Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / АЛДАНИБ ҚОЛМАНГ, АЗИЗ ЮРТДОШИМ!

АЛДАНИБ ҚОЛМАНГ, АЗИЗ ЮРТДОШИМ!

Фолбинлик, азайимхонлик ва сеҳр-жоду қилувчилар – нафсининг  қулига айланган алдоқчи кимсалар. Улар бу қилмишлари билан диндан чиқадилар. Уларга ишониб эътиқод қилувчилар эса адашади, катта гуноҳга ботади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада огоҳлантирганлар: “Ким коҳин ёки фолбинга борса, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммадга нозил қилинган нарсага куфр келтирибди” (Имом Аҳмад ривояти).

Бошига синов келган, иши юришмаган ёки кассали тез тузалмаган тушкун кишиларга айримлар: “Фолбинга боринг, бирортаси амал қилиб қўйган бўлмасин”, деб маслаҳат беришади. Фолбин: “Амал қилишибди”, “Бундан қутулиш учун қора хўроз сўйиб, қонини пешонангизга суртасиз ёки остонангизга оқизасиз”, “Ис чиқариб, чалпак қиласиз”, “Пичоқ (қамчи) билан елкангизни қоқиш керак”, “Фотиҳа олишингиз керак” қабилида маслаҳат беради.

Эътибор қаратсак, фолбинлар инсон бошига тушган ҳар қандай синовларни кетказишни бирор нарсага ёки егуликка боғлиқ деб уқтиришади. Аслида, ҳар бир мусибат, ҳорғинлик, дард Аллоҳ таоло изни билан бўлади. Шу боис бундай ҳолатларда ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидангина мадад сўралади.

…Ажралиш учун эри суд идорасига ариза берган ёш келин ёрдам сўраб келди. Суҳбатдан маълум бўлдики, унинг онаси оғир касалликдан анча дард чекиб, яқинда вафот этган экан. Келиннинг бемор онасини кўргани тез-тез бориб тургани қайнонага ёқмаган, куёв ҳам онасига қўшилиб уни уйдан ҳайдаган. Ёш болали аёлнинг қайнонасига, эрига илтимослари, ялинишлари самара бермаган. Ноилож отасиникида яшай бошлаган. Талаба синглисига курсдош бўлган, уйларига келиб-кетиб юрадиган, барча гап-сўзлардан хабардор қизнинг: “Сизни дуоибад қилишганга ўхшайди. Ҳоҳласангиз, бир танишим бор, муаммоларингизни ечиб беради”, деган сўзига ишониб, келин у билан бирга фолбиннинг олдига боради. Фолбин ўзини гўё келин бошидан ўтганларини ғойибона билгандек кўрсатади, муаммоларини ҳал қилиш учун катта миқдорда пул олиб келишини сўрайди. Келин отасидан, танишларидан қарз сўраб пул олиб пул олиб боради. Бунинг эвазига фолбин унинг онаси қабрини бир неча марта айланиб, гўё “дуоибаднинг белгиларини топиб, даф қилади”. Кейин яна катта пул олиб, эвазига “эрини иситиб бериши”ни айтади. Аммо, ойлар ўтса-да, келиннинг ҳаёти ўзгармайди, эри бошқасига уйланиш ҳаракатида эканини  эшитиб, бизнинг олдимизга келган экан.

Уни алдаб юрган фолбинни топишимиз осон бўлмади. Чунки у одамлар билан ҳар гал бошқа-бошқа жойларда учрашаркан. Лекин топдик. Маълум бўлдики, оиласи юзини ерга қаратган, ота-онасини норози қилгани учун ўз уйига ҳам боролмай қолган, касб- корини тайини йўқ ёшгина аёл фирибгарликни даромад манбаига айлантириб олган.

Мижоз топиб берган ҳамтовоқлари (юқорида айтилган талаба қиз каби) ҳам бор экан. Келиннинг пулларини ундириб бердик. Товламачиликни ички ишлар ҳодимлари назоратига топширдик. Афсуски, бунақа мисоллар кўп. Бунинг жиддий сабабларидан бири, ўша фолбиннинг суҳбат чоғида: “Лақма одамлар ўзи келиб, ишониб тургандан кейин, мен берганини олавераман-да”, деган жавобида ойдинлашади.

Диндан хабардор бўлмай, халқ орасида тайини йўқ фатволар бераётган норасмий сохта отинлар ҳам йўқ эмас. Чунки айрим жойларда бидъатга гувоҳ бўлганимизда, одамлар ўз хатти-ҳаракатларини: “Фалончи отин шундай қилса, тўғри бўлади”, деди деб изоҳлашди.

Ким нима деса, ишониб кетавериш мўмин кишига ярашмайди. Чунки Ислом динида ҳар бир нарсанинг ҳукми очиқ-ойдин айтиб қўйилган, шу жумладан, фолбинлик, азайимхонликнинг ҳам. Шундай экан, жуда эҳтиёт бўлишимиз шарт. Алданиб қолманг, азиз диндошим!

Қамариддин ҚАМБАРОВ,

Янгийўл тумани бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]