Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Закотнинг шартлари

Закотнинг шартлари

Закотнинг фарз бўлиш ва тўғри бўлиш шартлари:

Закот – ҳур мусулмон бўлған оқил одамга фарз бўлишига тўрт мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган.

Закот тўғри бўлиб, закот ўрнига ўтиши учун энг муҳим шарт закот беришни ният қилишдир. Чунки ҳеч бир ибодат ниятсиз бўлмайди. Закотни адо этиш ёки уни ажратиш вақтида ният қилиш шарт қилинди. Илло, молнинг ҳаммасини садақа қилиб юборса, бундан мустасно.

Ушбу жумлаларда закотнинг фарз бўлиш шартлари ҳақида сўз бормоқда. Уларнинг ҳар бири билан бафсил танишиб чиқсак, масалани пухта тушуниб оламиз. Закотнинг фарз бўлиши учун уни берувчида лозим бўлган шартлар қуйдагилардан иборат:

“Ҳур” бўлиши – Закот берувчи қул ёки бошқага маҳбус бўлмаслигидир. Яъни, ҳур – озод одамга закот фарз бўлади. Қулнинг зиммасига закот фарз бўлмаслигида мазҳаб уламолари иттифоқ қилишган. Чунки у мулкка тўлиқ эга бўлолмайди, унинг қўлидаги нарсага хўжайини эгалик қилади.

Мукотоб (хожаси билан озод бўлиш учун тўлов тўлашга шартнома тузган қул), мудаббар (хожаси “Мен ўлгандан кейин озодсан”, деб қўйган қул) ва умму валад (хожасидан бола кўрган чўри)ларига моли бўлса ҳам, закот фарз бўлмаган, чунки уларнинг ўзлари бировнинг мулки бўлишган. Шунинг учун уларнинг мулкка эгалиги тўлиқ эмасдир.

Мазҳаб уламолари қул топган молнинг закоти ҳақида турлича баён қилишган:

Жумҳур уламолар(Ҳанафий, Шофеъий ва Ҳанбалий)нинг райига кўра: “Қулнинг молида хўжайинига закот фарз бўлади. Чунки у кулининг молига эгалик қилганлиги учун  унинг закоти  у(хожаси)нинг зиммасида бўлади”.

Моликийлар: “Қулнинг молида қулга ҳам, хожасига ҳам закот йўқдир. Чунки қулнинг эгалиги  нуқсонлидир. Закот тўлиқ мулк эгасига вожиб бўлади. Шунингдек, хўжайин қулнинг молига эгалик қиломайди”, деганлар.

“Мусулмон” бўлиши Мусулмон бўлмаган одамга закот фарз бўлмаслигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки закот покловчи ибодатдир. Мусулмон бўлмаган одамдан закот олинмаслиги закот исломий ибодат бўлгани учундир. Худди мусулмон бўлмаган одамдан намоз ўқиш ва рўза тутиш талаб қилинмаганидек, закот беришни ҳам талаб қилиб бўлмайди.

Баъзи бир кишилар: “Ислом давлати соясида яшаётган, аммо мусулмон бўлмаган одам турли имтиёзлардан, хизматлардан, қулайликлардан, ижтимоий манфаатлардан фойдаланади, ҳатто қарилик ёки ишга яроқсизлик нафақасини ҳам олади. Яна у закотдан маблағлар ҳам сарфланган нарсалардан фойдаланади-ю, нима учун закот бермай юриши керак?” дейишлари мумкин.

Бу саволга уламоларимиз шундай жавоб берадилар: “Ислом давлати соясида яшаётган ғайримусулмон одам “зиммий” деб аталиб, у “жизя” деб номланган тўлов тўлайди. Исломдаги бу тўловга ибодат маъносида эмас, ҳукумат одамлари орқали олиб бориладиган муомала сифатида қаралади”.

Зиммий Ислом давлати ҳимоясида юргани, барча ижтимоий имтиёзлардан фойдалангани, аммо ҳарбий хизматдан озод қилингани учун жизя тўлайди.

Агар “жизя”га амал қилинмаётган бўлса, давлат ундай кишиларга солиқ солиши мумкин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Бану Тағлаб номли араб қабиласига нисбатан шундай қилинган.

