Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЗАКОТ – МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

ЗАКОТ – МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

Мана бу йилги муборак Рамазон ойимиз ҳам охирлаб бормоқда. Шу кунларнинг долзарб, барчани қизиқтирган мавзуларидан бири – закот масаласидир. Замонавий мусулмонларнинг ҳаёти илгариги юзйилликларда яшаганларникига нисбатан сезиларли даражада ўзгарди. XXI асрга келиб мусулмонлар глобализация, нақд пулсиз ёки виртуал ҳисоб – китоб, кўз ўнгимизда ёйилиб бораётган молиявий инқироз каби ҳодисаларга дуч келишди. Табиийки, бундай шароитларда диний кўрсатмани бажаришнинг энг мақбул йўли қандай, деган савол пайдо бўлади. Ушбу мақола орқали закот ҳақида баҳоли қудрат маълумот беришга уриниб кўрамиз.

 

Шариатга кўра закот нима?

Закот – исломнинг учинчи устуни – жамиятда адолат тамойилини ўрнатишга ундовчи ва жамият ҳаётининг жуда кўплаб жиҳатларига таъсир этувчи муҳим ижтимоий – иқтисодий ҳодисадир. У мол – мулкининг муайян қисмини эҳтиёжмандларга тўлаб бериш орқали амалга оширилади. Закотнинг фарз эканлигини инкор қилиш диндан чиқиб қолишга сабаб бўлиши мумкин.

 

Закотнинг ҳикмати нимада?

Закотга жуда кўплаб ҳикмат ва фойдалар берилган. Закот фақирликка қарши курашади, мусулмонлар ўртасидаги биродарлик муносабатларини яхшилайди, уларда сахийликни тарбиялайди, қалбни бахиллик ва хасисликдан тозалайди, моддий аҳволимизни баракотли қилади, мол – мулкни зиёда қилади ва турли кулфатлардан сақлайди.

Закотга яширинган ҳикматларнинг яна бири – бу унинг инсонлар учун синов эканлигидир. Бойлик ҳам, камбағаллик ҳам – Аллоҳнинг қисматидир, шунинг учун бойликни қадр – қиммат, камбағалликни эса – камситилиш деб тушунмаслик лозим. Тенгсизлик Аллоҳ таолонинг тақдирига мувофиқ содир бўлади. Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади: “(Эй, Муҳаммад) Раббингизнинг раҳмати (пайғамбарлик)ни улар тақсимлайдиларми? Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўртасида Биз тақсимлаганмиз ва бир – бирларини бўйинсундириш (ишлатиш)лари учун баъзиларини баъзиларидан даражаларини кўтариб қўйганмиз. Раббингизнинг раҳмати эса улар тўплайдиган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Зухруф сураси 32-оят)

Мусулмонларга жамиятда адолат ва мутаносибликни таъминлаш мақсадида закот бериш фарз қилинган. Закот – бу муҳтожга берилиши керак бўлган мажбурий энг кам миқдордир. Закот – бу мулкдорларнинг йўқсиллардан қарзидир. Қуръонда “закот” сўзи “намоз” сўзи сингари 27 марта тилга олинади. Бу унинг нақадар аҳамиятли эканлигидан далолат беради. Намоз – қалб ва тана билан ибодат қилиш бўлса, закот – Яратганга ўз мол – мулки билан итоат қилишдир.

Аллоҳнинг марҳаматидан умид қилган ва аҳлоқ – одобнинг юқори чўққиларини эгалламоқчи бўлган ҳар бир мусулмон, ўзига берилган неъматларни муҳтожлар билан бўлишишни билиши лозим. У ўзгаларга фойда келтириб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришишга ҳаракат қилмоғи керак. Закот бериш – бу миннатдорлик ва шукроналикни изҳор қилишдирки, бунинг учун Аллоҳ Ўз неъматларини янада зиёда қилади. Қуръонда Иброҳим сурасида: “… Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”, – дейилади.

Тарихдан маълумки, тўрт адолатли ҳалифадан кейин энг яхши ҳалифа саналган Умар ибн Абдулазиз ҳукмронлиги даврида ҳар бир бадавлат инсон закотини ўз ўрнида тўлаган ва улар шундай вазиятга дуч келишадики, ночорлар қолмаган ва ёрдам беришга муҳтожлар йўқ эди. Агар бугунги кунимизда ҳам барча мусулмонлар закотини жойига қўйиб тўласа, Ер юзида эҳтиёжмандлар қолмаса ҳам керак!

 

Закот тўламаганларнинг ҳоли қандай бўлади?

Закот – муҳтожларнинг ҳаққидир. Шунинг учун, бу дунёда тўланмаган закотни Аллоҳ таоло охиратда уларга қайтаришга мажбур этади. Аллоҳ таоло айтади: “Олтин ва кумушни тўплайдиган ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилмайдиганларга аламли азоб башоратини бергин. Улар жаҳаннам оташи ила қиздирилган ҳолда пешоналри ва ёнбошларига ва орқаларига босилади. “Мана шу тўпланган нарсаларингиз! Бас, ўзингиз тўплаган нарсангизни татиб кўринг!” дейилади” (Тавба сураси 34-35-оят).  Агарда инсон вафот этса, ўз вақтида тўла олмаган бўлса, биринчи навбатда ундан қолган мол – мулкдан закот бериш лозим бўлади.

 

Закот тўлаш шартлари

Закот тўлашнинг шартларидан бири – бу закот тўлаш мажбурий бўлган, йил давомида муайян миқдорда тўпланган маблағнинг мавжудлиги. Бу миқдор “нисоб” дейилади ва 85 грамм олтин қийматига тенглаштирилади. Агар инсон нисоб миқдорига ва ундан ҳам кўпроққа эга бўлса, эга бўлганига бир йил муддат ўтган бўлса, у эга бўлган жамғармасининг 2,5 %ни закот қилиб беради.

 

Қайси мол – мулкдан закот берилади?

Закот олтин ва кумушдан; уй ҳайвонлари: туя, қорамол, қўйдан; тижорат молларидан; мевалар: хурмо ва узумдан; дон маҳсулотлари: буғдой, арпа, сули, шоли, маккажўхори, дуккаклилар ва бошқалардан; ер ости бойликларидан; топиб олинган ҳазинадандан тўланади.

 

Закот кимларга берилади?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда закот олишга ҳақдорлар ҳақида марҳамат қилиб, шундай дейди: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошно қилинувчилар, (ҳақ тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз этилди. Аллоҳ илмли ва ҳикматли (зот)дир” (Тавба сураси 60-оят).

 

Қариндошларга закот берса бўладими?

Закот қуйидаги қариндошларга берилмайди: ота – она, аёли, фарзандлари, неваралари, бобо ва бувилари. Чунки уларга ғамхўрлик қилиш, уларни таъминлаш – мусулмоннинг бурчидир. Камбағал ва муҳтож ака – ука, опа – сингил, амаки, тоға, амма, хола ёки бошқа қариндошларга закот бериш мумкин. Уларга закот бериш бир вақтнинг ўзида ҳам саховат, ҳам оилавий ришталарни мустаҳкамлашдир, зеро Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мискинга қилинган садақа садақа, холос. Қариндошга қилинган садақа эса, ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир” (Имом Насаий, Термизий).
Закотни ошкора берган маъқулми ёки махфий?

 

Инсонга закот бериш орқали кимгадир ёрдам бераётганини айтиш мушкул бўлади. Закот берилаётганларнинг кўнглига озор бериб қўймаслик мақсадида уни махфий берган маъқул, лекин ошкора берилса ҳам, зиёни йўқ. Муқаддас Қуръонда бундай дейилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси 271-оят).

 

Рамазондаги закот

Аксар мусулмонлар Рамазон ойида закот беришликни мақбул кўришади, чунки бу ойда қилинган эзгу амалллар учун ажру – савоблар бир неча баробарга кўпайтирилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: (Аллоҳ таоло айтади:) “(Бандам) таоми, ичимлиги ва шаҳватини Мени деб тарк қилади. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман. Бир яхшиликка унинг ўн баробари бор” (Бухорий).

Аллоҳим бизларни Ўзингнинг розилиги учун ибодат қилувчилардан қилгин, қалбларимизга хайр- саховат уруғларини сепкин!

 

Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов