Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЗУЛМАТЛАРНИ НУР БИЛАН ЁРИТАЙЛИК!
Books HD

ЗУЛМАТЛАРНИ НУР БИЛАН ЁРИТАЙЛИК!

Алҳамду лиллаҳи роббил аъламин. Вал ъақибату лил муттақин. Вас салоту вассалому ъала расулиҳи ва ъала олиҳи ва соҳбиҳи ажмаъин.

Динимизда инсонпарварлик ва жамият ислоҳоти олдинги ўринларга кўтарилган, жумладан, манфаати ва зарари умумий инсонларга, одамларга тегишли ишлар – ҲАҚҚУЛЛОҲ деб юритилиб, битта шахснинг манфаатидан  устун ва юқори туради.

Мисол тариқасида келтирсак, одамларнинг ҳар бирининг анхордан экин суғармоқ, тегирмон қурмоқ ва чиғириқ қўшиб сув торттирмоқ ҳақлари бордир.

Лекин шу сув ҳаққини олмоқда бошқаларга зарар берса, масалан, экинларга, боғларга – ариқ кавлаб сув келтирса, одамларнинг экинларини ё қишлоқларини сув босиб кетадиган бўлса, сув олмоқ ҳаққи соқит бўлади. Энди у сув олишга ҳақли бўлмайди. Кўпчиликнинг фойда – зарари бир кишиникидан устундир.

Шу ўринда президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий мажлисга мурожаатини келтириб ўтишимиз ўринлидир.

“Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши маърифат” деган эзгу ғоя асосида Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олийжаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш, кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади”, – деган  сўзлари нақадар долзарб масаладир. Президентимиз барча фуқароларини маърифатли, зиёли бўлмоғини истаб, уларни илм –маърифатга чорламоқдалар.

Аллоҳ Таоло Раъд сурасида: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?» (яна ўзингиз) «Аллоҳ», – деб жавоб қилинг! «Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?» – денг! Яна айтинг: «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: «Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир” (16-оят), деб,  нур – илм-маърифатни зулмат, жаҳолатга қарши энг кучли ягона даво, омил эканлигини баён қилмоқда.

Билимсиз инсон – гўё кўр, кўзи ожиз, ҳар нарсани ҳақиқатини билмайдиган, ҳар қандай фикрга кўр–кўрона эргашиб кетадиган бўлишини айтмоқда. Аммо билимли инсон, олим одам гўё кўзи очиқ, ҳақиқатни кўра биладиган инсонга тенгланиб, бу иккисининг ўртасида қанча фарқ борлиги айтилмоқда.

Яъни кўзи очиқ инсон билан кўзи ожиз инсон ҳеч қачон тенг бўлмайди. Кўзи ожиз инсон доим ўзга бир кишининг кўмагига эҳтиёж сезади.

Кўзи очиқ инсон эса ҳар бир ишнинг тўғрисини, моҳият ва маъносини англайди.

Биз инсонлар ҳар биримизнинг жамиятда моддий ўрнимиз (турар жойимиз, доимий рўйхатдан ўтганлигимиз) бўлгани каби, албатта, ҳар биримизнинг маънавий ўрнимиз ҳам бор. Бизлар шунчаки, бекордан-бекорга яратилмаганмиз.

Аллоҳ Таоло Қурони Каримнинг Қиёмат сураси 36–оятида:

“Инсон ўзини бекор ташлаб қўйилади деб ўйлайдими?!” – деб, бизларнинг ҳар биримизга аниқ ўлчовли умр берганлиги ва аниқ ишларга масъул эканимизни баён қилгандир.

“Инсон билмаган нарсасининг душманидир” – деган нақл бежиз эмас. Билимсизлик – жаҳолат, гўё қоронғу бир зулмат. Унда йўл топиш учун илм-маърифат чироғи даркор.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар биримиз ота – боболаримиз илмий меросидан бахраманд бўлишимиз, фарзандларимизни, айниқса, бой меросимиздан унумли фойдалантиришимиз ва тўғри йўлга йўналтиришимиз керак.

Бутун дунёда тараққиёт соат сайин эмас, балки дақиқа ва сонияда олдинга қараб ўсмоқда. Шунга ҳамоҳанг Ўзбекистонимиз ҳам ўз мақсадлари йўлида мисли кўрилмаган тезликда, шитоб билан олдинга қадам қўймоқда, ўзгармоқда. Ўтган тузим ва ундан қолган, замонга жавоб беролмайдиган (сарқит) қонунларимизни, Президентимиз бошчилигида Олий Мажлис палаталарида қайта кўриб (миллатимизга мос равишда) ўзгартириб, ислоҳ қилмоқдалар.

Президентимиз бошлаган бу ислоҳотларга биз, диний уламолар ҳам, ҳатто ҳар бир фуқаро ўз хиссамизни қўшишимиз зарур. Албатта, биз Аллоҳнинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари билан халқимизни илм–маърифатга чорлаймиз. Ҳар куни ўз динимиз ва диёнатимиз тўғрисида биргина ҳукмни ўргансак, бир ойда ўттизта, бир йилда 365 та ҳукмни – масалани тўғри бажарадиган бўламиз. Икки – уч йилда ҳаммамиз Аллоҳнинг наздида бандачилик ҳақларимизни тўғри адо этадиган, юртимиз олдида ҳам фуқаролик бурчларимизга масъулиятли бўлган – у дунёсини деб бу дунёсини, бу дунё деб охиратини барбод қилмайдиган – маърифатли уммат бўлиб шаклланар эдик. Зеро, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз охирати деб бу дунёсини, бу дунёси деб охиратини ташлаб қўймаганларингиздир”, – деб икки дунё бахтини қўлга киритиш башоратини берганлар.

Биз Тошкент вилояти аҳолиси ҳам ўз устимизда ишлаб, илм – маърифат ҳосил қилиб, Ватан келажагига ўз ҳиссамизни қўшсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аллоҳ Таоло юртимизни тинч, ишларимизни осон, кўнгилларимизни меҳрли ва барчамизни икки дунёда бахтли инсонлардан айласин. Вассалому ъалайкум ва раҳматуллоҳ.   

Ўртачирчиқ тумани бош имом-хатиби А.Абдусатторов