Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Жума тезислари / 09.02.2018 й. Оила-муқаддас даргоҳ

09.02.2018 й. Оила-муқаддас даргоҳ

Муҳтарам жамоат! Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Чунки, ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳрибон бўладилар. Бу хусусда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عَنِ الْمُغِيْرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَبَتُ اِمْرَأَةً فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: هَلْ نَظَرْتَ إِلَيْهَا؟

قُلْتُ: لَا قَالَ: فَانْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّهُ أَحْرَى أَنْ يُؤْدَمَ بَيْنَكُمَا

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: Ал-Муғира бин Шуъба р.а. айтадилар: Мен бир аёлга совчи қўйдим. Расулуллоҳ с.а.в. менга: “Уни кўрдингми?” – дедилар. Мен: Йўқ, дедим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Уни кўргин, кўриб (билиб) турмуш қуришлик ўртангизда улфат ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

قَالَ أَبُو الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ لِزَوْجَتِهِ: إِذَا غَضِبْتُ فَرَضِّنِي وَإِذَا غَضِبْتِ رَضَّيْتُكِ وَإِلَّا لَمْ نَصْطَحِبْ

яъни: Абу Дардо р.а. аёлига шундай деган: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай  олмаймиз”.

Муҳтарам биродарлар! Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган, набираларни орзу қилган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки олган келинингиз бедаво хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор. Пайғамбаримиз с.а.в. мўмин-мўминга фириб беришлиги, уни алдаши мумкин эмаслигини таъкидлаб шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه  أَنَّ رَسُولَ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:

 مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي

(رواه الإمام مسلم)

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким фириб берса, у мендан эмас”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда,

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَاِلكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ خَادِمِ رَسُولِ اللهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيْهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ

(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم)

яъни: Расулуллоҳ с.а.в.нинг ходимлари Анас бин Молик р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмини комил бўла олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.

Яна бир муҳим масала, бу – қурилган оилани бус-бутун сақлаб қолиш. Динимизда оила қуришга тарғиб этиш билан бирга, уни яхшилик билан тутишга буюрилган. Агар эр-хотин ўзаро келиша олмаган тақдирларида ислоҳ қилиш учун ҳар икки томондан ҳакамлар жалб этиш лозим бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا

 إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا

(سورة النساء /35)

яъни: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят). Зеро, эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал саналади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни фаровон, фарзандларимизни баркамол бўлмоқларини насибу рўзи айласин. Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намозни бузувчи амаллар  ҳақида суҳбатлашамиз.

Намозда озми, кўпми дунёвий сўзни сўзлаш, хоҳ ихтиёрий, хоҳ беихтиёр бўлсин, намозни бузади.

Бирор кишига янглишиб салом берса ҳам намози бузилади. Саломга алик қайтариш  ҳам  хоҳ  қасддан,  хоҳ  янглишиб бўлсин,  намозни  бузади.

Бирор нарса ейиш ёки ичиш намозни бузади.

Қибладан бошқа томонга бурилиш намозни бузади.

Намоздаги бир рукнни бажариш асносида уч марта ортиқча ҳаракат қилиш (масалан: кийимни тўғрилаш, қашиниш ва ҳоказо)  намозни бузади.

Ўзи эшитадиган даражада кулиш намозни бузади,  аммо ёнидаги эшитадиган даражада кулса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилади.

Дунёвий ташвиш туфайли “уф” тортиш,  “оҳ-воҳ” дейиш ва йиғлаш намозни бузади, аммо охиратни ўйлаб, жаннатдан умидвор бўлиб, дўзахдан қўрқиб йиғласа намози бузилмайди.

Узрсиз томоғни қириш ёки йўталиш ҳам намозни бузади (масалан: атайлаб йўталиш).

Акса   уриб “Алҳамдулиллоҳ” деган кишига “Ярҳамукаллоҳ” дейиш намозни бузади.

Бирор хабарга жавоб бериш гарчи Қуръон ўқиб бўлса ҳам намозни бузади (масалан: ”Фалончи вафот этди”, дейилса, намоз ўқиётган киши: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб жавоб берса намози бузалади).

Таяммум билан намоз ўқиётган киши сувнинг борлигини сезиши намозни бузади.

Бомдод намозини ўқиётганида қуёшнинг чиқиши намозни бузади.

“Аллоҳу акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиш намозни бузади.

Қуръонга қараб қироат қилиш намозни бузади.

Одамлардан сўраса бўладиган нарсани намозни ичида Аллоҳдан сўраб дуо қилиш намозни бузади (масалан: “эй Аллоҳ, менга кўп мол бер”).

(“Мухтасарул виқоя” ва “Нурул ийзоҳ” китобларидан)

[carousel-horizontal-posts-content-slider]