Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Жаннатда қаср барпо этиладиганлар

Жаннатда қаср барпо этиладиганлар

Маълумки, мамлакатимизда намозхонларнинг ибодат қилишлари учун шарт-шароитларни яхшилаш, янги масжидлар барпо этиш, таъмиртаълабларини қайтадан янгилаш, қулайлик ва имкониятларни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар, шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжидларни қайта қурилиши белгилаб олинганди.

Бугун – 2020 йилнинг 6 март куни вилоятимиз аҳолиси, Зангиота тумани намозхонлари учун қувончли ҳодисалардан яна бири содир бўлди. Тумандаги “Абдужалилбоб” жоме масжидининг янги биносига дастлабки ғишт қўйиш маросими ўтказилди. Илк ғиштни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ҳамда эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган нуроний отахонлар табаррукона қўйиб бердилар.

Тадбирда вилоятда жами 52 нафар масжидларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари кетаётгани, бу ибодат қилувчилар учун замонавий талабларга жавоб берадиган, ҳар томонлама қулай шароитларни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, мана шундай гўзал масжидларни барпо этишда жонбозлик кўрсатаётганларга, сабот ва матонат билан хизмат қилаётганларга иншааллоҳ жаннатларда қаср қурилиши таъкидланди. Саховатпеша, эҳсонсевар, дин ва Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидларга қалбан боғланган, муҳаббатли юртдошларимизнинг хизматлари, жонкуярлиги эътироф этилди. Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, эл равнақи, юрт тараққиёти, динимиз ривожи, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилиниб, қурилиш ишларига муваффақиятлар тиланди.

ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги ахборот хизмати