Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Зинога яқинлашманглар!..

Зинога яқинлашманглар!..

Аллоҳ таоло Ўзига хос ҳикмат билан барча махлуқотларини жуфт-жуфт қилиб яратди. Бу жуфтликлар ичида инсонни мукаррам қилди. Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида:

“Батаҳқиқ, Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик…”, деган (“Исро” сураси 70 оят”).

Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб, Ўз руҳидан жон пуфлаб улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Аллоҳ таоло Ўзи мукаррам  қилган бандалари ичидан пайғамбарларни танлаб олди. Пайғамбарларига илоҳий китобларни нозил қилиб, шариат ҳукумларини баён этди.

Бошқа махлуқотлар каби инсонларни ҳам, ўзидан бўлган жуфтига эҳтиёжманд қилди. Ана ўша жуфтликни покиза йўл орқали, никоҳланиб оила қуришга амр этди. Ислом дини поклик динидир ва мўмин-мусулмонлар ҳамма тарафда, ҳамма нарсада пок бўлиши керак.

Ислом динида зино харом саналади. Бу ишга олиб борувчи йўллар ҳам ҳаромдир. Шунинг учун мусулмон эркак ва муслима аёллар ҳам зинога сабаб бўлувчи нарсалардан сақланмоғи лозим бўлади. Зино инсоннинг руҳий тинчлигини йўқотадиган разолатдир. Иффатли бўлиш кишига тинчлик ва хотиржамлик бахш этади.

Зино бегона аёлга жинсий яқинлик қилиш, деб таърифланади. Бу улкан гуноҳлардан бўлиб, шундай қаттиқ жазога сабаб бўладиган оғир жиноят, тўсатдан ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ўзига хос муқаддималари бор. Аввал кўрилади-шаҳват назари тушади, шу маънода гапирилади, иккинчи томоннинг гапи эшитилади, зино жойига юриб борилади, қўл билан номаҳрам шахснинг аъзолари ушланади ва охири зино содир бўлади.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деган: “(Эй Муҳаммад,) мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир.  Мўминаларга айт: “Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар!..” (Нур сураси, 30-31-оятлар).

Ушбу ояти каримада зинога сабаб бўлувчи энг бош омил – номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилишга ва фаржларини зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда.

            Бу дегани, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки, ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни “кўз зиноси” деб атаганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Назарингизни пастга қаратинг ва фаржингизни сақланг”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадиси шарифда: “Назар шайтоннинг заҳарли ўқларидан бир ўқдир”, дедилар.

Улуғларимиздан бирлари: “Назар қалбни заҳарлаган ўқдир” деганлар.

Назар шаҳватнинг даракчиси ва элчисидир. Назарни сақлаш аслида фаржни ва шаҳват ўрнини сақлашдир. Кимки назарини бўш қўйиб юборса, у уни ҳалокатга солади. Айнан назар инсон мубтало бўладиган барча офатларнинг асосидир.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради”.

Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади.

Имом Тобарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда:

“Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади”, дейилган.

Бошқа бир ҳадиси шарифда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қайси бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушса-ю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади”, деганлар.

Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи ушбу ояти кариманинг давомида Аллоҳ эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтаргани каби, аёллар ўзларини авайлаб, шаръий кийимда юришга, кўзларини тийишга ва фаржларини сақлашга амр қилинган.

“Мўминаларга айт: “Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар!..”

Мусулмон эркаклар каби, муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ояти каримадан тушунилади. Аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ҳам ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Аёлларнинг кўзларини тийиши билан бирга фаржларини сақлашга буюрилмоқда.

“…фаржларини сақласинлар!”

Бу ибора аёлларда ҳам икки маънони ифода этади: аёллар ҳаром иш, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан сақласинлар.

Зино нақадар ёмон иш улкан, балки гуноҳ эканлиги туфайли, Аллоҳ таоло бандаларига амр қилмоқда:

Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).

Оятда “Зино қилманглар” эмас, балки “зинога яқинлашманглар”, дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб брувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зинодан қайтариб айтадилар:

“Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда 6 та зарар бор. Шундан 3 таси бу дунёда, 3 таси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагиларига келсак, улар – Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир”.

Ушбу ҳадисда зинонинг зарарларидан 6 таси маълум қилинмоқда. Шундан 3 таси бу дунёдаги зарарларидир. Зино инсонни руҳий гўзаллигини, яъни юзидаги нурини кетказади. Камбағаллик келтиради дегани бу оиладаги баракани кўтарилиши, ишлари орқага қараб кетишидир. Умрини қисқартириши– бу зино туфайли зинокорнинг ўзи ёки оила аъзолари ва фарзандлари турли бало-офатларга гирифтор бўлиб, касофати уриши, соғлиғини йўқотиши ёки умрига зомин бўлишидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади” (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: “Меърожга чиққанимда бир тоифа одамлар ёнидан ўтдим. Уларнинг ёнида тўкин дастурхон, турли нозу неъматлар муҳайё. Уларнинг хушбўй ҳиди анқиб кишини хушнуд этса, гўзаллиги кўзни қувнатади. Бироқ улар бу неъматларни тарк этиб, атрофдаги сассиқ, ачиган ўлаксаларнинг гўштини тановвул қилишмоқда. Дўстим Жаброилдан уларнинг кимлигини сўрадим. “Улар Аллоҳ ҳалол қилган никоҳларидаги жуфтларини қўйиб, ўзларига ҳаром қилинган бегона аёлларга шаҳват назари билан боққанлар, зино қилганлар, фоҳишаларнинг кўнглини овлаганлар. Бугун ўзлари ёқтирган нарсадан маҳрум қилинган. Истаса-истамаса ёқтирмаган нарсаларини ейишга мажбурдир”, – деб жавоб берди».

Юқорида зикр қилиб ўтилган ояти карима ва ҳадиси шарифлардан зино нақадар жирканч, фоҳиша иш ва ёмон йўл эканлиги маълум бўлади.

Дарҳақиқат, зино шундай амалки, азиз ва мукаррам бўлган инсонни зино туфайли ҳайвонга айлантиради. Зинокорлар хоҳишини жиловлай олмаган ҳайвондан фарқ қилмайди.

Кимнинг эри ё хотини бўла туриб фаҳшга, зинога яқинлашса, у ўта ҳаддан ошган одамдир.

Улуғларимиз зино ҳақида бундай дейишган: “Зино бир аёлнинг поклигига тааллуқли қарздир. Поклик қарзини зинокор ўзи тўлай олмайди. Балки, аёли ёки қизи ўзининг поклиги орқали бу қарзни адо қилаверади. Чунки, отанинг қарзини айнан унинг фарзандлари адо қилади”.

            Зинокорлар иложи борича ушбу ҳаром алоқа туфайли бола бўлиб қолмаслигига уринади. Мободо бола бўлиб қолса ҳам, уни туғилишидан олдин ёки кейин ўлдиради. Агар зинодан бўлган бола ҳаётга келса ҳам ҳаромдан бўлгани учун жамиятда тирик ўлик бўлиб юради.

            Шу билан бирга, зино жамиятга ҳам катта зарарлар келтиради, бора-бора уни халок қилиши мумкин. Қадимдан зинога мубтало бўлган жамият ва давлатлар ҳалокатга учраб келган.

Олмалиқ шаҳар “Рамазони шариф” жоме масжиди

имом-хатиби Ортиқов Хусниддин

[carousel-horizontal-posts-content-slider]