Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЖАННАТНИНГ ИККИ ЭШИГИ

ЖАННАТНИНГ ИККИ ЭШИГИ

Ёмғирли кунлар эди. Йўлда кетаётганимда кўча четида юк кўтариб олган кекса бир қарияга кўзим тушди. Унинг кийимлари шалаббо бўлган, ўзи эса юкининг оғирлигидан жуда чарчаган эди. Уни кўриб ҳаёлимга ҳар хил саволлар, ўйлар кела бошлади. Нега бу амаки ёши бир жойга бориб қолган бўлсада ҳануз хизматда? Нега оёғини узатиб, бир пиёла чойни хотиржам симириб ўтирадиган пайтида бундай аҳволда? Нима унинг хизматини қилиб, оғзидан чиққан нарсани муҳайё қиладиган нуридийдалари йўқми? Ёки улар бўла туриб, бунга имкониятлари бўлмагандир? Ёки кичиклигида эркалаб, осмонларга кўтарган, елкаларида олиб юрган ўша фарзандлар буни хоҳлашмайдими? Балки уларнинг ота-онаси билан ишлари ҳам йўқдир?

Шундай саволлар билан чуқур ўйга толиб кетар эканман, охиргилари кўпроқ ўринли эканини ҳис қилдим. Ахир ҳозир бундай бепарво, бемеҳр фарзандлар ҳам кам эмас-да. Бундай фарзандлар ўз ишлари ҳақида ўйлаб кўрмайдиларми?

Ахир бизнинг дунёга келишимиз, вояга етишимиз, комил инсон бўлиб тарбия топишимизда уларнинг ўрни ва хизматлари беқиёс-ку! Баъзи бир фарзандлар борки, гўёки улар осмондан мана шундай тарзда тушиб қолгандек, гўёки ўзининг тарбияланиб вояга етишида ота-онаси ҳеч қандай аҳамият касб этмагандек. Бундай ноўрин фикрлайдиган фарзандлар ота-онасига ҳам шундай ўринсиз муомала қилишади. Уларга қўпол гапиришади, улардан ҳол-аҳвол сўрашмайди, уларнинг ҳожатини чиқаришмайди. Бу ҳолатлар мусулмонман, деган инсон учун ачинарли ҳол эмасми?! Ахир динимизда ота-онанинг ўз ўрни ва ҳақлари бор. Аллоҳ таоло ўз Каломида ҳам буни таъкидлаб ўтган. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида шундай марҳамат қилади: “… ота-оналарга эса яхшилик қилингиз”. Бу оятдан кўришимиз мумкинки, Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни ҳар бир мусулмонга амр этган. Бу амрни қилмаган одам эса катта гуноҳ қилганини англаб етиши лозим. Бундан ташқари Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: Икковларига меҳрибонлик ила ҳокисорлик қанотингни пастлат” (“Исро” сураси 24-оят) дегани “ота-онанг яхши кўрган ҳар бир нарсадан бош тортма деганидир”.

Ота-онани ҳурмат қилиш, уларнинг ҳақларига риоя қилиш ҳар бир динда, ҳар бир элатда мавжуд. Бироқ уларга ҳар бир фарзанд ҳам амал қилавермайди. Абу Лайс Самарқандий: “Аллоҳ таоло Инжилда, Тавротда ва Қуръони Каримда барча пайғамбарларга розилигим ота-онанинг ризосида, ғазабим уларнинг ғазабидадир, деган”, дея таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, бу огоҳликка чорловчи сўзлар уммати Муҳаммадийя ҳукм олувчи асосий манба ҳадиси шарифда ҳам ўз аксини топган. Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда у киши: “Бир мўмин кишининг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди”, деганлар. Бу ҳадиси шариф биз учун хушхабар ҳамдир. Чунки бу ҳадисда ота-онамиз воситасида биз учун жаннатдан икки эшик очилиши таъкидланмоқда. Токи жаннат эшигининг воситачилари биз билан бирга, ёнгинамизда экан, келинг, бундан ўз вақтида оқилона фойдаланиб қолайлик, азизлар!

 

Хадичаи Кубро ўрта-махсус ислом билим юрти
2-курс талабаси Нуриддинова Малоҳат