Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Жаннат боғларида сайил қилайлик

Жаннат боғларида сайил қилайлик

Муборак Рамазони шариф ойининг аввалида бошланган Хатми Қуръонлар баъзи масжидларимизда ўз поёнига етмоқда. 2019 йилнинг 20 май куни Чиноз туманидаги “Қози маҳалла” масжидида ҳам Хатмона дилларни ажиб ҳисларга тўлдириб ниҳояланди.

Унга ташриф буюрган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов масжид аҳлини,барча мўмин-мусулмонларни фазилатли Рамазон ойи, Каломуллоҳнинг Хатмонаси билан муборакбод этдилар. Рамазоннинг фазли, бу ойда Аллоҳ таолонинг бандаларига улашадиган раҳмату марҳаматининг беҳисоблиги ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай дедилар: “Меҳмондорчиликка, биродарларимизнинг уйига зиёфатга борадиган бўлсак, қуруқ қўл билан боришга уяламиз, ҳижолат бўламиз. Аллоҳнинг ҳузурига қандай борамиз, Охиратга захирасиз қай ҳолда йўлиқамиз?!

Иброҳим Адҳам бир куни ҳаммомга кириб кетаётганларида, эшик олдидаги посбон: “Ҳаммомнинг ҳаққини тўлаб киринг, чиқиб кетаётганингизда тўлаган-тўламаганингизни мен қаердан биламан?” деди. Иброҳим Адҳам: “Бу дунёдаги оддийгина бир ҳаммомнинг ҳам ҳаққи бор экану, жаннатга киришнинг ҳаққи бўлмасинми?!” – деган эканлар.

Рамазон ойида ихлос билан қилинаётган ибодатлар, кечалари масжидларга келиб ўқилаётган таровеҳ намозлари, иншааллоҳ, охират учун захира, жаннатга киришимиз учун ҳақ бўлажак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз, сайил қилинг», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат боғлари нимадир?» дедим. У зот: «Масжидлар», дедилар. «Сайил нимадир, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. «Субҳаналлоҳи вал ҳамду лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», дедилар» (Термизий ривояти). Мана шундай улуғ айём кунларида, ойларнинг султони бўлмиш Рамазонда Аллоҳ таоло насиб айлаб Ўзининг байтига бизларни тўплаб, ибодат қилишимизни муяссар айлагани буюк саодат, жаннатнинг бир бўлагини ҳис қилиш имконини беради. Иншааллоҳ, бу дунёдан ўтганимизда ҳам мана шу холис ва солиҳ амалларимиз сабаб ҳақиқий жаннат боғларини сайил қилишга васила бўлади.

Албатта, тутаётган рўзамизда машаққат, чарчоқ, қийинчилик бор. Лекин бизнинг рўзамиз саҳарликдан ифторликкача, бир тўкин дастурхондан иккинчи ноз неъматларга тўла зиёфатгача бўлмоқда. Лекин дунёда шундай мусулмон биродарларимиз яшаётган диёрлар борки, улар бутун умрлари оч-наҳорликда кечмоқда. Ана ўшаларнинг аҳволини ҳис қилган ҳолда, Аллоҳ таолога шукроналар келтирмоғимиз даркор”.

Хатми Қуръон кўзларда ёш билан қилинган гўзал ва хайрли дуолар, бир-бирини муборакбод этишлар билан якунланган бўлса-да, унинг таровати, шукуҳи намозхонларнинг қалбини асло тарк этмайди, мўмин-мусулмонлар ана шу ҳис сабаб янаги Рамазондаги Хатмонани соғиниб кутажаклари, шубҳасиз.