Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Набийга саловот айтинг ва салом йўлланг

Набийга саловот айтинг ва салом йўлланг

إن الله وملاىٕكته يصلون على النبي يا أيها الذين آمنوا صلوا عليه وسلموا تسليما

Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинглар ва салом юборинг (Аҳзоб сураси, 56-оят).

Оламларнинг Роббисига энг улуғ ҳамдлар ва Расулуллоҳга энг афзал саловот ва саломлар бўлсин.

Саловот араб тилида «салот» сўзининг кўплик шакли бўлиб, дуо маъносини англатади. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида бу тўғрисида шундай деганлар:

Ал-Бухорий Абу Олиядан ривоят қилиб, дейди: «Аллоҳнинг саловоти фаришталар ҳузурида мақтовидир. Фаришталар саловоти эса дуодир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Саловот айтурлар, яъни барака тилашади», – дедилар. Суфёни Саврий эса: «Роббнинг саловоти раҳмат ва фаришталарнинг саловоти истиғфордир», – дедилар. Бу оятдан мурод Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларига ўз бандаси ва набийининг ўз ҳузуридаги ўрни энг олий табақадалигини, муқарраб фаришталари ҳузурида мақташини ва фаришталар у кишига саловот айтишларини хабарини беришдир. Сўнг оламлар аҳлининг барчасидан у кишига мақтов тўпланиши учун қуйи олам аҳлини у кишига саловот айтишлари ва салом юборишларига буюрди.¹

Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Яъни Аллоҳ жалла ва ала набийини раҳм қилади, шаънини улуғлайди ва мақомини кўтаради. Ва марҳаматли фаришталари эса Набий учун дуо қилурлар, у киши учун истиғфор айтурлар ва Аллоҳдан бандаси ва расулини шарафлашини ва унга мартабаларнинг энг олийсини беришини сўрашади.²

Eй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинглар ва салом юборинглар. Яъни сизлар ҳам эй мўминлар у кишига саловот ва саломларни кўпайтиринг. Чунки у кишининг сизлардаги ҳаққи улуғдир, батаҳқиқ сизлар учун залолатдан ҳидоят сари халос қилувчи бўлдилар, сизлар учун зулматлардан нур сари чиқарувчи бўлдилар. Шунинг учун ҳам ҳар доим у кишининг шарафли исми зикр қилинганда «Аллоҳумма солли алá Муҳаммадин ва алá áлиҳи ва саллим таслиман касиро», деб айтинглар.²

Имом Абу Лайс Ас-Самарқандий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Баҳрул улум» номли тафсирларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш фазилати тўғрисида ажойиб ҳадислар зикр қилиб ўтганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Менга саловот айтинглар, чунки саловот сизлар учун барака ва зиёдаликдир. Ва Аллоҳдан мен учун Ал-Васила сўранглар». «Эй Аллоҳнинг расули Ал-Васила нима?» – деб сўрашди. «У Жаннатдаги энг олий даража, унга фақат битта одам эришади ва мен ўша одам бўлишимга умид қиламан», – дедилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у киши шундай деганларини ривоят қилади: «Ким менга бир маротаба саловот айтса, Аллоҳ унга ўн маротаба саловот айтади ва ўнта хатосини ўчиради». Ва айтиладики, ибодатлардан ҳеч нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан афзал эмас, чунки бошқа ибодатларни Аллоҳ бандаларига буюрган, аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотга келсак, аввало, Ўзи саловот айтди, сўнг фаришталарига буюрди, сўнг бандаларига буюрди.³

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ эса ўз тафсирларида Абу Исо Ат-Термизийнинг Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дегалари ҳақидаги ривоятини келтиради: «Қиёмат куни менга энг яқин одам менга саловоти энг кўпидир».¹

Шунинг учун ҳам намоз ичида ҳам, ундан сўнг зикр пайти ҳам ва ҳар сафар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари зикр қилинганда, у зотга саловот айтамиз. Биз у кишини яхши кўрамиз деймиз. Лекин у кишини қандай яхши кўришимиз кераклигини тушунишимиз лозим бўлади. Биз у кишини одамларнинг ҳаммасидан кўпроқ яхши кўришимиз керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мен унга ота-онаси, боласи ва одамларнинг ҳаммасидан суюклироқ бўлмагунимча ҳеч бирингиз иймон келтирмайди» (Имом Ал-Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можа ва Доримий ривоят қилишган).

Нимага бундай? Ўйлаб кўрайлик… У киши бизга Қуръонни ва ҳикматни ўргатдилар, бизни покладилар ва тўғри йўлга Аллоҳ изни ила бошладилар. Бундан улуғ хизмат йўқ, чунки бизга у киши Аллоҳни танитмаганларида, Қуръон, суннат, ҳалол ва ҳаромни ўргатиб кетмаганларида, биз нажот топа олармидик?! Бизни Қиёмат куни шафоат қиламан деганлар. Бизнинг ҳар биримизнинг у улуғ кунда аҳволимиз тўгрисида қайғурадиган инсонни нимага энди биз яхши кўрмаймиз?! Ваҳоланки, «У куни киши қочади; ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва боласидан» (Абаса сураси, 34-36 оятлар). У киши инсонларни Дўзах ўти оловидан огоҳлантирди ва Аллоҳ изни ила Жаннатга тўгри ва осон йўлни кўрсатдилар. Бу йўл эса бизнинг яратувчимиз Аллоҳга иймон келтириш, буюрган амрларига тоатда бўлиш ва бу чегараланган, ўткинчи дунёда сабр билан гуноҳлар ва маъсиятлардан тийилишдир. Бизга раҳм қилиб махлуқотлари ичида энг суюкли ва афзал бандасини набий қилиб юборган меҳрибон ва раҳмли Аллоҳга чексиз ҳамд ва санолар бўлсин.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Мухтасару Тафсири Ибни Касир – Шайх Муҳаммад Али Ас-Собуний
  2. Софват Ат-Тафасир – Шайх Муҳаммад Али Ас-Собуний
  3. Баҳрул Улум – Имом Абу Лайс Ас-Самарқандий
  4. Тафсири Ҳилол – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

“Кўкалдош” ўрта-махсус билим юрти
2-курс талабаси Фозилов Юнус

[carousel-horizontal-posts-content-slider]