Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Зиёратгоҳга нима учун борамиз?

Зиёратгоҳга нима учун борамиз?

Сўнги йилларда улуғ авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилишга ҳукуматимиз томонидан ҳам халқимиз томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бу ишда бир қанча фойдалар бор. Жумладан, тарихда ўтган улуғ аждодларимизни таниш, уларнинг ибратли ҳаётларини ўрганиш ва келажакда яна шундай пешволар чиқиши учун нималар қилишимиз кераклигини англаш каби манфаатлар бор. Аммо ҳар бир амалнинг шартлари ва одоби бўлади. Мусулмон инсон қиладиган амали шариатга ва суннатга мувофиқ эканлигига эътибор бериши лозим.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарар эдим. Энди зиёрат қилинглар, чунки у (қабр зиёрати) сизларни дунёда парҳезкор қилади ва сизга охиратни эслатади”, (Бешовларидан фақат Имом Бухорий ривоят қилмаган) деганлар. Ушбу ҳадиси шарифга кўра қабрни зиёрат қилишдан асосий мақсад ундан ибратланиш, яъни ўлимни эслаш бўлиши лозим. Улуғ авлиёлар қабрини зиёрат қилишда эса уларнинг ибратли ҳаётларини ўрганиш жиҳати ҳам бор.

Ҳўш, бу борада ҳозирги кунимиздаги аҳвол қандай?

Узоқ-узоқ йўлларни босиб, юртимизнинг турли гўшалари сари зиёратга отланаётганлар асосан нима ниятда боришяпти?

Бу саволларнинг жавоби кўпчилигимизга маълум. Аксар одамлар ишлари юришиши, турли касалликлардан шифо топиш, фарзанд кўриш истаги ва шу каби мақсадлар билан бормоқдалар. Уларнинг бу мақсадлари биз ҳар кунлик намозларимизда такрор такрор ўқийдиганимиз “Фотиҳа” сурасидаги:

 إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз (4-оят) оятига мутлақо зид. Ушбу ояти Карима ёрдам сўрашимизга лойиқ бўлган зот фақат Аллоҳ таоло эканини англатади. Асли охиратни эслаш учун бажарилиши лозим бўлган амални дунёвий мақсад билан бажарсак, бу амалимизда бизга қандай манфаат бор экан?! Аллоҳни қўйиб бандасининг қабридан ёрдам сўраш эмасми бу?!

Қолаверса, зиёратгоҳларнинг атрофи ҳам бидъату хурофотлар билан тўла. Қайси зиёратгоҳга бормайлик атрофи кўзмунчоқларнинг ҳар хил турлари билан тўлиб тошган расталарга кўзимиз тушади. Зиёратга борганларнинг деярли ҳаммаси ушбу кўзмунчоқлардан “яхши ният” билан олиб келишади. Уйларига, машиналарига осиб қўйишади ва ҳаттоки ёш фарзандларининг кийимларига ҳам қистириб қўйишади. Ахир бунда айнан ўша нарсага суяниш маъноси борку! Бизни ҳар ҳолатда муҳофаза қилувчи Аллоҳ таоло эмасми?! Бу ишлар Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг бир кўриниши эмасми?!

Бундан ташқари зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйиш борасида ҳам нотўғри тушунчалар мавжуд. Маълумки, Алллоҳнинг номидан бошқа номга атаб сўйилган жонлиқнинг гўшти ҳаромдир. Зиёратгоҳга бориб, “Фалончи отага”, “Фалон бобога” деб жонлиқ сўйиб, у жойни емакхонага айлантириш ҳолатлари ҳам кўп. Мақбара, зиёратгоҳ жонлиқ сўйиладиган жой эмас. Тўғри, сўйилган жонлиқнинг савобини кимнингдир руҳига бағишлаш шариатда бор. Аммо унинг учун сўйиладиган жонлиқни айнан ўша жойга олиб бориш шарт эмас. Мазкур жонлиқни уйда сўйиб, гўштини бирорта муҳтожга эҳсон қилиб, савобини бағишласа, эҳсон ўз ўрнига тушган бўлади. Шунча узоқ йўлларни босиб, қанча-қанча харажатлар қилиб, эвазига гуноҳкор бўлсак…

Қолаверса, биз зиёрат қилаётган улуғларимизнинг барчалари тақвога, холисликка, суннатга эргашишга чақириб, бидъат-хурофотлардан қайтарган зотлар эди. Уларни эҳтиром қилишни даъво қилсагу, қилаётган амалимиз уларнинг даъволарига мутлақо хилоф бўлса.

Аслида бу мавзуда айтиладиган гаплар кўп. Аммо муҳтарам ўқувчиларга малол келмаслиги учун қисқароқ ёзишни лозим топдик.

Ҳар бир қилаётган ишимиз суннатга мувофиқ, бидъату хурофотлардан йироқ бўлишини ва аждодларимизга муносиб авлодлар бўлишимизни Аллоҳ таоло насиб айласин!

Оҳангарон тумани “Абдуқаҳҳор Махсум” жоме масжиди
имом-хатиби Нусратуллаев Абдулбосит

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan