Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЁН ҚЎШНИ – ЖОН ҚЎШНИ

ЁН ҚЎШНИ – ЖОН ҚЎШНИ

Қуръони каримда башарият манфаатига хизмат қилувчи ҳар бир нарса, шу жумладан, қўшничилик муносабатлаари ҳам батафсил баён этилган.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятда: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди», деб марҳамат қилган.

Ояти каримада Аллоҳ таоло барчамизни инсонларга яхшилик қилишга буюрмоқда. Яхшиликка қилишга энг муносиб инсонлар тўққиз тоифадир: ота-она, қавм-қариндош, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни, бегона қўшни, ҳамроҳ, мусофир, қўл остимиздагилар.

Ушбу инсонларга яхшилик қилишга доимо шошилишимиз керак. Одамларга яхшилик қилишни эплай олмасак, ҳеч қурса, ёмонлик қилмаслигимиз шарт.

Инсон якка ҳолда яшай олмайди. Ҳайвонлар саҳрода, сувда ёки самода ёлғиз яшай олиши мумкин. Бироқ инсон ундай эмас. Одамлар оила бўлиб, маҳалла, қишлоқ, овул бўлиб, шаҳар, мамлакат бўлиб яшайди.

Инсон ҳамма жойда: уйда, ишда, далада ҳатто сафарда ҳам қўшнига муҳтож бўлади. Яхши қўшнилар кўп. Яхши қўшнилар билан ёнма-ён яшаш яхши. Аммо ёмон қўшнилар ҳам йўқ эмас. Ёмон қўшнилар бир-бири билан талашиб-тортишиб, тинмай уришиб яшайдилар-у, вақти-соати келиб вафот этгач, қабрда ёнма-ён, тинч-тотув яшайди.

Талашган, тортишган нарсалари нарсалари бу дунёда қолиб кетади. Ғофил банда умр қисқалигини, тириклик ғаниматлигини, охират ҳақ эканини унутиб қўяди.

Ҳар бир инсон қўни-қўшниси билан аҳил, тотув бўлиши керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига азият бермасин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлиш, унга яхшилик қилиш вожиб. Маълумки, вожиб – бу фарзга яқин амал. Қўшнига ёмонлик, зулм, хиёнат, тажовуз қилиш катта гуноҳ.

Биз баъзан қўни-қўшнилар арзимас сабаблар, турли баҳоналар билан юзкўрмас бўлиб кетганини эшитамиз, ҳатто гувоҳи ҳам бўламиз. Бир-бири билан борди-келди қилмай қўйишади. Аслида, одам кечиримли бўлиши керак. Игнадай нарса туядай бўлиб кетиши керак эмас.

Қўни-қўшнига яхшилик қилишнинг катта-кичиги бўлмайди. Яримта мева, яримта нон, ярим коса овқат, ширин сўз, табассум ҳам яхшиликка киради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Шўрва қилсанг, сувини кўп қил. Сўнгра қўни-қўшниларнинг аҳли байтига назар сол. Эҳтиёжларига қараб ундан уларга ҳам улаш” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Азизлар, биз қўни-қўшничилик бобида қуйидагиларга буюрилганмиз: тез-тез кўришиб туриш; ҳар кўрганда, салом бериш; ҳолидан хабар олиш; оиласида хурсандчилик бўлса, муборакбод этиш; тушкунлик бўлса, далда бериш; қийналиб қолса, моддий ва маънавий ёрдам бериш; касал бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасида қатнашиш.

Аллоҳ таоло юртимизни, тинч, ҳаётимизни фаровон, яхшиликларимизни бепоён, ибодатларимизни бенуқсон айласин!

Нуриддин ҲОШИМОВ,

Янгийўл тумани Гулбаҳор шаҳарчаси

“Гулбаҳор” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan