Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ёшлар маънавиятини асрайлик

Ёшлар маънавиятини асрайлик

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда”.

Дарҳақиқат, фарзандларнинг нотўғри йўлга кириб қолишлари ҳар бир кишини хавотирга солади. Бундай таҳликали ҳолатда ҳар бир инсон аввало ўзини назорат қилиши, қолаверса, ўзи масъул ҳисобланган укаларию фарзандларини огоҳ этиши, тўғри йўлдан оғиш кузатилганда унга ёрдам қўлини узатиши лозим. Болаларнинг тарбиясида ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада хушёрлик ва огоҳликни янада оширишлари муҳим аҳамиятга эгадир.

Абдурауф Фитрат шундай деб айтган экан: “Болалар ахлоқий тарбияни муҳитдан оладилар, бошқача қилиб айтганда, болалар сувга ўхшайдилар, сув идишнинг шаклини олганидек, болалар ҳам муҳитнинг одат, ахлоқини қабул қиладилар”. Чиндан ҳам, болаларнинг маънавиятига таъсир қилувчи асосий омил бу – ташқи муҳитдир. Оиладаги тарбиядан сўнг мактаб, ва ўқув даргоҳлари, дўсту яқинлари унга ўз таъсирини ўтказади. Бола ҳам кўрган билганларини такрорлай бошлайди. Болалигидан етарлича эътибор ва тарбия берилмаган болалар эса ўсмирликда ва ундан кейин ташқи омилларга таъсирчан бўлиб боради. Ана шундай, иродаси суст ва матонати кам бўлган ёшларнинг борлиги эса террористик ташкилотлар учун қўл келади. Абдулла Орипов айтганидек: “Болалар – ҳимоясиз гуллардир. Уларни совуқ ҳам, иссиқ ҳам зада қилиши мумкин”.

Ёшларнинг маънавиятига уюштирилаётган ҳужумларнинг оқибати яхшиликка олиб бормаслиги тайин. Халқимизда “Касални даволагандан кўра олдини олган яхшироқ”, деган ҳикматли сўзлар бежиз эмас. Худди шундай, ёшлар маънавиятига ёт ғоялар таъсир кўрсатмасидан муаммонинг олдини олиш яхшироқдир. Бунинг учун нималарга аҳамият қаратиш зарур? Аввало, таълим жараёнига қизиқтириш муҳим аҳамиятга эга. Ўқув даргоҳида таълим олаётган ёшларнинг онги фақат илм олиш билан машғул бўлмоғи керак.

Қолаверса, ўсиб келаётган ўғил-қизлар бекор бўлиб қолмасликлари керак. Ҳамиша ўқиш билан бирга фойдали машғулотлар билан ҳам шуғулланиб туришлари лозим.

Эркин Воҳидов айтганидек: “Болаларнинг туйғусини чегаралаб бўлмайди. Унинг тасаввур оламини гўзалликлар билан безамоқ лозим. Келажакнинг даҳолари – болалар орасида”.

Бу борада Юсуф хос Ҳожиб ҳам айтган экан: “Ўғил-қизга санъат-ҳунар ва билим ўргатиш керак, токи бу фазилатлар туфайли уларнинг феъл-атворлари ва йўриқлари матлуб бўлсин”.

Илм эгаллаш ва ҳунар ўрганиш жараёнида эса албатта огоҳ бўлиш муҳим. Бинобарин, аниқ бўлмаган маълумотлар, шубҳали ахборотлар ёшлар онги учун заҳарли маълумотлар бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсаларга эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил  – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур). (Исро сураси, 36-ояти)

Демак, бугунги кун учун зарур илмларни ҳамда фойдали маърифатни ўрганиш барча ёшлар учун муҳим вазифадир. Буюк муҳаддис аждодимиз Имом Бухорий: “Нажот фақат илмдадур”, деб бежиз айтмаган.

                                     “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Шарипов Ғуломжон

[carousel-horizontal-posts-content-slider]