб, у мўминни диндан чиқаради (Аллоҳ асрасин!): «Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!» (Жин сураси, 18-оят). Аммо эҳтиёж учун ўзга кишидан мол, манфаат сўраш мубоҳ ишлардан. Чунки бу амал тавҳидга зид эмас.

“Кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила”, яъни ёрдамни Аллоҳ таолодан сўра. Мўмин бирон-бир ишни бажаришдан олдин ёки бажариш асносида қалбан Аллоҳга юзланади. Боиси Парвардигор яккаю ёлғиз ёрдамчи, ишларнинг тизгини У Зотнинг қўлида. Бандаларига енгиллаштирувчи, сабабларнинг Яратувчисидир. Фойда бериш ва зарар етказиш Парвардигорнинг измида.

“Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамланса ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа олади. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўпланишса ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера олишади”.

Имон қоидаларидан буюги: бўйсуниш ҳамда фойда ва зарар етказиш ёлғиз Аллоҳ таолонинг қўлида эканига қалбнинг иқрор бўлишидир. Парвардигор бандасига етадиган нарсани Ўзи қандай хоҳласа, қачон хоҳласа, белгилайди. Ҳеч ким Аллоҳнинг иродаси рўёбга чиқишини тўхтата олмайди. Сабаби, махлуқотлар фойда ҳам, зарар ҳам етказишга қодир эмас. 

“Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган”. Ушбу жумла дунёда бандага етувчи барча яхшилик ёки ёмонлик унга тақдири азалда битилганининг исботидир.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]