Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / АҚИДАТУН НАСАФИЯ (3-қисм)

АҚИДАТУН НАСАФИЯ (3-қисм)

و الكبيرة لا تخرج العبد المؤمن من الايمان و لا تدخله فى كفر

Кабира (гуноҳ) мўмин бандани имондан чиқармайди ва уни куфрга киритмайди.

(Гуноҳлар икки турга бўлинади. Кабира ва сагира – катта ва кичик гуноҳлар. Катта гуноҳларнинг сони чекланган. Одам ўлдириш, зино қилиш, сеҳр-жоду ишлатиш, ота-онага оқ бўлиш, судхўрлик қилиш кабилар катта гуноҳлардир. Улар тўққизтадан то уч юзгача саналган. Хавориж тоифаси катта гуноҳ қилган кимсани кофир бўлади, дейдилар. Бу қоида уларга раддия сифатида айтилган.).

و الله لا يغفر الشرك و يغفر ما دون ذلك لمن يشاء من الكباير والصغاير و يجوز العقاب على الصغيرة و العفو عن الكبيرة اذا لم يكن عن إستحلال و الإستحلال كفر

Аллоҳ таоло унга ширк келтиришни кечирмайди. Мана шундан бошқа сағира ва кабира гуноҳлардан иборат нарсаларни (ўзи) хоҳлаган кимса учун мағфират қилади. Сағира (гуноҳлар)га азоб бериш, кабира (гуноҳлар)ни афв қилиш жоиз бўлади. Қачонки, (кабира гуноҳлар) ҳалол санашдан иборат бўлмаса. Чунки, (гуноҳларни) ҳалол санаш куфрдир.

و الشفاعة ثابتة للرسل و الأخيار فى حق اهل الكباير بالمستفيض من الأخبار

Шафоат хабарларда тўла келганлиги (яъни, машҳур бўлганлиги) учун аҳли кабира (катта гуноҳларни қилганлар) ҳаққида яхши (зот)лар ва Пайғамбарлар учун берилиши муқаррардир.

(Яхши зотлардан мурод солиҳ амал қилувчилар, тақводорлар, пайғамбарлар, шаҳидлар, саҳобалар, билганига амал қилувчи олим ва қорилардир. Улар ҳам Аллоҳнинг изни билан шафоат қиладилар.).

و اهل الكباير من المؤمنين لا تخلدون فى النار

Мўъминлардан бўлмиш аҳли кабиралар дўзахда абадий қолмайдилар.

(Мўъмин-мусулмонлар катта-катта гуноҳларни қилиб-қилиб, тавбасиз ўлган бўлсалар ҳам дўзахда абадий қолиб кетмайдилар. Гуноҳларига жазо олиб, гуноҳкорлар мўъмин-мусулмон бўлганлари учун алалоқибат жаннатга киритиладилар. Бу Аллоҳ таолонинг фазли-маҳамати, шафоатчиларнинг шафоати ила амалга оширилади. Жаннатга кирган гуноҳкор мўъминлар билан гуноҳсиз мўъминларнинг жаннатдаги даражалари фарқли бўлади, албатта).

Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси