Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Зуҳд – Аллоҳ ҳалол қилган неъматни ўзига ҳаром қилиш эмас…

Зуҳд – Аллоҳ ҳалол қилган неъматни ўзига ҳаром қилиш эмас…

 

يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ ۚ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ

 

Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир (Бақара сураси, 168-оят).

Ушбу ояти карима, Сақиф, Хузоа, Омир ибн Саъсаъ, Бани Мудлиж қабилалари ҳақида нозил бўлди. Улар ўзларига الحرث деҳқончилик, الأنعام чорва ҳайвонлари, البحيرة озод (чўри бўлмаган) аёлнинг қизлари, السائبة назр қилиш ёки бошқа мақсадда ташлаб қўйилган туя, الوصيلة уч марта урғочи эгизак туққан она эчкини (Жоҳилият даврида агар еттинчиси така туғилса, уни худолари йўлида қурбон қилганлар. Агар эгизак така ва урғочи туғилса, урғочининг шарофати билан такани тирик қолдирганлар. Лекин она эчкининг сути аёллар учун ҳаром ҳисобланган) – мазкур санаб ўтилган нарсаларни ҳаром қилиб олган эдилар.

Ҳалол – Шариат ҳалол қилган пок нарсалардир.

Уламолар унинг таърифида: “Ҳалол бу – роҳатланадиган ва лаззатланадиган нарсалардир. Мусулмон киши ҳалолдан роҳатланади, ҳаромдан нафратланади”, – деганлар. Шунингдек, ҳалол бу – тоза ва пок нарсалардир.

Тафсири  Олусийда ушбу ояти кариманинг шарҳида қуйидагилар келади:

“Эй инсонлар, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ер юзида мавжуд бўлган, покиза нафслар лаззатланадиган, тоҳир қалблар роҳатланадиган барча ҳалол нарсаларни ейишларингизга рухсат (ижозат) берди. Бу покиза неъматлардан исроф қилмасдан, ғурурга кетмасдан меъёрида фойдаланинглар. Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг шукрини адо этинглар”.

Бундан бошқа оятларда ҳам, Аллоҳ таоло бандаларига ҳалол, покиза нарсалардан фойдаланишга амр қилган.

قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبادِهِ وَالطَّيِّباتِ مِنَ الرِّزْقِ، قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آمَنُوا فِي

الْحَياةِ الدُّنْيا خالِصَةً يَوْمَ الْقِيامَةِ، كَذلِكَ نُفَصِّلُ الْآياتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

Сен: «Аллоҳ Ўз бандалари учун чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» – деб айт. Сен: «Улар дунё ҳаётида иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», – деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз (Аъроф сураси, 32-оят).

Ушбу ояти карима, юқорида зикр қилинган жоҳилият давридаги “зоҳидликни” даъво қилган айрим қабилалар ҳақида нозил бўлган бўлса ҳам, унинг ҳукми умумдир. Мусулмонлар ичида айримлари зуҳди–тақво даъвосида ўзларига Аллоҳ ҳалол қилган покиза неъматларни ҳаром қилиб оладилар.

Аслида “зуҳд” бирор нарсадан юз ўгириш маъносини англатади. Абу Идрис Ҳаволоний зуҳд ҳақида бундай деганлар: “Ҳақиқий зоҳид ҳалол нарсани ўзига ҳаром қилмайди, дунёдан воз кечмайди. Балки ўз қўлидагидан кўра, Аллоҳ таолонинг ҳузуридагига ишонади, етган бирор мусибат эвазига ажру савоб умид қилиб, янада хотиржам бўлади”.

Абу Сулаймон Доримий: “Бирор кишининг зоҳирини кўриб, зоҳид экан, демагин. Чунки зуҳд қалбда бўлади”, деганлар. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Зуҳд киши бирор одамни кўрганида уни ўзидан афзал билишидир”, деганлар. Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ): “Дунё борасида зоҳидлик орзуларнинг қисқалиги ва одамлар қўлидаги нарсалардан тама қилмаслик”, деганлар.

Демак, ҳақиқий зуҳд ҳамма нарсадан юз ўгириб яшаш эмас, балки мол-дунёга муҳаббат қўймаслик, қўлдан кетганига қайғурмай, етган азиятга сабр билан Аллоҳ таолодан савоб умид этиш, эришган ютуқлари учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, яна савоб умид қилишдир.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan