Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Замахшарийшунослик бўйича хорижда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида

Замахшарийшунослик бўйича хорижда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида

Маҳмуд Замахшарий (1075-1144) тилшунослик, луғатшунослик, тафсир, ҳадис, фиқҳ каби соҳаларда шуҳрат қозониб, илмда “фарид ал-аср”, яъни ўз даврининг энг пешқадам алломаси дея танилган. Мероси кенг қамровли бўлиши билан бирга чуқур мазмунга ҳамда  асрлар оша пасаймасдан, балки юксалиб бораётган аҳамиятга эгадир. Эътиборли жиҳати, алломанинг  асарларини ўрганиш ва аниқлаш устидаги тадқиқотлар ниҳоясига етгани йўқ. Балки, янги  натижаларни тақдим қилмоқда. Масалан,  1991 йилда тадқиқотчи Ҳомид ал-Хаффоф   “Имом Абулқосим Маҳмуд ибн Умар Жоруллоҳ Замахшарий таълиф этган “Кавсар сурасининг мўъжизаси” номли рисолани тақдим қилди ва мазкур рисолада  Маҳмуд Замахшарийнинг ҳали фанга номаълум бўлган асари сифатида баҳоланди[1]. Шунингдек, 1996 йилда Саудия Арабистонининг “Уммул-қуро” университетида Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Жумҳур Ғомидий томонидан ҳимоя қилинган   “Абулқосим Жоруллоҳ Маҳмуд ибн Умар Замахшарийнинг “Шарҳул-фасиҳ” асари”  докторлик диссертациясини ҳам Замахшарий меросига бағишланган муҳим тадқиқот дейиш мумкин[2]. Сабаби, мазкур илмий ишда алломанинг шу пайтгача аниқланмаган “Шарҳул-фасиҳ” асари илк бора таҳлил этилиб, илмий муоамалага киритилди. 1997 йилда Берлин  Университети профессори Сабина Шмидтке Маҳмуд Замахшарий қаламига  мансуб  “Ал-минҳаж фил-усул” (Усул борасидаги йўлланма) асарининг илк нашрини тақдим этди. Илмий-танқиди матни билан бирга  инглиз тилидаги таржимаси ҳам нашр этилган ушбу асарни, кўпгина тарихчилар унинг номидаги “усул” сўзига эътибор қаратиб,   “Усул ал-фиқҳ”, яъни фиқҳ методологиясига оид манба деб ҳисоблардилар. Аммо Штутгарт нашридан сўнг “Ал-минҳаж фил-усул”нинг   ақоид  фанига оид   экани (“Ақоидга оид йўлланма”) маълум бўлди[3].

Ҳа, замахшарийшуносликда олиб борилаётган тадқиқотлар ниҳоялангани йўқ, балки соҳанинг янги-янги қирраларини кашф этмоқда.

 

Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти 4-курс талабаси

Раҳматуллоҳ Саиджалолов

 

 

[1] Абулқосим Маҳмуд ибн Умар Жоруллоҳ Замахшарий. Кавсар сурасининг мўъжизаси, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Ҳомид ал-Хаффоф. Байрут.: Дор ал-Балоға, 1991.

[2] Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Жумҳур Ғомидий.  “Абулқосим Жоруллоҳ Маҳмуд ибн Умар Замахшарийнинг Шарҳул-фасиҳ асари” –Макка.: Жомиъа Умм ал-Қуро, 1996.

[3] Sabine Schmidtke.A Mutazilite creed of az-Zamaẖšarî = al-Minhâğ fî uṣûl ad-dîn / ed. and transl. by Deutsche Morgenländische Gesellschaft. Stuttgart.: Steiner, 1997.