Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Ёд этинг

Қуръони каримда сабр Пайғамбар ва элчиларнинг сифати экани ҳам зикр қилинади. Аллоҳ таъоло хабар бериб айтадики: “Исмоил, Идрис ва Зул-кифилни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир” (Анбиё сураси 85-оят).

Бошингизга ташвиш тушганида, ҳаётнинг икр-чикирлари сизни домига тортганда, инсонларни нодонлик ва жаҳолат ботқоғидан имону ҳидоят нурига олиб чиқиш йўлида Тоиф шаҳрига борган, аммо у ерда қабул қилинмай тошлар бўрони остида ковушлари қонга тўлиб қайтган, она юрти Макка эшиклари ҳам унга ёпилган Зотни эсланг.

У инсон сизу бизга сабру-қаноатда энг яхши намунадир.

Арзимаган муваффақиятларингиз олдида мағрурланиб, мақтовлар эшитишни истаб қолганингизда, “Маддоҳларни юзига тупроқ сочинглар”, деган раҳнамонинг камтарлигини ёд этинг.

Ҳақиқат қидириб, йўлда ёлғизлигингиздан шикоят қилганингизда, гўдаклигидаёқ етимликнинг аччиқ азобини тотган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам чидамидан ибрат олинг.

Тансиқ таомларнинг хушбўйларидан бошингиз айланганида, биргина хурмо билан рўза тутган Пайғамбарингизни ҳам бир эслаб қўйинг. Шунда бу ўткинчи дунёнинг қийматини, ўзингизга берилган умрнинг қадрини англаб борасиз.

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби Х.Холбоев