Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ЮКСАК ЭҲТИРОМ

ЮКСАК ЭҲТИРОМ

Маълумки, Республикамизда 9 Май – Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган. Бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун ўз жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, уларга эҳтиром кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Ана шу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда ғалабага ўз ҳиссасини қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, куч-қувватини аямаган ҳар бир фахрий, ҳар бир киши хотираси абадийлаштирилиши, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши белгилаб қўйилди.
Ана шу қарорнинг ижросини таъминлаш ва Иккинчи жаҳон урушида жонбозлик кўрсатган нуронийларимизнинг холидан хабар олиш мақсадида, бугун – 2018 йилнинг 29 апрель куни “Қодирхон махсум” жоме масжиди имом-хатиби Азимжон домла Алимжонов бошчилигидаги бир гуруҳ масжид вакиллари Бўка тумани Ачамайли файзбарака МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи 1924 йилда туғилган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси – ЧИНТОШЕВ ТУРҒУНБОЙ ота зиёратига бордилар. Уларга масжид номидан гилам туҳфа қилинди.
ТУРҒУНБОЙ ота билан дилдан суҳбат қурилди. Улар ҳаётларида ўчмас из қолдирган тарихий воқеалар ҳақида сўзлаб бердилар. 1942 йилдан 1947 йилгача урушда иштирок этиб, Украинадан Берлингача борганлари, ғалаба туйғусини ҳис қилганлари, сўнгра Япониядаги урушларда катнашганларини ўзгача энтикиш билан хотирладилар.
Ҳозирги доруломон кунлар, тинчлик замонда яшаш бахтига мушарраф бўлганларидан ниҳоятда хурсандликлари, кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромдан жуда мамнун эканликларини, хусусан, ўтган йили шахсан Юртбошимизнинг ўзлари меҳмон қилганлари, бағирларига босиб, қутлаганлари, раҳбарлар томонидан Ҳажга бориш таклиф қилинганлиги, бу йил эса Тошкент вилояти раҳбарлари томонидан Президент пул мукофоти топширилгани билан бирга, ўзлари хизмат қилган давлатларга саёҳат қилиш таклиф этилганини таъкидладилар.
“94 йил яшаб ҳеч қачон бунчалар хурсанд бўлмаган эдим. Бундай эҳтиромдан бениҳоя мамнунман”, – дейди ТУРҒУНБОЙ ота.
Отахон кўзларида ёш билан Президентимиз, тинч ва осойишта Ўзбекистонимиз ҳаққига дуо қилдилар.