Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ё МУВАФФАҚИЯТ ЁКИ …

Ё МУВАФФАҚИЯТ ЁКИ …

Саноқли онлардан сўнг икки дунё саодатига эшик очувчи беқиёс фурсатлар ойи бўстонининг очилиш они бошланади. Ҳа, бу муборак Рамазон ойининг илк нафаслари.

Бу ой – ер юзидан жаҳолат зулматларини аритиб, бутун оламга ҳидоят зиёсини сочган, ҳатто тиловати ҳам ибодат, деб баҳоланган Қуръони карим дунё осмонига жумлатан нозил қилинган кечаси бор ой!

Бу ой – минг ойдан ҳам файзли ва қадрлироқ бўлган ўша кечани ўз бағрига яширган ой!

Бу ой – бир нафл ибодат ўзининг мислидаги фарз ибодат ажри – умра ҳаж ажри билан, бир фарз ибодат эса ўзининг мислидаги етмиш фарз ибодат ажри билан тақдирланиладиган ой!

Бу ой – бамисоли деҳқоннинг шўр ва тахир пешона тери зилол сувдан ҳам қадрли бўлгани каби рўзадорнинг очлик таъсирида оғзидан чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳиди Аллоҳ таолонинг наздида мушки анбар бўйидан ҳам хушроқ ҳисобланадиган ой!

Бу ой – марҳамат кўрсатиб, энг марҳаматли бўлган Зотнинг марҳаматига эришиладиган ой!

Бу ой – кечирим сўрасин ёки йўқ, ўзгаларни кечириш орқали кечиримни жуда ҳам яхши кўрувчи мағфиратли Зотнинг мағфиратига мушарраф бўлинадиган ой!

Бу ой – закоту эҳсонлар қилиб, дунё ва охиратда турли офатлардан ҳимоя учун қўрғон қуриш ҳамда жаҳаннамдан қутилиш мумкин ва муқаррар бўлган ой!

Бу ой – тунларидаги ибодатлари бошқа ойларнинг тунларидаги ибодатлардан кўплиги, ажри ва албатта завқи билан фарқланадиган ой!

Бу ой – Қиёмат куни ўз аҳлини шафоатини сўраб келувчи ва унинг шафоати рад этилмайдиган шафоатчи – риёдан йироқ бўлган рўза ибодатини адо этиш ва унинг мукофотларига муваффақ бўлиш имкони бўлган ой!

Бу ой – Қиёмат куни ўз аҳлини шафот қилиб келувни ва унинг шафоати рад этилмайдиган яна бир шафоатчи – Қуръони каримни тўлиқ тинглаш ва ўқиш имкони бўлган ой!

Бу ой – муҳташам саройлар, кошоналар ва тўйхоналардаги базму жамшидлар унутилиб, бевалар, отасидан эрта айрилган етимлар, онадан эрта жудо бўлган гўдаклар, мискинлар, боқувчисини йўқотган кексалар, хасталар мисол бошларига оғир синовлар тушган инсонларнинг хонадонларида, шунингдек, “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйларида ўз яқинларининг дийдорини соғиниб яшаётган инсонлар даврасида дастурхонлар ёзиладиган, уларга чой, нон ва ошлар тарқатиладиган, улар билан бир дастурхон атрофида ўтириб, самимий суҳбатлар қуриладиган, ўз навбатида муаммоларининг ечими ҳал этиладиган, жумладан ўчган ёки ўчмоқчи бўлган чироқ, сув ва газларининг давомийлиги таъминланадиган ой!

Бу ой – ота-оналар, бобо-момолар, амма-холалар, амаки-тоғалар, ака-укалар, опа-сингиллар, рафиқу рафиқалар ва фарзандлар мисол қариндошлар ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланадиган, мавжуд тушунмовчиликларга чек қўйиладиган ой!

Бу ой – ўзидаги мана шундай гўзал ва хайрли амаллар, инсоний тотли муносабатлар учун мукофоти фақатгина ЖАННАТ бўлган ой!

… Ўз навбатида бу ой – ҳар нафасини шунча имкониятлар дарёси лаби бағрида ўтказиб, уни ҳис этмаган, ҳурмат қилмаган ва қадрламан инсоннинг ҳолига вой, зарарига ҳужжат бўладиган ой!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Тошкент вилоят бош имом-хатиби Х.Турматов.