Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Зиёратми ёки зиёфат.?

Зиёратми ёки зиёфат.?

Маълумки, мустақил Ўзбекистонимиз бой тарих ва улкан моддий, маънавий меросга эга диёр ҳисобланади. Қолаверса, бу заминда муқаддас қадамжолар ва азиз авлиёлар маскан топган зиёратгоҳлар ҳам талайгина. Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардаёқ марҳум юртбошимиз Ислом Каримов томонидан ушбу муқаддас қадамжоларни, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиб бериш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилгани барчамизга сир эмас. Бугун ҳам шу хайрли ишларнинг давом этиб бораётгани бутун ўзбек халқини қувонтиради, албатта. Бу яратилган ва яратилаётган қулайликлар ва шароитларнинг барчаси зиёратчилар ўз зиёратларини эмин-эркин амалга оширишлари учундир.

Аммо бугунги кунда амалга ошираётган зиёратларимиз шариатимизга ҳам шароитимизга мос келмоқдамикан? Биз зиёрат деб қилаётган ишларга динимиз нима деркан? Ҳеч шу ҳақида ўйлаб кўрганмизми?

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси муборакларида қабрларни зиёрат қилишликка тарғиб қилганлар. Унга кўра “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади” (Ибн Можа) дейилган. Шу ҳадисга мувофиқ қабрларни, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишликдан мақсад, охиратни эслашлик, ўлим барча яратилинган мавжудоту махлуқотнинг бошига тушадиган аниқ иш эканлиги ҳақида тафаккур қилиб, хайрли ва савобли ишларга бел боғлашликни шу зиёрати давомида қасд қилиши лозим бўлади. Зиёрат мобайнида киши бир муддат бўлсада дунё ташвишларини унитиб, охират тўғрисида, қабр ва ундаги ҳолат тўғрисида, қиёмат кунида бу дунёда қилиб ўтган яхши-ёмон амалларидан ҳисоб китоб қилиниши тўғрисида ўйга толиши лозим.

Лекин минг афсуслар бўлсинки бугун зиёратгоҳларимиз ширк ва бидъат ишлар билан тўлиб тошган. Турли хил, асли динимизга тамомила ёт бўлган мункар ишлар авж олган. Турли хил жонлиқлар олиб келиниб, ношаръий йўллар билан сўйилиб, айтиш жоиз булса зиёратгоҳлар “зиёфатхона”ларга айланиб кетмоқда. Аллоҳ номига қилиниши лозим бўлган қурбонликларни турли хил авлиёларнинг номига атаб сўйиб, ширкка олиб борувчи ишларни қилиб қўймоқдалар. Агар зиёратгоҳ тоғли, сўлим жойда жойлашган бўлса, тағин у ердаги базму жамшидни, у ердаги исрофгарчиликни кўраверасиз…

Ахир Аллоҳ таоло биз бандаларини берган неъматларига шукр қилиб, куфрона неъмат қилишликдан қайтармаганми?! Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида шундай марҳамат қилади: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.

Зиёрат қасдида келиб, аслида нимага келганлигини унутиб қўяётган “зиёратчи”лар ушбу ояти Каримага амал қилишлари лозим бўлади. Шунақанги тинч замонда, озод заминда яшаётганлиги учун яратганга ҳамдлар айтиб, берган неъматларига шукр қилиб яшаш лозим. Аслини олганда, зиёратгоҳларга бориб, у жойда зиёфат, ичкиликбозлик, бақир-чақир, тўполон қилиб бошқа зиёратчиларга озор беришликнинг ўзи нотўғри иш. Қанча зиёфат, қанча йиғину базмларни ният қилган бўлса, чойхонаю тўйхоналарда ўтқазиш мақсадга мувофиқдир. Киши зиёратга бордими, унинг одобларига риоя қилиши, қилаётган ушбу зиёрати учун бериладиган савобдан умид қилиб ҳаракат қилиши лозим.

Зиёратчиларимиздан қилаётган зиёратларининг одобларига риоя қилишларини, исрофга, ширкка сабаб бўладиган амаллардан эҳтиёт бўлишларини сўраймиз.

Бўстонлиқ тумани “Толи Бува” масжиди
имом-хатиби Бурихонзода Маъруфхон