Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / “Зангиота” да китоб сайли

“Зангиота” да китоб сайли

“Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот–ё ҳалокат, ё саодат–ё фалокат масаласидир”, деган эди ўтган асрнинг бошларида миллатнинг буюк даҳоларидан бири, педагог Абдулла Авлоний. Бугунги кун миллатнинг таълим-тарбияси ва одоб-ахлоқи хусусида мулоҳаза қилинса, юқоридаги хитобнинг нечоғли ҳақ эканига ишонч ҳосил қилади киши. Буни эса китобсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

10 февраль муборак жума куни Зангиота туманида жойлашган “Зангиота” жоме масжидида ажойиб тадбир – “Китоб сайли” бўлиб ўтди. Унда учта нашриёт ўз махсулотлари билан иштирок этди. “Янги аср авлоди”, “Мовароуннаҳр”, “Ғафур ғулом” нашриётлари диний-маърифий, адабий, ижтимоий мазмундаги адабиётлари билан китобхонлар ва зиёратчиларни ўзига жалб қилди.

Сайлда “Мовароуннаҳр” нашриётида нашр этилган Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Алишер Навоий, Бобур, Румий, Фаридуддин Аттор каби аждодларимизнинг асарлари, ҳозирги кундаги устозларимиз томонидан ёзилган долзарб мавзулардаги диний адабиётлар ҳамда тарихдан тиббиётгача, дарсликдан тортиб романгача бўлган китобларни учратиш мумкин. Абдулла Қодирий, Тоҳир Малик, Абдулла Орипов, Ғафур Ғулом, Худойберди Тўхтабоев, Ўткир Хошимов каби ёзувчиларимиз билан бирга ғарб ёзувчиларидан Александр Дюма, Федерико Гарсия Ларко каби адибларнинг асарлари шулар жумласидандир. Сайл ташкилотчилари  ёш, жажжи китобхонларимизни ҳам унутишмабди. Ёшларга оид бир қанча адабиётлар ҳам тақдим этилди.

Харидорлар нақд ва савдо терминали орқали ўзлари қидирган китобларни сотиб олдилар. Китоб сайли шундай қизидики, барчани ўзига жалб қилиб, кичкина бўлсада, бир китоб сотиб олишга ундади.

Кашфиётлар қанчалик шитоб билан ривожлансада, китобни ўрнини боса олгани йўқ. Демак, китоб доим илм зиёси саналар экан, бу каби тадбирлар мунтазам давом этади.

          

 

                                                              Тошкент вилоят вакиллиги