Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Жаннатдан тўсувчи амал

Жаннатдан тўсувчи амал

Қалб касалликлари туркумидан

Агарчандики гавҳар порадурсан,
Яқин бил, бандаи бечорадурсан.
Кишиким, хоки раҳдур, бериёдур,
Яқин билгилки, кўзга тўтиёдур.

Мутафаккир Сўфи Оллоҳёр

Аллоҳ таоло кибрли кимсаларга – жаҳаннам эшикларидан кириб, у ердаги – турфа азоблардан тотиб кўришларини амр қилади. Бу қилган маъсиятлари, Аллоҳни инкор этганларининг муносиб жазосидир.

عَنْ حَارِثَةَ بْنِ وَهْبٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ الْجَوَّاظُ وَلاَ الْجَعْظَرِيُّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қўпол муомалали ва мутакаббир кимса жаннатга кирмайди!” (Абу Довуд ва Абу Яъло ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).

Мулла Али Қорининг “Мирқотул мафотиҳ” китобида айтилишича, кимда мана шу иккита иллат бўлса, агар мунофиқлардан бўлса, жаннатга умуман кирмайди. Бордию мусулмонлардан бўлса, ютуққа эришувчилар билан бирга жаннатга кирмайди.
“Жаннатга кирмайди”, деган огоҳлантириш қалбида имони бор банда учун жуда оғир гап. Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган инсон жаннатга кирмай қолишни тасаввурига ҳам сиғдира олмайди.

Қўрслик, қўполлик, манманлик ҳам қалб касалликларидан саналади. Мана шу иллатдан покланиш учун нафсни тийиш, кибрни ўлдириш керак. Ким жаннатга киришни истаса, нафсига эрк бермайди. Жаннатга кириш умидидаги инсон катта кетмайди, қўпол муомала қилмайди, мулойим, хокисор ва мутавозе бўлади. Бундай инсонларни Аллоҳ ҳам яхши кўради, одамлар ҳам ҳурмат-эҳтиром қилади. Қўполлик билан, кибр-манманлик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу икки иллат ила эришиладиган нарса – жаннатдан мосуво бўлиш, Аллоҳнинг ғазаби, одамлар нафрати. Кибрнинг, қўполликнинг бундан бошқа “мукофоти” йўқ.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: الْكِبْرِيَاءُ رِدَائِي وَالْعَظَمَةُ إِزَارِي فَمَنْ نَازَعَنِي وَاحِدًا مِنْهُمَا قَذَفْتُهُ فِي النَّارِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ азза ва жалла: “Кибриё Менинг ридойим, азамат изорим. Шундай экан, ким Мен билан иккисини талашса, уни жаҳаннамга ташлайман!” деган” (Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Демак, ким Аллоҳга ва махлуқотларига кибр қилса, Аллоҳ таоло уни дунёда хор-зор қилади, охиратда жаҳаннам азобида қаттиқ қийнайди. Кимда-ким Аллоҳ учун камтар бўлса, Парвардигор унинг дунёю охиратдаги мартабасини юқори кўтаради (Манба: Мулла Али Қори, “Мирқотул мафотиҳ”).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қалбида зарра миқдорича имон бўлган банда дўзахга кирмайди. Қалбида зарра миқдорича кибр бўлган банда жаннатга кирмайди” (Муслим, Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривоят қилган).

Кибр деганда, ўзини бошқалардан катта тутиш, ўзига бино қўйиш тушунилади. Кибрли, димоғдор кимса: “Мен атрофдагилардан устунман, бошқалардан кўра ҳурмат-эътиборга кўпроқ лойиқман”, деб ҳисоблайди. У буни очиқ-ойдин айтмаса-да, қилаётган ишлари, айниқса, ўзини тутишидан билиниб туради. Шуни эслатиб ўтиш жоиз, иззатталаблик, манмансираш, кеккайиш, бировларнинг ишини ерга уриш, кишиларни менсимаслик, одамларни таҳқирлаш, уларни оёқ учида кўрсатиш каби иллатлар мутакаббир кимсаларга хос бўлган асосий белгилардандир.
Жалолиддин Суютий ҳадисни “Кибрли одам муттақийлар билан биринчилар қаторида жаннатга кирмайди”, деб шарҳлаган. Шунга кўра, мутакаббир одам Ислом умматига мансуб бўлса, қиёмат куни гуноҳига яраша жазоланиб, покланганидан сўнг Аллоҳга имон келтиргани шарофатидан бошқалардан кейин жаннатга киради.

Абу Салама ибн Абдураҳмондан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос Марвада учрашиб, суҳбатлашишди. Кейин Абдуллоҳ ибн Амр кетди. Абдуллоҳ ибн Умар қолди. Ибн Умар йиғлади. Шунда бир киши: “Эй Абу Абдураҳмон, нега йиғлаяпсан?” деди. Анави (яъни, Абдуллоҳ ибн Амр) таъкидлашича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида зиғирча кибр бўлса, Аллоҳ уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга улоқтиради”, деб айтганларини эшитган экан”, деди” (Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мутакаббирлар қиёмат куни кичик қизил чумоличаларга ўхшаган кишилар суратида ҳашр қилинадилар. Уларни ҳар бир маконда хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булас” номли қамоққа ҳайдаб борилади. Уларнинг устида оловларнинг олови бўлади. Улар тийнатул хабол – дўзах аҳлининг йиринги билан суғориладилар” (Бухорий ва Термизий ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).

Аллоҳ таоло барчаларимизни мана шундай иллатлардан муборак кунларнинг шарофати ила омонда қилсин.

 Пискент тумани бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон Қудратов