Мусулмон бўлмаган одамга закот фарз бўлмаслигини мазҳаб уламолари турлича баён қилишган:

Ҳанафий ва Ҳанбалийлар: “Мусулмон бўлишлик закотнинг шартларидандир. Кофир одамга закот фарз бўлмайди. У аслий кофир бўлсин ёки муртад бўлсин фарқи йўқ. Агар муртад мусулмон бўлса, муртадлик пайтидаги закотини бериш унга фарз бўлмайди”, деганлар.

Моликий: “Мусулмон бўлишлик закот фарз бўлишлигининг эмас, тўғри бўлишлигининг шартидир. Шундай экан, кофир одамга (закот) фарз бўлади. Агарчи (закот) фарз бўлса ҳам, фақатгина мусулмон бўлишлик билан тўғри (қабул) бўлади. Агар мусулмон бўлса, батаҳқиқ, мусулмон бўлиши билан (бермаган закоти) соқит бўлади. Аллоҳ таолонинг: “Илло, шундан (куфрдан) кейин тавба қилиб, (хатоларини) тузатсалар, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зотдир”(Оли Имрон сураси 89-оят) деган сўзига мувофиқ муртад билан аслий кофир орасида фарқ йўқ”, деганлар.

Шофеъийлар: “Муртад одамга фарз ҳолида тўхтаб қолган закот исломга қайтганида фарз бўлади. Агар исломга қайтса, унинг мулки қолганлиги учун унга закот фарз бўлишлиги очиқ ойдиндир. Шундай экан ўша пайтда уни беради. Агарчи, уни бир қисмини ажратиб муртад пайтида чиқарган бўлса ҳам”, деганлар.

Закотнинг тўғри бўлиши ҳақида мазҳаб уламолари турлича баён қилишган:

Уч мазҳаб (Ҳанафий, Моликий ва Ҳанбалий) иттифоқига кўра: “Ният кофирдан тўғри бўлмайди. Мусулмон бўлишлик закот фарз бўлишининг шарти бўлганидек, унинг тўғри бўлиш шарти ҳамдир. Чунки закот фақат ният билангина тўғри бўлади”.

Шофеъийлар эса: “Муртад одамдан ният тўғри бўлади.  Шунинг учун муртад одамга фарз ҳолида тўхтаб қолган закот, фарз бўлади”, дейишган.

“Болиғ ва оқил”  деганда унга нисбатан шариат ҳукмлари таклиф қилинган, яъни шариат ҳукмларини бажариши фарз бўлган шахс тушунилади. Бу ерда асосан балоғатга етганлик ва оқиллик кўзда тутилган. Шунинг учун балоғатга етмаган болаларга ва мажнунларга закот фарз бўлмайди.

Бу ҳақида мазҳаб уламолари турлича баён қилишган:

Уч мазҳаб (Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийлар) наздида: Закот фарз бўлиши учун балоғатга етган бўлишлик керак. Бас, гўдакка закот фарз бўлмайди. Оқил бўлиш ҳам лозимдир. Чунки мажнунга ҳам закот фарз бўлмайди. Лекин уларнинг ҳар бирини молида закот фарз бўлади. Уни беришлик валийсининг зиммасида бўлади”. 

Ҳанафийлар: “Гўдак ва мажнуннинг молида закот фарз бўлмайди. Уларнинг молидан валийлари закот чиқаришлиги ҳам талаб қилинмайди. Чунки закот рағбатлантирилган ибодатдир. Гўдак ва мажнун у ҳақида сўралмайдилар. Абатта, уларнинг молида нафақа-эҳсон ва садақалар фарз бўлади. Чунки улар бандаларнинг ҳақларидандир. Уларнинг молларида ушр ва садақаи фитр ҳам фарздир. Чунки уларда таъминот маъноси бор. У (ушр ва садақаи фитр)лар бандаларнинг ҳақларига киради. Ақли пастларнинг ҳукми гўдак ҳукми кабидир. Унинг молида закот фарз бўлмайди”, деганлар.

“Ал-Фиқҳу алал-Мазоҳибил-арбаъа” китоби асосида

Нуриддин Акромов тайёрлади