Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЗИЁРАТ ҲАМ ИБОДАТДИР

ЗИЁРАТ ҲАМ ИБОДАТДИР

Муносабат

Юртимиз қадимдан бетакрор зиёратгоҳлари, ажойиб маскану маъволари билан жаҳонга машҳур бўлган. Истиқлол туфайли республикамизнинг барча ҳудудларидаги қадимий обидалар, зиёратгоҳлар обод этилиб, одамларнинг севимли масканига айлантирилди.

Ана шундай файзиёб масканлардан бири Тошкент вилоятидаги Занги ота зиёратгоҳидир. Бу зиёратгоҳга ҳар куни минглаб юртдошларимиз ташриф буюриб, азиз авлиё – Занги отанинг мақабарасини, у кишининг аёли Анбар она мангу қўним топган масканни зиёрат қилишади.

Муқаддас динимизда зиёратнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Лекин, афсуски, баъзан айримлар ана шу одобларга риоя қилмай, зиёратчиларга халақит бериш ҳоллари ҳам кузатиляпти.

Яқинда, аниқроғи, шу йилнинг 28 январь куни “XXI аср” газетасининг 4-сонида “Зиёрат одоби. Бу қоидани бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган. Мақолада ҳақли равишда зиёрат асносида юртдошларимизга халал берилгани келтирилган.

Бундай ҳолатлар бошқа такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида  “Зангиота зиёратгоҳи” ёдгорлик мажмуаси нодавлат нотижорат ташкилоти директори Ў.Аллаев йилиғиш ўтказиб, мажмуада зиёрат одоблари бузилаётганини қаттиқ танқид қилган.

Йиғилиш иштирокчиларига “XXI аср” газетасининг 4-сонида “Зиёрат одоби. Бу қоидани бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” сарлавҳали танқидий мақола ўқиб эшиттирилган.

Мажмуа директори Ў.Аллаев диний ходимлар ва мажмуа ишчиларига зиёрат одоби тўғрисида гапириб, Қуръони карим оятларидан тиловат қилинаётганда халақит бермаслик, тиловатни бузадиган, дуога қўл очганлар хаёлини ўзига тортадиган хатти-харакатларга йўл қўймаслик тўғрисида гапирган. Ҳар бир ходим зиёрат одобига қатъий риоя қилиши, зиёратчилар билан хушмуомалада бўлиш зарурлиги таъкидланган.

Аслида, динимизда Қуръони карим тиловат қилинаётганда барча диққат билан тинглаши зарурлиги баён этилган. Қуръони каримда: «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!» (Аъроф сураси, 204-оят).

Ҳадиси шарифларда ҳам Каломуллоҳга катта ҳурмат кўрсатиш таъкидланган.

Хулоса шуки, ҳар бир киши зиёрат одобларига қатъий риоя қилиши зарур. Шундагина “Зангиота зиёратгоҳи” ёдгорлик мажмуасида кузатилган бундай кўнгилсиз воқеа қайта такрорланмайди, деб умид қиламиз. Зеро, зиёрат ҳам ибодатдир.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби