2021 йилнинг 13 январь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблари билан учрашув ўтказилди. Йиғилишни Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалилов ўтказди.

Йиғилишда туман масжидларида 2020 йилда амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашинилди. Шунингдек, 2021 йилда қилиниши лозим бўлган ишлар, келгусидаги режалар муҳокама қилиниб, ҳар бир диний соҳа ходимининг масъулияти ва вазифасига виждонан ёндошуви лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилиб, Бўстонлиқ тумани бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи этиб “Хўжакент” жоме масжидининг имом-хатиби Жамолиддин Бўриев тайинланди.

Шу билан бирга, ҳар бир масжидда 5 маҳалги намозларда намоздан олдин ёки кейин имом-хатиблар томонидан Ҳанафий мазҳабига доир маърузалар қилиб боришлари таъкидланди. Ҳозирги глобаллашув жараёнида турли хил бидъат ва хурофотларнинг олдини олиш, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш ҳолатларини бартараф этиш, кенг оммага Соф Ислом таълимотларини, Ҳанафийлик мазҳабини тарғиб қилиш мақсадида, диний соҳа ходимларининг ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги